1. Асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар тушунчаси ва аҳамияти
Фуқаролик ҳуқуқи ўз моҳиятига кўра товарлар, ишлар, молиявий маблағларни эркин фуқаролик муомаласида бўлишини, моддий бойликлар ва мулкий ҳуқуқлар эгаларида сақланишини таъминлашга қаратилган. У ёки бу сабабларга кўра, ушбу нормал ҳолатга путур етса, у ҳолда ҳимоя механизмларига эҳтиёж сезилади ҳамда бунда асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар (кондикцион мажбуриятлар) институтига алоҳида ўрин берилади. Ушбу мажбуриятлар моддий неъматлар, мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлмаган шахсдан ҳақдор шахсга ўтказилишига хизмат қилади.
Асоссиз бойлик орттиришдан келиб чиқадиган мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, мулк ҳуқуқи, мулкий ҳуқуқларни тикланишига қаратилган. Ушбу мажбуриятлар бузилган ҳуқуқлар тикланишига хизмат қилади. Ушбу ҳолат иккита омил билан белгиланади. Биринчидан, ушбу мажбурият фуқаролик ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарадиган турли юридик фактлар натижасида вужудга келади. Иккинчидан, мажбуриятлар тизимида мустақил ўринга эга бўлган ҳолда акцессор мажбурият бўлиб ҳисобланмайди ҳамда ашёвий ҳуқуқий, мажбурият ҳуқуқий талаблар воситасида ҳимоя қилинадиган субъектив фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
ФКнинг 1023-моддаси асоссиз орттирилган бойликни қайтариш мажбуриятини назарда тутади ва унга кўра қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт. Қонун талабидан кўриниб турибдики, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш мажбурияти вужудга келиши учун, биринчидан, бир шахс иккинчи шахс ҳисобига асоссиз бойлик орттириши, иккинчидан, бундай бойлик орттиришга ҳеч қандай қонуний асос бўлмаслиги шарт, учинчидан, мулк, асосан, янглишиш, хатолик билан олинади ёки тежалади.
Аммо баъзи ҳолларда мулкнинг янглишмасдан, атайин қасддан асоссиз олиниш ҳоллари рўй бериши мумкин. Ғайриқонуний ёки давлат манфаатларига зид қилинган хатти - ҳаракатлар туфайли ўзгалар ҳисобига асоссиз бойлик орттирган шахс асоссиз олинган мулкни қонунда назарда тутилган ҳоллардан бошқа ҳолатларда давлат даромадига ўтказиши лозим, яьни ҳақиқий бўлмаган битимлар тузиш йўли билан олинган асоссиз бойликлар тўғридан-тўғри давлат даромадига ўтказилади.
Асоссиз бойлик орттиришдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бошқа фуқаролик ҳуқуқий мажбуриятлар сингари мулкий хусусиятга эга. Унинг асосида моддий неъматларни ҳаракатланишига доир мулкий муносабатлар ётади. Асоссиз бойлик орттириш натижасида қарздор ва кредитор ўртасида моддий неъматларни бир шахснинг ваколатлари доирасидан бошқа шахснинг ваколати доирасига ўтишига доир нисбий ҳуқуқий муносабат вужудга келади.Ушбу мажбурият шартномадан ташқари вужудга келади. Асоссиз бойлик орттириш оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар турли юридик фактлар асосида вужудга келишига қарамай, ушбу мажбуриятлар шартномадан ташқари тузилган битимлар доирасига кириб, субъектларнинг мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мустақил институт кўринишида бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |