Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш,- энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади. Фирибгарлик: а) кўп миқдорда; б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; г) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса-, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Фирибгарлик: а) жуда кўп миқдорда; б) ўта хавфли рецидивист томонидан; в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Фирибгарлик талон-торожнинг алоҳида тури сифатида ўзгалар мулки ёки мулкий ҳуқуқларини зўрлик ишлатмасдан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишда ифодаланади.
Фирибгарликнинг объекти ўзганинг мулки ёки мулкий ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Фирибгарлик предмети моддий қийматга эга кўчар ва кўчмас мулклар ва уларга бўлган мулкий ҳуқуқлар ҳисобланади.
Объектив томондан фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир.
Фирибгарликда жабрланувчи айбдор қонуний ҳаракат қилаяпти, деб ўйлайди ва ўз мулкини айбдорга ихтиёрий равишда топширади ва айбдорнинг ғайриқонуний ҳаракат содир этаётганлигини билмайди.
“Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулк эгаси ёки бошқа шахс ёхуд ваколатли ҳокимият органи мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради”76.
Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш усули ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 8-сонли қарори 4-бандига мувофиқ “фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади”77.
Демак, фирибгарликнинг усули сифатида алдаш дейилганда қуйидагилар тушунилади: