7 §. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва
улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар
Муаллиф интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича келгусида асар, ихтиро ёки бошқа интеллектуал фаолият натижасини яратишга ва ўзининг иш берувчиси бўлмаган буюртмачига бу натижадан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиш мумкин. Ҳар бир ижодкор шахс ўз интеллектуал фаолиятини ўз хоҳишига кўра, ўз ташаббуси, ўз маблағлари асосида, иш берувчиси билан тузилган меҳнат битими (контракт) асосида ёки иш берувчиси бўлмаган бошқа шахс буюртмаси бўйича шартнома асосида ташкил этиши мумкин.
Муаллиф – ижодкорнинг ўз ташаббуси ва ўз маблағлари асосида яратилган ижодий фаолият натижасига нисбатан шахсий номулкий ва мутлақ ҳуқуқлар фақат унинг ўзигагина тегишли бўлади. У ижодий фаолият маҳсули бўлган объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ўз хоҳишига кўра эркин равишда тасарруф этади.
Муаллиф – ижодкор бошқа бир шахс (иш берувчи) билан меҳнат муносабатида бўлган ҳолда, меҳнат битимида шарт қилиб қўйилган ижодий фаолиятни амалга ошириш, иш (топшириқ) бажариш асосида вужудга келган ижодий фаолият маҳсулига нисбатан мутлақ ҳуқуқларга ушбу ФКнинг 1062, 1087-моддалари ва бошқа қонун ҳужжатларида (масалан, «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси, «ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддаси ва шу кабилар) белгилаб қўйилган қоидалар ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормалари қўлланилади.
Муаллифнинг ижодий фаолият маҳсулини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида бошқа ҳар қандай учинчи шахс билан тузадиган шартномаси ўз мазмунига кўра фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ҳисобланади ва ушбу шартномага нисбатан ФКнинг тегишли меъёрлари қўлланилади. Шартнома предмети бўлиб муаллифнинг келгусида ижодий фаолиятни амалга ошириш ва унинг натижасида яратиладиган ижодий фаолият маҳсули ҳисобланади. Бинобарин, тарафлар шартнома тузган вақтда ҳали интеллектуал фаолият маҳсули вужудга келмаган бўлади. Шартнома тузиш вақтида амалда яратилган, мавжуд бўлган ижодий фаолият маҳсулига нисбатан мутлақ ҳуқуклар учинчи шахсларга ФКнинг 1035-моддасида белгиланган тартибда ўтказилиши мумкин.
Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартнома ижодкор шахс билан буюртмачи ўртасида тузилади. Унга асосан ижодкор шахс (ижрочи, бажарувчи) ижодий фаолиятни амалга ошириш асосида интеллектуал мулк ҳуқуқи объектини яратиш ва ундан фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуқни буюртмачига топшириш, буюртмачи эса бажарувчини тегишли маблағ билан таъминлаш ва ҳақ тўлаш мажбуриятларини ўз зимммасига олади.
Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш шартномалар предмети қандай объект бўлишига қараб, қуйидаги турларга бўлинади:
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрат шартномаси (ФКнинг 693-702-моддалари);
муаллифлик шартномаси (ФКнинг 1067-моддаси).
Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома яратилиши лозим бўлган интеллектуал фаолият натижаси хусусиятини, шунингдек, ундан фойдаланиш мақсадлари ёхуд усулларини белгилаши лозим. Интеллектуал фаолият натижаси хусусияти, туси, энг аввало, унинг маълум сифат кўрсаткичларида намоён бўлади. Бундай сифат кўрсаткичлари объектнинг техник-иқтисодий характеристикасида, ҳуқуқий мезонларга мослигига (масалан, ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи олиш – патентга лаёқатлилик даражасида эканлиги) ва шу кабиларга кўра ифодаланади. Шартномада ўз аксини топиши лозим бўлган ҳолатлардан яна бири – интеллектуал фаолият натижасидан фойдаланиш мақсадлари (масалан, ихтиродан қайси тармоқда, қандай маҳсулотдан ёки илмий асардан тижорат мақсадида ёки ўқув-таълим мақсадларида ва ҳоказо) ёки фойдаланиш усуллари (масалан, адабий асарни нашр этиш ёки саҳналаштириш ёки кинофильм қилиш) ҳисобланади.
Юқоридаги ҳолатлар интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартноманинг зарур шартлари ҳисобланади ва кўп ҳолларда бу шартлар тарафлар зиммасига юкланган мажбурият тариқасида намоён бўлади. Масалан, объектнинг маълум сифат хусусиятларида бўлиши учун ижодкор-муаллиф масъул бўлса, объектдан фойдаланиш мақсади ва усулларига риоя қилиш буюртмачи зиммасига юкланади.
Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартнома предмети бўлиб, ҳар доим келгусида яратиладиган, муайян хусусиятларга эга бўлган, аниқ ва конкрет белгилаб қўйилган асар, ихтиро, селекция ютуғи ва шу кабилар ҳисобланади. Агар ижодкор-муаллиф зиммасига у келгусида яратадиган ҳар қандай интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш учун мулкий ҳуқукларини биронта шахсга (буюртмачига ёки бошқа учинчи шахсга) бериш мажбурияти юкланган бўлса, бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди ва у ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирмайди. Бинобарин, буюртмачи унинг ижросини талаб қила олмайди. Ушбу қоида ФКнинг 23-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган фуқаролик ҳуқуқи лаёқати ва муомала лаёқатини чеклашга йўл қўймаслиги ҳақидаги умумий тамойил билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкор – муаллифнинг келгусида яратадиган ҳар қандай асарига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш мажбурияти шу сабабли ҳам унинг ҳуқуқ лаёқатини ғайриқонуний чеклаш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида фуқароларнинг ижод эркинлиги мустаҳкамланиб қўйилган. Унда кўрсатилишича, ҳар қандай шахсга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланади. Бинобарин, интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартномада агарда муаллиф – ижодкорнинг келгусида муайян турдаги ёки муайян соҳадаги интеллектуал фаолият билан шуғулланмаслик ёки бу фаолият натижасини яратмаслик мажбуриятлари белгилаб қўйилган бўлса, у ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди. ФКнинг 23-моддасида фуқаронинг ҳуқуқ лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиш ва ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб кўрсатилади. Демак, ижодкор-муаллифнинг ўз ихтиёри, эрки, иродаси билан бундай шартни шартнома мажбурияти сифатида ўз зиммасига олганлиги аҳамиятга эга эмас. Албатта, ижодкор-муаллиф ўз эрки, ихтиёри билан амалда маълум турдаги интеллектуал фаолият билан шуғулланмасликка ҳақли, бироқ бу ҳолат шартнома предмети ёки шартнома шарти сифатида намоён бўлганда, ҳар доим ўз-ўзича ҳақиқий ҳисобланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |