фол очиш ёки гипноз йўли билан алдаш – бунда фол очишнинг ўзи жиноят ҳисобланмайди, лекин айбдор фол очиш ёки гипноз йўли билан жабрланувчининг мулкини эгаллашни мақсад қилган бўлса, унинг қилмиши фирибгарлик сифатида баҳоланади.
Талон-торож қилишда гипноз воситасидан фойдаланиш алоҳида ўрин тутади. Шу боис уни ўғрилик ёки фирибгарлик жинояти содир этишдан фарқлаш лозим. Агар ўзга шахснинг мулкини эгаллаш жараёнида гипноздан фойдаланиб, уни атрофида бўлаётган ҳолатларни англамайдиган аҳволга солиб қўйган ҳолда (масалан, ухлатиб қўйиб), унинг мулкини талон-торож қилиши ўғрилик (ЖК 169-моддаси) сифатида, гипноз натижасида шахс ўз ихтиёри билан мулкни айбдорга топширган ҳолларда эса фирибгарлик (ЖК 168-моддаси) сифатида қараш лозим бўлади;
даволаш ёки шифо беришини айтиб алдаш – бунда айбдор гўёки жабрланувчини даволаётгандай қилиб кўрсатади, лекин унинг қўллаётган усули медицина ва халқ табобатига умуман алоқаси бўлмайди ҳамда айбдорнинг мақсади жабрланувчининг мулкини эгаллашга қаратилган бўлади.
Фирибгарликда жабрланувчининг ишончини суиистеъмол қилиш мулкни эгаллаб олиш усули бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги 8-сонли қарорига кўра, “фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдор томонидан мулк эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган бошқа шахслар билан бўлган ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин”81.
Ишончни суиистеъмол қилиш – фирибгарлик усули сифатида айбдор шахс томонидан ғараз ниятларда жабрланувчи билан бўлган ўзаро ишончли муносабатлари (дўстлик, қариндошлик, таниш-билишчилик)дан келиб чиқиб, натижада айбдор жабрланувчининг унга ишонишидан фойдаланиб, жабрланувчининг мулкини эгаллаб олади. Масалан, Н. исмли шахс К.дан ёзма тилхат бериб, 2000 АҚШ доллари олади. Н. пулни қайтаргач К.дан тилхатни унга ишонгани учун сўрамайди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, К. ўзини пулини қайтариб олганига қарамасдан, тилхат асосида Н.дан пул талаб қилади.
Бунда ишончни суиистеъмол қилиш икки хил усулда вужудга келиши мумкин:
1) ҳуқуқий муносабатлар натижасида, яъни ёлғондан у ёки бу келишув муносабатларига кирилиши натижасида (сохта хизмат вазифалари муносабати билан, сохта шартномалар тузиш орқали);
2) шахслар ўртасидаги аниқ фактик муносабатлар орқали (дўстлик, ишонч, қариндошлик муносабатларидан).
Суд-тергов амалиётидан келиб чиққан ҳолда фирибгарликнинг қуйидаги ишончни суиистеъмол қилишнинг шакллари:
шахснинг олдиндан мулкни эгаллаш мақсадида прокат ёки ижарага олинган мулкни олиши ва уни қайтармаслиги ёки ижарага олинган мулкни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориши;
шахснинг олдиндан мулкни эгаллаш ва қайтармаслик мақсадида кредитга олинган мулкни олиши ва уни қайтармаслиги ёки банкдан олинган кредитни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориши;
ўзганинг мулкини қўлга киритишда қайтармаслик мақсадида қарзга олинган пул ёки мулкни олиши ва уни қайтармаганлиги ҳамда ишлатиб юбориши;
айбдорнинг бажаришни мақсад қилмаган иш ёки хизматлари учун олдиндан аванс (бўнак) олиши;
шартнома бўйича олдиндан тўланган тўловларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориши кабилардан иборат.
“Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар (масалан, қонунга мувофиқ тузилган қарз, кредит, аренда, прокат, пудрат, омонат сақлаш ва ҳ.к.)ни бажармаганлик учун жавобгарлик, башарти шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқаролик қонунчилиги нормалари бўйича келиб чиқади. Шу муносабат билан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаган шахсларга нисбатан ишларни кўришда, судлар жиноят ишини жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли тугатиш масаласини муҳокама этишлари ҳамда манфаатдор шахсларга бундай масалалар фуқаролик ёки хўжалик суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилиниши зарурлигини тушунтиришлари лозим”82.
Агар шахс ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни мазкур мулк ёки ҳуқуқ унга берилиши шарти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик ниятида олган ёки эгаллаган бўлса, қилмиш айбдорда ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд фақат ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилгунга қадар пайдо бўлган ҳолдагина фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган қасд мавжудлиги тўғрисида, жумладан, айбдор томонидан сохта ҳужжат ёки кафолат хатларидан фойдаланиш, қарз мавжудлиги ёки мулк гаров остидалиги тўғрисидаги маълумотни яшириш, битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиши учун сохта корхона (ташкилот) тузилиши, кредит маблағларидан мақсадга зид фойдаланиш ёхуд уларни нақдлаштириш кабилар гувоҳлик бериши мумкин. Қайд этилган ҳолатлар суд шахснинг фирибгарлик содир этишда айбдорлиги тўғрисида олдиндан хулосага келиши учун ўз ўзидан асос бўлмайди, шу туфайли, шахснинг ўз мажбуриятларини била туриб бажариш нияти бўлмаганлиги ҳар бир муайян ҳолда ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланиши шарт.
Фирибгарлик қуйидаги пайтдан бошлаб тамом бўлган жиноят деб топилади:
- мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. “Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим”83.
- мулкка бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан тугалланган ҳисобланади (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг ҳуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан).
Фирибгарлик жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасига оид белгилардан бири мулкдорга етказилган моддий зарарнинг миқдори ҳисобланади. Етказилган зарар миқдори ва мулк шаклига кўра фирибгарликни иккига бўлиш мумкин:
1) фуқароларнинг шахсий мулкига тажовуз қилишга қаратилган фирибгарлик:
- оз, оз бўлмаган ва анча миқдорда (ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми);
- кўп миқдорда (ЖК 168-м. 2-қ.);
- жуда кўп миқдорда (ЖК 168-м. 3-қ.).
2) юридик шахсларнинг мулкига қаратилган фирибгарлик:
- оз миқдорда (МЖтКнинг 61-моддаси),
- оз бўлмаган ва анча миқдорда (ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми),
- кўп миқдорда (ЖК 168-м. 2-қ.),
- жуда кўп миқдорда (ЖК 168-м. 3-қ.).
Жиноят натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлашда жиноят содир этилган вақтдаги энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан олинади. Бу, ўз-ўзидан, инфляция шароитида истеъмол товарлари нархлари ошишига нисбатан аҳоли даромадларини мослаштириш имконини берувчи ҳисоб-китоб бирлигини жорий этиш заруриятидан келиб чиққан. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарорида “талон-торож этилган мулкнинг қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланмоқ лозим84”, деган умумий кўрсатма берилган.
Жиноят предмети бўлган мулк қийматини аниқлашда: унинг эгаси томонидан харид қилиниши ҳолатларидан, жиноят содир этилган вақтдаги давлат улгуржи нархидан, бозор ёки комиссион нархлардан келиб чиқиш лозим. Мулк қийматини аниқлаш имконияти бўлмаганида, у тегишли мутахассислар жалб қилиниб, эксперт хулосасига кўра белгиланади.
Айбдор томонидан талон-торожни яшириш мақсадида талон-торож қилинган мулк ўрнига бошқа, қиймати камроқ мулк алмаштириб қўйилган ҳолларда ҳам қилмиш талон-торож қилинган мулк қийматидан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади. Бунда талон-торож қилинган мулк ўрнига тақдим этилган мулк қиймати айбдордан моддий зарарни ундириш, шунингдек жазо тури ва миқдорини белгилаш чоғида ҳисобга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида “Жиноий тажовуз оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашда, мулкнинг моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархини инобатга олиш зарур85”лиги белгиланган.
Демак, содир этилган талон-торожни миқдорига кўра квалификация қилиш учун мулкнинг қийматини баҳолашда жиноят содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланиш керак. Лекин, жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплашда эса, моддий зарарнинг миқдори моддий зарарни ундириш ҳақида қарор чиқарилаётган кундаги нархидан келиб чиқиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |