7-боб. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш 1-§. Вазирлик раҳбарияти 34. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллагандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.
Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар биринчи ўринбосар ва олти нафар ўринбосарга эга.
35. Қуйидагилар:
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директорлари вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази директорларининг ўринбосарлари вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, унинг ўринбосари вазир билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
туман (шаҳар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари бошлиқлари тақдимномасига биноан вазир билан келишилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
2-§. Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг унинг ҳудудий бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби 36. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан қуйидаги масалаларда яқин ҳамкорлик қилади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлик раҳбарияти топшириқларининг ҳамда Олий Мажлиси депутатлари сўровларининг ўз вақтида бажарилишини, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;
ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ва прогнозларини тармоқларни ривожлантириш дастурлари билан биргаликда ишлаб чиқишда давлат бошқаруви органлари бўлинмалари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигини таъминлаш;
ҳудудларнинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш йўналишидаги ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича Вазирлик ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
инвестициявий ва ташқи савдо бўйича ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасидаги тадбирлар ва инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини, асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ўзгаришини тизимли мониторингини олиб бориш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига тўсқинлик қиладиган тизимли муаммоли масалаларни аниқлаш ва ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқиш ва виза олиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрганиш ва экспертизадан ўтказиш ҳамда улар бўйича хулосалар тайёрлаш;
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш.