Илк палеолит (Ашел маданияти) даври энг қадимги одамларнинг маконларидаги топилмаларида содда ва қўпол тош қуроллар кўпчиликни ташкил этади. Бу давр кишиларининг қуроллари ўзининг соддалиги, қўполлиги, турларининг камлиги жиҳатдан кейинги даврлардан кескин фарқланади. Илк палеолит даври одамлари жисмоний жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам ҳозирги қиѐфадаги ақл-идрокли одамлардан ажралиб турадилар. Улар асосан термачилик ва овчилик билан тирикчилик ўтказганлар ҳамда табиат олдида жуда ожиз бўлиб, унда мавжуд бўлган тайѐр маҳсулотларни ўзлаштириб яшаганлар. Улар на диний тушунчани, на ҳунармандчиликни ва на чорвачиликни билганлар.
Ўрта палеолит (Мусте маданияти) - қадимги тош асрининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Бу даврга оид дастлабки ѐдгорлик Тешиктош (Сурхондарѐ) ғор макони 1938-йилда А.Окладников томонидан очилган эди. Кейинчалик Ўрта Осиѐ ҳудудларида тадқиқотчилар томонидан ўрта палеолит даврига оид кўплаб маконлар аниқланди ва уларда тадқиқот ишлари олиб борлиди. Омонқўтон (Тахтақорача довони, Самарқанд), Қўтирбулоқ ва Зирабулоқ (Зарафшон водийси), Қорабура (Вахш воҳаси), Жарқўрғон (Шимолий Тожикистон). Обираҳмат (Тошкент вилояти), Кўлбулоқнинг юқори қатламлари (Тошкент вилояти), Қизилнур (Қизилқум), Тоссор (Қирғизистон), Оғзикичик (Тожикистон), Хўжакент (Тошкент вилояти), Қопчиғай (Қирғизистон) каби кўплаб маконлар ўрта палеолит даврига оид бўлиб, уларнинг жами 300 га яқинлашиб қолади. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Ўрта Осиѐ ҳудудларида ўрта палеолит нисбий тарзда мил. авв. 100-40 минг йилликларни ўз ичига олади.
Сурхон воҳасидаги (Бойсунтоғ) Тешиктош ғор-макон топилмалари нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунѐ археология фанида машҳурдир. Ўрта палеолит даврига мансуб бу ғор-макон шимоли шарққа қараган бўлиб, кенглиги 20 м, баландлиги 9 м, чуқурлиги 21 м. Тадқиқотлар натижасида ғор- макондан бешта маданий қатлам аниқланиб, бу қатламлардан 3000 га яқин тош қуроллар топилган. Ундан ташқари турли ҳайвонлар: қоплон, ѐввойи от, эшак, қуѐн ва турли қушларнинг суяк қолдиқлари аниқланган. Тош қуроллар орасида қирғич-тарашлағичлар алоҳида ўрин эгаллаб, уларнинг баъзилари кесгич қурол вазифасида ишлатилган бўлиши ҳам мумкин.
Энг муҳими шундаки, Тешиктош ғор-маконининг юқори қатламларидан 9 яшар боланинг скелет суяклари топилган. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, бу бола неандертал типидаги қадимги одам вакилидир. Бу бола дафн этилганда ибтидоий дафн маросимларига амал қилиниб, жасад атрофига тоғ эчкиси шохлари қадаб қўйилган. Шунингдек, ғор-макондан гулхан излари ва кул қолдиқлари топилиб, гулхан ўрни ва атрофларидан тоғ эчкиси суяк қолдиқлари аниқланган Тешиктош одами Ўрта Осиѐдаги неандертал қиѐфадаги қадимги одамларнинг ягона вакили бўлиб, бу худудлардан ҳозиргача бошқа топилмаган.
Тошкент вилоятидаги Обираҳмат макони Тяншан-Чотқол тизмасидаги Палтов сойининг юқори оқимидан топилган. Ғор-макон ѐйсимон шаклда
бўлиб, жанубга қараган, саҳни кенг, қуруқ ва ѐруғ. Ғорда 10 метр қалинликдаги 21та маданий қатлам аниқланган бўлиб, ушбу қатламлар қадимги одамлар бу ерда узоқ вақт яшаганларидан далолат беради. Маданий қатламлардан оҳак тошли чақмоқ тошдан ясалган хилма-хил меҳнат қуроллари, жумладан, нуклеуслар, парракчалар, ўткир учли сиҳчалар, қирғичлар ва куракчалар, учриндидан тайѐрланган кесгичлар топилган бўлиб, уларнинг умумий сони 30 мингдан ошади. Шунингдек, Обираҳматдан ҳайвон суякларидан ясалган бигизлар ҳамда буғу, тоғ эчкиси, тўнғиз, жайрон, архар ва бошқа ҳайвонларнинг суяклари, гулхан, кул, кўмир ва бошқа нарсалар қолдиқлари ҳам топилган. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Обираҳматда қадимги одамлар милоддан 120-40 минг йил илгари яшаб териб-термачилик ва ѐввойи ҳайвонларни овлаб тирикчилик қилганлар. Топилмалари билан машҳур бўлган Қўтирбулоқ макони Самарқанд вилояти Каттақўрғон ҳудудларидан топилган. Тадқиқотлар натижасида макондан 5 та маданий қатлам аниқланган. Қатламларнинг қалинлиги ҳар хил бўлиб, улардаги топилмалар ҳам бир хилда тарқалмаган- Бу қатламларда ўткир учли пойконлар, қирғичлар, тешгичлар, икки томонига ишлов берилган баргсимон қуроллар ва бошқа турли-туман тош қуроллар топилган. Шунингдек, кўплаб ѐввойи ҳайвонлар - фил, буғу, ѐввойи от, қуѐн кабиларнинг суяклари аниқланган. Қўтирбулоқда яшаган қадимги одамлар мевалар ва ўсимлик илдизлари ҳамда ѐввойи ҳайвонларни овлаб турмуш
тарзи юритганлар.
Ўрта палеолит даврига келиб қадимги одамлар Ўрта Осиѐнинг кенг ҳудудларига тарқала бошлайдилар. Бу даврда, айниқса унинг сўнгги босқичида қадимги одамларнинг турмуш тарзида ва меҳнат қуролларида янги унсурлар пайдо бўлади. Қуролларнинг турлари кўпаяди. Айниқса, овчилик билан боғлиқ бўлган найзасимон ўткир пайконлар, турли пичоқлар, қирғичлар, кесгичлар шулар жумласидандир. Бу даврнинг ижтимоий ҳаѐтдаги энг муҳим хусусияти шундаки, бу даврда ибтидоий тўдадан уруғчилик жамоасига ўтила бошланди. Ҳозирги замон одамларига ўхшаш одамлар (кроманѐн) пайдо бўлиши учун замин ҳозирланди.
Бу шарт-шароитларнинг негизида меҳнат қилиш билан бевосита боғлиқ меҳнат қуролларининг такомиллашуви ва шу асосда ўша давр кишиларининг хўжалик ҳаѐтидаги дастлабки олға силжишлар ѐтади. Демак, бу давр - ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган қуроллар такомиллашаѐтган, нутқ маданияти ўсиб бориб, фикрлаш нисбатан анча ошган, олов сунъий тарзда яратила бошланган, овчилик анча ривожланиб, кенг ҳудудларга тарқалган давр эди.
Ўрта палеолит даври Ўрта Осиѐ ҳудудларида табий иқлим ўзига хос бўлиб, ѐзда об-ҳаво илиқ ва қуруқ, қишда эса совуқ ва намгарчилик бўлган. Бу даврнинг ўрталари ва охирларига келиб шимолдан улкан музликнинг силжиб келиши натижасида иқлим тамоман ўзгаради. Натижада қадимги одамлар турмуш тарзида катта ўзгаришлар бўлиб ўтди. Совуқ иқлим туфайли одамлар кўпроқ ғорларга жойлаша бошлайдилар. Жанубдаги кичик туѐқли иссиқсевар ҳайвонлар қирилиб кетиб шимол буғулари, мамонтлар, улкан
айиқлар пайдо бўлади, Улкан ҳайвонларнинг пайдо бўлиши эса ўз навбатида жамоа бўлиб овчилик қилишнинг пайдо бўлишига олиб келди.
Ундан ташқари совуқ иқлим туфайли ўрта палеолит даври одамлари оловни кашф этдилар ҳамда сунъий олов чиқариш ва уни сақлашни ўзлаштирдилар. Ғор ва унгурларни ўзлаштириш, ўчоқ ясаб унинг атрофида тўпланиш ва ниҳоят жамоа бўлиб ов қилиш услубларининг пайдо бўлиши минтақамиздаги қадимги одамлар ижтимоий-иқтисодий ҳаѐтида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |