Ер рентаси ва унинг турлари
Ер рентаси ер эгалигини иқтисодий жиҳатдан амалга ошириш (реализация қилиш)нинг шаклидир. Бозор иқтисодиёти шароитида ер рентаси ерга ишлаб чиқариш омили сифатида эгалик қилувчиларнинг оладиган даромади. Ерга хусусий ва давлат мулкчилиги бўлиши мумкин. Агар ер давлат мулки бўлса уни давлат ишловчиларга ижарага бериши мумкин. Республикамизда ер давлат мулки бўлиб уни ишловичилар ижарага олади. Ерга хусусий мулк эгалари ҳам ишловичиларга ижарага беришлари мумкин.
Абсолют ер рентаси, дифференциал (табақалашган) рента ‑ 1, ва – 2, монопол рента, мутлоқ рента, қазилма бойликлар, қурилишлар жойлашган ерлардан олинадиган рента.
Ер участкаларининг унумдорлиги ва жойлашган жойидаги фарқлар натижасида вужудга келадиган қўшимча даромад (қиймат)нинг бир қисми рента шаклини олади ҳамда у дифференциал рента деб аталади.
Қишлоқ хўжалигида энг муҳим ишлаб чиқариш воситаси – ернинг миқ-дори ва сифатини табиатнинг ўзи чеклаб қўйган, уни инсон кўпайтиришга қодир эмас.
Шунинг учун қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини фақат яхши унумдор ер участкаларида тўплаш мумкин эмас. Агар ишлаб чиқарилган маҳсулот тўловга қодир талаб билан таъминланган бўлса, ернинг маҳсулдорлиги ёки жойлашуви жиҳатидан ёмон шароит қишлоқ хўжалик товарларига нарх шаклланишини тартибга солувчи ижтимоий нормал шароит ҳисобланади.
Натижада ўртача ёки яхши ерларда хўжалик юритувчи ишлаб чиқарувчилар қўшимча маҳсулот ва бинобарин фойда оладилар.
Бу фойда қисқа муддатли эмас, балки озми-кўпми доимий характерга эга. Барча ерлар мустақил товар ишлаб чиқарувчилар томонидан эгаллаб олинганлиги сабабли, бу ишлаб чиқарувчилар ерга хўжалик объекти сифати-даги монополия вужудга келади. Бу ҳол дифференциал рентанинг вужудга келишига шарт-шароит яратади.
Шундай қилиб, дифференциал рента ҳосил бўлишининг табиий шарти миқдори чекланган ернинг сифати (унумдорлиги) даги фарқлардир, унинг ижтимоий-иқтисодий сабаби эса фойдаланиладиган ерларда иқтисодий жиҳатдан алоҳидалашган тарзда мустақил хўжалик юритишдир.
Дифференциал рента ўзининг келиб чиқиш шароитларига қараб дифференциал рента – I ва дифференциал рента – II га бўлинади.
Дифференциал рента – I ернинг табиий унумдорлиги билан боғлиқ бўлган, саноат марказларига, бозорларга ва алоқа йўлларига яқин жойлашган серунум ер участкаларида вужудга келади. Чунки бундай ер участкаларида сарф-харажатлар даражаси унумдорлиги паст, бозорлардан, шаҳарлардан ва марказий йўллардан узоқ жойлашган ер участкалари маҳсулот бирлигига тўғри келадиган харажатга нисбатан кам бўлади.
Дифференциал рента I юқорида қараб чиқилганидек хўжаликлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган табиий шароитда вужудга келади. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалиги корхоналарида ҳосил қилинган бу хилдаги рента ер давлат мулки бўлиши сабабли унинг манфаатлари йўлида сарф қилиш мақсадида марказлаштирилган давлат фондида (бюджетида) тўпланиши лозим. Бу ҳол ўрта ва яхши унумли ерда жойлашган хўжаликларни иқтисодий манфаатдорлигига путур етказмайди, балки бошқа хўжаликлар билан озми-кўпми иқтисодий шароитларни тенглаштириш имконини беради. Марказлаштирилган давлат фондига ўтган бу маблағларни (дифференциал рента I), мамлакат олдида турган вазифаларни амалга ошириш, хусусан янги ерларни ўзлаштириш ва ер унумдорлигини ошириш билан боғлиқ бўлган тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилиши мумкин бўлади.
Дифференциал рента – I ер участкаларининг шаҳарларга, бозорларга, йўлларга ва сув манбаларига жойлашган жойдаги фарқлар натижасида ҳам вужудга келади.
Дифференциал рента – I қишлоқ хўжалигини экстенсив, дифференциал рента – II эса интенсив ривожлантириш натижасида ҳосил бўлади.
Дифференциал рента II ердан интенсив фойдаланиш, яъни унинг иқти-содий унумдорлигини ошириш билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам бу хилдаги рентанинг асосий қисми хўжаликларнинг ўзларида қолдирилиши мантиқан тўғри бўлади. Унинг фақат бир қисми давлат фондига жалб қилиниши мумкин, чунки давлат маълум даражада бу рентанинг ҳосил қилишда ўз ҳиссасини қўшади, яъни транспорт йўллари қурилишига, ирригация-мелорация ишларини амалга ошириш учун капитал маблағлар сарфлайди, техникалар, кадрлар, минерал ўғитлар етказиб беради. Шундай қилиб, дифференциал рента I ва дифференциал рента II ер эгаси бўлган давлат билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тақсимланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |