Оз миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача, оз бўлмаган миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаридан ўттиз баробаригача, анча миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баробаридан юз баробаригача, кўп миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробаридан уч юз баробаригача, жуда кўп миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баробаридан ортиқ миқдор ҳисобланади.
Юридик шахсларнинг оз миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасига мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда талон-торож қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги 8-сонли қарорига мувофиқ, “Фирибгарлик йўли билан корхона, муассаса, ташкилотлар мулкини талон-торож қилиш учун жиноий жавобгарлик, фақат, талон-торож қилинган мулк суммаси МжТК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ошган ҳолдагина келиб чиқади (жумладан квалификация белгилари мавжуд бўлганда ҳам).
Агар фирибгарлик йўли билан талон-торож қилинган корхона, муассаса, ташкилотлар мулки суммаси энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлади. Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бунда оз миқдорда талон-торож неча марта содир этганлиги аҳамият касб этмайди”86.
Шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра фуқаролар мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъий назар келиб чиқади. Айни пайтда, талон-торож миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошмаган ҳар бир ҳолда суриштирув, тергов органлари ва судлар айбланувчи (судланувчи)нинг шахсига ва моддий зарар қопланишига оид маълумотларни инобатга олган ҳолда жиноят ишини ЖК 65 ва 66-моддаларига асосан тугатиш масаласини муҳокама этишлари шарт87.
Фирибгарлик йўли билан оз бўлмаган ва анча миқдорда талон-торож қилиш ЖК 168-моддаси 1-қисми билан квалификация қилинади. Фирибгарлик йўли билан кўп миқдорда талон-торож қилиш ЖК 168-моддасининг 2-қисми “а” банди билан, жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш ЖК 168-моддасининг 3-қисми “а” банди билан квалификация қилинади.
Суд-тергов амалиётида фирибгарлик аксари ҳолларда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш орқали содир этилади. Мулкни эгаллашда фирибгар сохта ва қалбаки ҳужжатлар (гувоҳномалар, ишонч қоғози, юк хатлари ва бошқалар)дан фойдаланади.
Бундай ҳолда қилмиш, ҳужжат ким томонидан тайёрланган ёки сохталаштирилганлигидан келиб чиқиб, жиноятлар мажмуи тарзида ЖК 168-моддаси ва ЖК 228-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.
Шахс фирибгарлик мақсадида қалбаки ҳужжатдан фойдаланган, бироқ унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ўзганинг мулкини ололмай ёки мулкка нисбатан ҳуқуққа эга бўлолмай қолган ҳолларда қилмиш жиноятлар мажмуи тарзида фирибгарликка суиқасд қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш сифатида баҳоланиши ҳамда ЖК 25-моддаси иккинчи қисми, ЖК 168-моддаси ва ЖК 228-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.
“Қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш фирибгарликни содир этишга тайёргарлик кўриш ҳисобланади. Шунга эътибор бериш лозимки, агар сохта ҳужжат (касаллик варақаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, маълумотнома ва ҳоказо) фирибгар томонидан тайёрланмаган бўлиб, у бошқа шахс томонидан тайёрланиб, ушбу шахс ҳужжатдан талон-торож қилишда фойдаланишини билган бўлса, унда бу шахс нафақат ҳужжатларни қалбакилаштирганлик учун, балки фирибгарлик орқали талон-торож қилишда ёрдамчи сифатида жавобгарликка тортилади”88.
Агар айбдор тиражи ўтган ва ютуқ чиққан лотерея билетини қалбакилаштирган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликка тайёргарлик кўриш сифатида баҳоланади (ЖК 25-моддаси 1-қисми орқали ЖК 168-моддаси).
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги “Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказишга доир ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида”ги 8-сонли қарорининг 12-бандига кўра агap қалбакилиги айбдорга аён бўлган валюта қимматликлари кўринишидаги, пул муомаласида қўлланишини истисно қиладиган даражада ҳақиқийсига рўй-рост ўхшамайдиган купюралар ўтказилган бўлса, шунингдек айбдорда жабрланувчини қўпол равишда алдаш нияти бўлганлигидан гувоҳлик берувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, бундай қилмиш Жиноят кодекси 176-моддасининг тегишли қисми бўйича тавсифланиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан қўшимча тавсифлаш талаб қилинмайди. Қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни олган шахснинг қилмиши эса валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олишга суиқасд сифатида тавсифланиши лозим. Қалбакилигини билмагани ҳолда қалбаки валюта қимматликларини олган ва кейинчалик уларни ўтказган шахснинг қилмиши валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказиш сифатида тавсифланиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги 11-сонли қарорига кўра: “Қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни ўтказиш мақсадида ясаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан тавсифланиши лозим”.
Агар айбдор муомалада бўлмаган пул ёки қимматбаҳо қоғозларни қадимги ёки тилла (қимматбаҳо металл кабилар) деб, уларни қалбакилигини билган ҳолда алдаб моддий ҳақ эвазига ўтказган бўлса, ундай ҳолда унинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) сифатида баҳоланади.
Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, суд-тергов амалиётида фирибгарликни ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқлашда айрим қийинчиликлар мавжуд.
Жумладан фирибгарликни ўғирликдан фарқлаш қийинчилик туғдиради. Фирибгарликни содир этишда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ўзганинг мулкини қўлга киритиш усули бўлиб хизмат қилади, ўғрилик содир этишда алдашни қўллаш ўғирланадиган нарсани қўлга туширишни енгиллаштириш воситаси бўлиб хизмат қилади. Фирибгарлик содир этилганда жабрланувчи шахс мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқини фирибгарга ўзи, ихтиёрий равишда топширади, ўғриликни содир этишда эса ихтиёрий равишда топшириш ҳаракатлари мавжуд бўлмайди.
Фирибгарликнинг ўғриликдан (ЖК 169-моддаси) фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.
Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган (масалан, ўта ёшлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли) шахсни алдаш ва ундан мулкни олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилиниши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.
Тақдим этувчига бериладиган қимматли қоғозларни, яъни уларни ушлаб турган ҳар қандай шахс уларда тасдиқланган ҳуқуқни амалга ошириши мумкин бўлган қимматли қоғозлар (облигация, акция, тақдим этувчига бериладиган омонат дафтарчаси ёки қонунга кўра қимматли қоғозлар қаторига киритилган бошқа ҳужжатлар)ни яширин равишда талон-торож қилиш фирибгарлик таркибини ташкил этмайди, Қилмиш бундай ҳолларда ўзганинг мулкини ўғирлаш сифатида квалификация қилиниши лозим.
Ўзганинг пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, агар нақд пул маблағлари банкомат воситасида амалга оширилган бўлса, ўзганинг мулкини ўғирлаш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бироқ ўзганинг банкдаги ҳисобида турган пул маблағларини ўғирланган (қалбакилаштирилган) кредит ёки ҳисоб картасидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш, фақат шахс кредит, савдо ёки сервис ташкилотининг ваколатли ходимини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан янглиштирган ҳолдагина (масалан, савдо ёки сервис марказида товарларга ёки хизматларга ҳақ тўлаш учун банк картасидан фойдаланган ҳолда шахс харид чиптасига картанинг қонуний эгаси ўрнига имзо қўяди ёки унинг номига қалбакилаштирилган паспорт тақдим этади) фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.
Фирибгарлик ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишдан қуйидаги белгилари билан фарқланади:
1) фирибгарликда мулк алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш натижасида айбдорга берилса, ўзлаштириш ва растрата қилишда эса, мулк айбдорга қонуний асосларда берилади;
2) фирибгарликда мулкка оид тузилган битим фақат ташқи жиҳатдан ҳақиқий, лекин аслида қалбаки бўлади, ўзлаштириш ва растрата қилишда эса, битим ҳам шаклан, ҳам мазмунан ҳақиқий бўлади;
3) айбдорга бериладиган ваколатлар бўйича ҳам фарқланади: фирибгарликда жиноят предмети мулк қилиб бериб юборилиши мумкин бўлса, ўзлаштириш ва растрата қилиш жиноятида эса, айбдорга мулк қилиб берилмайди, фақат мулкка нисбатан муайян ваколатлар берилиши мумкин;
4) фирибгарликда жиноий қасд мулкни эгаллашдан олдин пайдо бўлади, ўзлаштириш ва растрата қилиш жиноятида эса, қасд мулк айбдорнинг эгалигига қонуний равишда ўтганидан кейин пайдо бўлади89.
Фирибгарликдан фарқли равишда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда биринчидан, мулк жиноят субъектининг эгалигига қонуний тарзда ўтган бўлади; иккинчидан, талон-торож қилинаётган мулкка нисбатан айбдорнинг ваколатлари хизмат мажбуриятлари, шартномавий муносабатлар ёхуд мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан махсус топшириқ асосида вужудга келади; учинчидан, мулк айбдорга фуқаролик-ҳуқуқий ёки меҳнат шартномаси асосида тегишли тартибда ёзма шаклда расмийлаштирилган тарзда топширилади.
Мулкни эгаллашда алдаш талончиликда ҳам ишлатилиши мумкин. Алдов шахс томонидан ўзганинг мулкини қўлга киритишни енгиллатиш мақсадида ишлатилган бўлиб, мулкни олиб қўйиш жараёнида мулк эгаси ёки бошқа шахс унинг асл ниятини сезиб қолган, айбдор буни англасада, бироқ мулк эгасининг эркига зид равишда мулкни олишни ёки ушлаб туришни давом эттирган ҳолларда, қилмиш талончилик сифатида квалификация қилиниши лозим (масалан, шахс мобил телефонни унинг эгасидан вақтинча фойдаланиш учун сўраб олиб, сўнгра талон-торож қилинган телефон билан яширинган ҳолда).
Товламачиликдан (ЖК 165-моддаси) фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчининг эрки синдирилган бўлади ва у қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглишади.
Фирибгарликни иқтисодиёт соҳасидаги қатор жиноятлардан фарқлаш керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги 8-сонли қарорида бир қатор тушунчалар берилган. Жумладан:
Фирибгарликдан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш жиноятини (ЖК 170-моддаси) фарқлаш лозим. Фирибгарликнинг предмети талон-торож содир этилаётган вақтда фуқароларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ёки жамоат бирлашмаларининг жамғармасида бўлиши, яъни, мулкдорнинг бевосита эгалигида, тасарруфида бўлиши керак. Агар айбдор мулкдорни унинг эгалигига келиб тушиши лозим бўлган мулк (бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда)) дан маҳрум қилса, унинг ҳаракатлари фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим.
“Айбдор алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳали келиб тушмаган, лекин шартномавий ёки бошқа мажбуриятга мувофиқ мулк эгасига келиб тушиши лозим бўлган пул маблағлари ёки моддий бойликларни ўзи ёки бошқа шахслар фойдасига олиб, мулкдорга зарар етказиши” етказилган зарарнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баравари миқдоридан ортиқ бўлса, ушбу қилмиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 170-моддасида жавобгарлик белгиланган алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш сифатида квалификация қилиниши лозим. Мазкур ҳолатда шахс ўзганинг мулкини бевосита олиб қўймасдан ва унга нисбатан ҳуқуққа эга бўлмасдан, қонунга (шартномага) кўра мулкдор эгалиги ёки тасарруфига ўтиши лозим бўлган товар-пул қимматликларини ўзлаштиради ва улар ҳисобига бойийди.
Фирибгарлик жиноятидан ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалари, шунингдек қимматли қоғозлар ёки чет эл валютаси ёхуд чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш (ЖК 176-моддаси) қасд йўналиши ва сохталаштириш хусусияти билан фарқланади. Бунда пул белгиси ёки чет эл валютаси пул айланмасига киритиш учун сохталаштирилади. Қимматли қоғозларни қалбакилаштириш билан боғлиқ фирибгарликда эса, (масалан, пул купюрасига бир неча нол рақамларини қўшиб ёзиш, сувенир банкнотларни, банкнот ёки қимматли қоғозларнинг фото-ксеронусхаларини ишлатиш ва ҳ.қ.) қасд муайян шахсни алдаш ва мулкий фойда олишга қаратилган бўлади.
Мулкий хусусиятдаги ғайриқонуний фойда олиш мақсадида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш, мисол учун, шахс томонидан қонунчиликда белгиланган тўловларни тўлашдан озод этувчи қалбаки ҳужжатларни тақдим этишда (ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳоллардан ташқари) ифодаланиши мумкин.
Мансабдор шахс томонидан у мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли аслида амалга ошира олмайдиган муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун пул, қимматли қоғоз ва бошқа моддий қимматликлар олиниши, унда мазкур қимматликларни эгаллашга нисбатан қасд мавжуд бўлган тақдирда, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.
Фирибгарликни пора олиш жинояти (ЖК 210-моддаси)дан фарқлаш керак. Агар шахс (шу жумладан мансаб ваколати йўқлиги ёки ўз хизмат мавқеидан фойдалана олмаслиги туфайли муайян ҳаракат (ҳаракатсизлик)ни аслида амалга ошира олмайдиган мансабдор шахс), гўёки мансабдор шахсга пора сифатида бериш учун пул ёки бошқа қимматликларни олиб, бироқ аслида бундай нияти бўлмасдан, уларни ўзлаштирса, қилмиш фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Агар қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча квалификация қилиниши лозим. Қимматликлар эгасининг ҳаракатлари эса, бундай ҳолларда, пора беришга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.
Фирибгарлик натижасида олинган, шунингдек иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жабрланувчига тегишли пул ва бошқа қимматликлар ЖПК 211-моддаси тўртинчи бандига кўра ўз эгасига қайтариб берилиши лозим, пул ва бошқа қимматликлар улар эгасининг ташаббуси билан, била туриб, пора предмети сифатида берилган ҳоллар бундан мустасно. Пул ва бошқа қимматликлар топилмаган ҳолларда уларнинг суммаси ёки пул бирлигидаги қиймати суд томонидан жабрланувчи фойдасига ундирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |