-§. Вазирликнинг давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик тартиби
3-§. Вазирликнинг давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик тартиби 37. Вазирлик, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик жараёнида:
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятини ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича мувофиқлаштиради;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларни ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиши ва киритилишида қатнашади;
фаолият йўналишларидан келиб чиқиб номутаносибликларни бартараф этишда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорлик қилади.
38. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилади.
4-§. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари 39. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича) ҳамда фаолиятнинг асосий йўналишларида мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари таркибидан иборат ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан Вазир тақдимномаси бўйича тасдиқланади.
Ҳайъат қуйидагилар боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:
Вазирликнинг мазкур Низом билан белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аниқ вазифалари ва топшириқлари сифатли бажарилишини ташкил этиш;
Вазирлик ва давлат бошқарувининг бошқа органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишни таъминлаш;
қўшимча чоралар қабул қилиш ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритиш асосида инвестиция ва ташқи савдо фаолияти соҳасида амалга оширилаётган топшириқлар натижадорлигини баҳолаш;
Вазирликнинг марказий аппарати номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
Ҳайъат, шунингдек, Вазирлик ваколатига тегишли бошқа масалаларни ҳам муҳокама этиш ҳуқуқига эга.
Вазирлик ҳайъати йиғилишига зарур ҳолларда, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар, Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, давлат улуши устун бўлган тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари (ўринбосарлари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ходимлари таклиф этилади.
Ҳайъат, агар унинг йиғилишида аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли деб ҳисобланади. Қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари ва ҳайъат баённомалари билан амалга оширилади. Ҳайъат раиси ва аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, вазир юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъати тасдиқлайдиган регламентда белгиланади.
40. Вазирлик ҳузурида вазирнинг тегишли биринчи ўринбосари (кенгаш раиси), Вазирликнинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирувчи алоҳида таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва бизнес-уюшмалар вакилларидан иборат таркибда Жамоавий маслаҳат кенгаши тузилади.
Жамоавий маслаҳат кенгаши аъзоларининг сони, шахсий таркиби ва унинг низоми вазир буйруғи билан тасдиқланади.
Жамоавий маслаҳат кенгаши йиғилишида қабул қилинган қарор асосида кенгаш раисига унинг шахсий таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
Қуйидагилар Жамоавий маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бозор усуллари ва бошқарув механизмларини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
хусусий мулк ва тадбиркорликни янада ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли ҳамда республикада тадбиркорлик, инвестиция ва савдо муҳитини яхшилаш бўйича масалаларни муҳокама қилиш;
тадбиркорлик фаолиятининг тез суръатларда ривожланишига, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқий механизмларини ва кафолатларини янада мустаҳкамлашга, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ва уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишни камайтиришга, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш механизмларини танқидий кўриб чиқиш;
ишлаб чиқиладиган ва Вазирликка кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш орқали қонунчилик базасини такомиллаштиришда иштирок этиш.