7) «Муаммо» усули
Бу усул талабаларга турли муаммоли масала ёки вазиятларнинг ечимини тўғри топишларига ўргатиш, муаммони ечищда мос услубларни тўғри танлашга ўргатиш, муаммони келиб чиқиш сабабларини ва муаммони ечишдаги хатти-ҳаракатларни тўғри аниқлашга ўргатишга қаратилган.
Ўқитувчи дастлаб талабаларни гуруҳларга ажратиб, уларни мос ўринларига жойлаштиради, кейин тартиб-қоидалар ва талабларни тушунтиради (босқичлар, якка, гуруҳ ва жамоа бўлиб ишлаш тартиби баён қилинади) ва талабаларда ишни бажариш учун кайфият ўйғотади.
Кинолавҳа тақдим этилади, бунда талабалар муаммони аниқлашга, эслаб қолишга ва дафтарга қайд қилишга ҳаракат қилишади. Кейин муаммоларни тарқатма материалларга қайд қилишади. Белгиланган вақт тугагач, тайёрланган иш гуруҳ лидери томонидан тақдимот қилинади.
Ўқитувчи гуруҳларнинг бажарган ишларини алмаштириб бошқа гуруҳларга тарқатади, бунда ҳар бир гуруҳ аъзоси битта муаммони танлаб олади ва муаммонинг тури, келиб чиқиш сабаблари, ечиш усулларини алоҳида бандларда ёзма баён қилади ва мустақил равишда таҳлил этади.
Якка тартибдаги фаолият тугагандан сўнг ҳар бир талаба бажарган ишини ўкиб эшиттиради ва муаммоларнинг ечими бўйича жамоавий фикр алмашилади.
8) «Лабиринт» усули
Бу усул талабаларда муаммоли ҳаётий вазиятлардан чиқиш, уларни тўғри баҳолаш ва тез ечим топиш кўникмаларини шакллантириш, фикрлаш ва мулоқот маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Дастлаб талабалар учун стулларни суриб доира шаклида жойлашишади.
Сўнгра талабалик даврининг ранг-баранглиги, турли қизиқ воқеалар, ҳодисалар, вазиятларга бой эканлиги ҳақидаги қисқача суҳбат уюштирилади. Бунда, ўқитувчи мисол келтириб вазиятдан чиқиш бўйича муаммони ўртага ташлайди ва шу вазиятдан чиқиш йўлини талабалардан сўрайди. Муаммога гуруҳ бўлиб ечим топилади.
Шундан сўнг ўқитувчи талабаларни хоҳишларига кўра, уч кишилик гуруҳларга ажратади ва уларга бирон-бир муаммоли вазият бўйича ечим топиш топширигини беради. Дарс сўнгида ечимлар тақдимот қилинади.
9) ФСМУ усули
Ушбу усул мунозарали масалаларни ҳал этишда, баҳс-мунозаралар ўтказишда ёки дарс якунида қўлланилиши мумкин. Бу усул талабаларга ўқув материалларини таҳлил этиш ва баҳолашга, ўз фикрини ҳимоя қилишга, эркин фикрлаш ва ўз фикрини бошқаларга ўтказишга, очиқ мулоқот қилишга, баҳслашиш маданиятига ўргатади.
Бунда талабалар тарқатма материалларга ўз фикрларини далиллар билан қисқа қайд қилишади. Ҳар бир талабадан тўрт босқичда фикрини баён қилиш сўралади. Бунда талабалар фикрларини қуйидаги тартибда қайд қилишади: Ф - фикрини баён қилади; С – фикрига сабаб кўрсатади; М – сабабни асословчи мисол келтиради; У - фикрини умумлаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |