СИММЕТРИЯ – грекча сўз бўлиб, ўлчамларнинг бир-бирига мослиги, тенглиги, мутаносиблигидир. Симметриянинг бир қанча турлари бор.
СЛАЙД – фотоплёнкага туширилган тасвир.
СЛЕПОК – қолип, кўчириш, кўчирма.
СОВУҚ РАНГЛАР – музни, қорни, сувни эслатувчи зангори, кўкиш, яшил, тўқ бинафша ва ҳаво ранглардир.
СОУС – юмшоқ қалам. Шу қалам ёрдамида ишланган асар ҳам «соус» дейилади.
СТЕК – ёғочдан ишланган ҳайкалтарошлик қуроли.
СТИЛИЗАЦИЯ – соддалаштириш. Тасвирий санъатда, кўпроқ декоратив амалий санъатда шартли усуллар ёрдамидаги шакл ва жисмларни умумий тасвирлаш дизайни, бадиийлаштириш. Соддалаштириш, асосан, нақшга хос бўлиб, у тасвир чизмаларига айлантирилади.
СУЯК ЎЙМАКОРЛИГИ - амалий безак санъатининг қадимий тури. Мамонт, морж, фил ва бошқа ҳайвонлар суяклари кўп учрайдиган жойлар (масалан, Ёқутистон, Ҳиндистон, Океания, Африка)да суякни ўйиб нақш, тасвир ишлаш,кесиб ва йўниб турли ҳайкалчалар, буюмлар тайёрлаш қадимдан ривож топган. Географик шароит туфайли суяк ўймакорлиги Марказий Осиёда ривожланмаган.
СУПЕРМУҚОВА – устмуқова, сармуқова. Китоб муқоваси устидаги юпқа безакли қоғоз.
СЮЖЕТ (франц. Suiet - предмет) - тасвирий санъат асарида акс эттирилган маълум воқеа, вазият. Воқеа мазмуни ўз аниқ ифодасини топгани билан (айниқса маиший, тарихий жанрга мансуб тасвирий санъат асарларида) кўзга ташланиб туради.
СЮРРЕАЛИЗМ (франц. Surrealisme - ўта реализм) - ХХ аср санъатидаги формалистик оқим. Дастлаб Францияда вужудга келган, кейин Оврўпанинг бошқа мамлакатларига тарқалган. Ўз асарларида «ўта предметли олам»ни, яъни инстинктларни, галлюцинация, тушларни акс эттиришга интиладилар, нарса ва ҳодисаларнинг нореал боғланишини ифодалайдилар, дунё инсонга ёт бўлган маъносиз, тартибсиз оламдир, деган ғояни олга сурадилар. 30-йиллардан сюрреализм маркази АҚШга кўчди, айниқса тасвирий санъатда ўта реакцион кучга айланди. Сюрреалист рассом ва ҳайкалтарошлар империализмга, атом урушига маддоҳлик қила бошладилар (масалан, С.Дали), кишиларда даҳшат, ваҳима туғдирувчи мантиқсиз лавҳалар яратдилар.
СЎЗАНА, сўзани (форс - тож. - игна билан тикилган) - матога кашта тикиб тайёрланадиган бадиий буюм. Одатда хонани безатиш учун деворга тутилади. Сатин, шойи, бахмал сингари матоларга турли чокларда кашта тикиб тайёрланади. Матонинг рангидан кашта фони сифатида фойдаланилиши билан палакдан фарқ қилади. Сўзананинг кашта гуллари, асосан, ўсимликсимон, ислимий нақшлардан иборат бўлиб, кўпинча ўртасига доирасимон гул тикилади, атрофи ҳошияланади. Сўзана тикиш Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида қадимдан ривож топган. Бухоро, Самарқанд, Шахрисабз, Тошкент, Фаргона, Ўратепа ва бошқа жойларда тайёрланган сўзаналар, каштасининг ўзига хос тикилиш услублари билан санъатшунослар диққатини тортиб келмоқда. ХХ асрда, айниқса, 40-йиллардан кейин сўзаналарнинг каштаси машинада тикила бошланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |