3-§.Доимий рента
Доимий рентани олувчи сифатида ёши, соғлиғи, меҳнатга лаёқатлилигидан қатъий назар ҳар қандай фуқаро қатнашиши мумкин.
Доимий рентани олувчи сифатида башарти, қонунга зид келмаса ва уларнинг фаолият мақсадига мос бўлса, нотижорат ташкилотлар ҳам иштирок этишлари мумкин. ФКнинг 40–моддасига кўра, фойда олишни асосий мақсад қилиб олмаган ташкилот нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Улар жамоат бирлашмаси, жамоат фонди ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги” қонуннинг 2–моддасига кўра, Нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, ҳайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади.
Нотижорат ташкилотларнинг аниқ мақсадлари уларнинг таъсис ҳужжатларида ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига мос равишда белгиланади (ФК 43, 73-78–моддалари). Демак, рента уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсад ва вазифаларга қаратилмоғи лозим.
Қонунда доимий рента олувчилар сони чекланмаган, яъни улар бир нечта бўлишлари мумкин.
Доимий рента бирон бир муддат билан белгиланмаганлиги боис, уни олиш бошқа фуқаро ва нотижорат ташкилотларга ўтиши мумкин. Жумладан, рента олиш ҳуқуқи талабдан воз кечиш йўли билан топширилиши (ФК 23 боби) ва ворислик бўйича (ФК 66-69-боби) ёки юридик шахслар қайта ташкил қилинганда (ФК 49-52–моддалари) бошқа шахсларга ўтиши мумкин. Қонун ёки шартномада доимий рентани олувчининг ҳуқуқлари бошқа шахсларга бериш таъқиқланиши мумкин ва бундай ҳолларда ушбу ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказишга йўл қўйилмайди.
Доимий рента учун тўлов сифатида пул маблағлари тўланишибелгиланади. Бунда қонун қандай мулк берилаётганига қараб рента тўловларининг энг юқори миқдорини аниқлаб беради. Чунончи, агар кўчмас ёки кўчар мулк (пул суммаси бундан мустасно) топширилса, доимий рента учун тўланадиган ҳақнинг миқдори рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкка ўхшаш мол-мулкни ижарага беришда қўлланиладиган мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг ўртача ставкасидан ортиқча бўлмаслиги лозим. Агар доимий рента тўлаш шарти билан пул суммаси топширилса ФКнинг 327–моддасида назарда тутилган банк фоизининг тегишли даражада жорий этилган ставкаси доирасида бўлиши лозим.
Доимий рентада икки хил тўлов мавжуд бўлади. Яъни, мулк ҳуқуқини ўтказиш қиймати ва рента тўловлари. Бундан ташқари, доимий рента текинга берилиши ҳам мумкин.
Доимий рента шартномаси тарафлари рента тўлашда пул маблағлари тўлашдан бошқача шаклни танлашлари ҳам мумкин. Жумладан, ашёлар бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатишни киритиш мумкин. Бироқ, бундай ҳолларда шартномада доимий рентанинг пулдаги қиймати аниқланиши лозим. Доимий рентада аралаш тарзда ҳақ тўлаш, яъни пул шаклида ҳам, натура шаклида тўлаш ҳам тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Қонунда доимий рентанинг энг кам миқдори белгиланмаган. Бироқ, рента тўловлари миқдори мутаносиб равишда мол-мулкдан фойдаланиш ҳақининг тегишли ставкаси ёки банк фоизи ставкаси ўзгаришига қараб ўзгаради. Ушбу қоида диспозитив ҳисобланади ва тарафлар доимий рента шартномаси бўйича тўланадиган рента тўловларини қайта ҳисоблаш тартибини мустақил белгилашлари ёки қайта ҳисоблашдан воз кечишлари ҳам мумкин.
Қонунда доимий рента тўлаш муддатига доир диспозитив норма белгиланган. Қоидага кўра, доимий рента ҳар бир календарь чораги тугаши билан, яъни кейинги чорак бошлангунига қадар тўланади. Тарафлар келишувига мувофиқ доимий рента шартномасида бошқача даврлар, масалан ҳар бир ой ёки йилнинг тугаши билан тўлов тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Доимий рента шартномаси муддатсиз ҳисобланса ҳам, қонунда тўловчининг доимий рентани сотиб олиш билан рента тўлаш мажбурияти тугатилиши мумкинлигини назарда тутади. Бунда сотиб олиш рента тўловчининг ташаббуси билан ҳам, рента олувчининг ташаббуси билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Қонунда доимий рента тўловчи томонидан доимий рентани сотиб олиш ташаббусини кўрсатиши учун муайян ҳолат юз беришини талаб қилмайди. Бу масала фақат доимий рента тўловчининг ўзи томонидан ҳал қилинади.
Рента тўловчининг доимий рентани сотиб олишга бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бир қатор шартларга риоя қилиш асосида қўлланилади. Биринчидан, у рента олувчига ёзма равишда келгусида рента тўлашдан воз кечишини билдириши лозим. Иккинчидан, келгусида рента тўлашдан воз кечиш тўғрисидаги ариза рента тўлашни тўхтатишидан камида уч ой берилиши керак. Доимий рента шартномасида бундай воз кечиш ҳақида ариза беришнинг узоқроқ муддати ҳам белгиланиши мумкин. Учинчидан, доимий рента тўловчи рента олувчига доимий рента қийматига тенг келадиган миқдордаги ҳақни бир йўла ёки шартномада кўрсатилган бошқа усулда тўлиқ тўлаши шарт.
Қонун доимий рента шартномаси матнига доимий рента тўловчининг рентани сотиб олиш ҳуқуқидан воз кечиши ҳақидаги шартларни киритилишини таъқиқлайди. Бундай шартларнинг киритилиши шартноманинг ўз ўзидан ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.
Тарафлар доимий рента шартномасини тузишда доимий рентани сотиб олиш ҳуқуқи рента олувчи ҳаётлигида қўлланмаслигини келишиб олишлари мумкин. Шунингдек, улар шартнома тузилган пайтдан бошлаб ўттиз йилдан ошмайдиган муддат мобайнида уни амалга ошириб бўлмаслигини белгилашлари ҳам мумкин.
ФКнинг 521–моддасидан фарқли равишда доимий рента олувчининг ташаббуси билан доимий рентани сотиб олишни талаб қилиш учун асос бўлувчи муайян ҳолатлар бўлиши зарур.
Ушбу моддада кўрсатилган ҳолатлар санаб ўтилади ва улар доимий рента тўловчининг шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бузиши ёки доимий рента олувчи манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ.
Рента олувчининг талабига кўра доимий рентани сотиб олиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагича бўлиши мумкин:
а) доимий рента тўловчи томонидан тўлов тўлаш муддатининг кечиктириб юбориши. Агар доимий рента шартномасида бошқача муддат белгиланган бўлмаса, рента тўловчи уни тўлаш муддатини бир йилдан ортиқ кечиктириб юбориши тўловни кечиктириш ҳисобланади. Тўлаш муддатини кечиктириб юбориш доимий рента шартномаси бўйича тўловчи томонидан шартномани бузилиши ҳисобланади ва бу ҳолат рента олувчининг зарар кўриши ёки бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бунда тўлов муддатининг ўтказиб юборилиш оқибатлари аҳамиятга эга эмас, чунки рента олувчи томонидан талаб қўйиш учун тўлов муддатининг кечиктириш фактининг ўзи кифоя қилади;
б) рента тўловчи рентани тўлашни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бузиши. Бундай ҳолатда доимий рента олувчи шартномани бекор қилиши ва унинг оқибатида ўзига етказилган зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақли;
в) рента тўловчини тўловга қодир эмас деб топиш. Тўловга қобилиятсиз деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Қонун доимий рента тўловчини тўловга қобилиятсиз деб топишни у рентани шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўламаслигини кўрсатадиган бошқа вазиятлар (масалан, кредиторлар талабларининг хаддан зиёд кўпайиб кетиши) вужудга келишини ҳам тенглаштиради. Бунда шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда рента тўловлари тўланмаслигини кўрсатадиган вазиятлар яққол кўриниб туриши лозим;
г) рента тўлаш шарти билан топширилган кўчмас мулк умумий мулкка айланган ёки бир неча шахс ўртасида тақсимланиши. Ушбу ҳолатда бир неча доимий рента тўловчилар вужудга келади ва бу ҳолат рента олувчининг манфаатига мос келмаслиги мумкин.
Юқорида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари доимий рента шартномасида доимий рента олувчи рента тўловчидан доимий рентани сотиб олишни талаб қилишга ҳақли бўладиган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.
Умумий қоидага кўра, доимий рентани сотиб олиш доимий рента шартномасида яъни, тарфлар келишувида белгиланган баҳода амалга оширилади. Ушбу ҳолат ҳар икки тарафнинг ҳам манфаатини ҳисобга олади. Сотиб олиш баҳосини аниқлашда тарафлар бир қатор ҳолатларни, жумладан, рента тўлаш шарти билан берилган мол-мулкнинг қиймати, рента миқдори, мол-мулкдан фойдаланиш натижасидаги табиий эскиришларни ҳисобга олишлари лозим. Шу билан бирга доимий рентани сотиб олиш баҳоси қонунда шартноманинг муҳим шартлари жумласига киритилмаган. Демак, мазкур шартнома матнида сотиб олиш баҳоси ҳақидаги шартлар мавжуд бўлмаганда ҳам шартнома тузилган ҳисобланади.
Агар доимий рента шартномасида бирон бир сабаб туфайли сотиб олиш шартлари киритилмаган бўлса, уни сотиб олиш баҳоси ФКнинг 523–моддаси қоидаларига мувофиқ аниқланади. Ушбу ҳолатда доимий рентани сотиб олиш баҳоси мулкни ҳақ эвазига ёки текинга бегоналаштирилганига боғлиқ бўлади.
Агар доимий рента шартномасида мол-мулк ҳақ эвазига тоширилган бўлса, у ҳолда сотиб олиш йиллик рента тўловлари суммасига мос баҳода амалга оширилади.
Агарда доимий рента шартномасига мувофиқ мол-мулк рента тўлаш шарти билан текинга берилган бўлса, у ҳолда сотиб олиш баҳоси таркибига йиллик рента тўловлари билан бир қаторда ушбу мулкнинг қиймати ҳам киритилади. Бунда тоширилган мол-мулкнинг баҳоси ФК 356–моддаси 4-қисми қоидаларига мувофиқ аниқланади, яъни ўхшаш вазиятларда одатда шундай товарлар учун тўланадиган баҳо ҳисобга олинади.
ФКнинг 175–моддасига мувофиқ, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулк эгасининг зиммасида бўлади. Ушбу умумий норма доимий рента шартномасига нисбатан мол-мулкнинг ҳақ эвазига ёки текинга берилганига қараб қўлланилади.
Агар доимий рента шартномаси бўйича мол-мулк текинга берилган бўлса, унинг тасодифан нобуд бўлиши ёки бузилиши хавфи рента тўловчи зиммасида бўлади. Бу императив норма бўлиб ҳисобланади. Ушбу ҳолатда рента тўлаш мажбурияти тугатилмайди.
Агар доимий рента шартномасига ассоан мол-мулк ҳақ эвазига топширилган бўлса, у ҳолда унинг тасодифан нобуд бўлиши ёки бузилиши хавфи учун ҳам рента тўловчи жавобгар бўлади. Бироқ, бу ҳолатда тўловчи рента тўлаш мажбуриятини бекор қилишни ёки уни тўлаш шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли. Яъни, бу диспозитив норма ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |