ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ
М.М.Каххарова, Г.Ш Мухиддинова
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА НАҚД ВА НАҚД ПУЛСИЗ ҲИСОБ-КИТОБЛАР
илмий – оммабоп рисола
1
Тошкент – 2020
Тижорат банкларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб китоблар. Илмий – оммабоп рисола.–Т.: ТДИУ, 2020. - 35 бет
Ушбу илмий – оммабоп рисолада ҳозирги кунда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, нақд ва нақд пулсиз ҳисоб китоби ҳамда тўлов тизимида амалга оширилаётган ишлар, корхона ва ташкилотлар, аҳоли ўртасидаги ҳисоб китоблар каби мавзулар келтирилган.
Мазкур илмий-оммабоп рисолада Ўзбекистонда банк тизимини янада такомиллаштириш ҳолати ва унинг истиқболлари, тадбиркорликни ривожлантиришда банкларнинг роли каби мавзулар ёритиб берилган.
Ушбу илмий – оммабоп рисола олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек ушбу мавзуда малакавий ишларни ёзишда ва мустақил ўқишда фойдаланишлари мумкин.
Мазкур илмий – оммабоп рисола Тошкент давлат иқтисодиёт университети Кенгашининг 2020 йил 6 мартдаги 9 – сонли мажлисида муҳокама қилинди.
Тақризчилар:Ж.Я.Исаков, Д.А.Исмаилов Масъул муҳаррир: А.А.Азларова
© Тошкент давлат иқтисодиёт
университети, 2020
Кириш
Кўпгина ривожланган мамлакатларда банк тизимлари иқтисодиётнинг бошқа тизимларига нисбатан кучайтирилган назорат ва текширув объектлари ҳисобланади, чунки тижорат банклари ўз мижозлари ҳисобланган давлат ташкилотлари, тижорат корхоналари ва хусусий шахсларнинг манфаатлари ҳимояланиши учун жавоб беради. Шу сабабли давлат республика банк тизимининг барқарорлиги, бу барқарорлик ҳуқуқий таъминланиши ва унинг ривожланишидан манфаатдордир. Республика иқтисодиётида давлат асосий ислоҳотчи бўлса, банк тизимида эса бу вазифа Республика Марказий банкига юклатилган. «Марказий банк тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасида кўрсатилгандек, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири республикада тўловларнинг самарали тизимини ташкил этиш ва таъминлашдан иборатдир.
Марказий банк тежамкор тўловлар тизимини таъминлаш мақсадида миллий тўловлар тизимининг яқин келгусидаги истиқболлари ва ривожланиш стратегиясини белгилайди. Тўловлар тизими соҳасида бош молиявий мақсад, жойларда пул маблағларини хавфсиз ва самарали ўтказишдан иборат. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ўтказишдаги тежамкорлик масаласи эса тўловлар тизими самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан биридир.
Иқтисодиётдаги нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Марказий банк томонидан «Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида» ги Низом ишлаб чиқилди ва 2013 йил 3 июнда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланди.
«Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида»ги Низом фуқаролик кодекси, «Марказий банк тўғрисида»ги «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси корхоналари тўғрисида»ги Қонунлар ва Марказий банкнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулсиз ҳисоб- китобларни тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ушбу Низомнинг бир маромда қўлланилиши мамлакатнинг бутун иқтисодий
маконида ҳисоб-китобларнинг узлуксизлигини таъминлайди.
Иқтисодиётдаги нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг ўтказилиши устидан назорат Низомда кўрсатиб ўтилган нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ташкил этиш принципларнинг бажарилишини текширишдан бошланади. Корхона ва ташкилотларнинг пул маблағлари банкдаги депозитлар бўйича ҳисобварақларда сақлангани учун нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг барчаси банклардаги ҳисобварақлардан ўтказилади, бу эса корхона ва ташкилотларнинг кунлик фаолиятининг банк томонидан назорат қилиб туришга шароит яратади.
Шу билан бирга хўжаликлар ва юқори ташкилотлар ўртасида ҳам ўзаро назоратни юзага келтиради. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нақд пул муомаласи янада мустаҳкамланмоқда. Шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозит ҳисобварақларидан нақд пулларнинг узлуксиз бериб борилиши тўлиқ таъминланиб борилди. Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз ҳукумати томонидан банк тизимида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб- китобларини амалга оширишни рағбатлантириш борасида бир қанча имтиёзлар берилмоқда. Шулардан бири бу пластик карточкаларга хизмат кўрсатадиган процессинг марказлари ва банкоматларни келтириш ҳамда уларни ўрнатиш борасида божхона тўловларидан 2020 йилга қадар озод қилиш чора-тадбирлари белгилангандир. Ўзбекистон бaнк тизимини ривoжлaнтириш вa мустaҳкaмлaш бoрaсидaги ишлaрни янaдa чуқурлaштириш вa кeнгaйтириш юзасидан Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва қатор бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берувчи банк тизимини шакллантириш, банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш, банкларнинг инвестицион ва омонатларни жалб қилиш бўйича фаолиятини янада фаоллаштириш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш ва пировард натижада рақобатбардошлигининг юқори даражасига эришиш Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш дастурининг стратегик мақсади ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |