Спам тушунчаси, спамларнинг турлари ва уларга қарши курашиш. Интернетда охирги пайтда кўплаб мунозарага сабаб бўлаётган нарса бу спамдир. «Спам» термини янги мазмунда жонга тегувчи электрон тарқатмалар ёки почта чиқиндилари деган маънони англатади. Спам компания ва бошқалар томонидан сизга уларнинг товарларини сотиб олиш ёки хизматларидан фойдаланишга даъват қилувчи реклама тўғрисидаги оммавий равишда тарқатилаётган электрон почта хабарларидир.
Спам атамаси иккинчи жаҳон уруши пайтида ишлаб чиқарилган ва Spicy Ham (гармдорили мол гўшти) деб аталувчи консерваларнинг номидан олинган. Уруш тугаганидан кейин ҳарбий заҳирада сақлашдан чиқариб ташланган катта миқдордаги консервалар жуда арзон нархларда сотила бошланган. Улар баъзи овқатланиш шаҳобчаларида асосий таомларга қўшимча сифатида текинга тарқатилган ва менюда ҳар бир таомга қанча консерва қўшиб берилиши кўрсатиб ўтилган. Бу нарса кейинчалик машҳур телекўрсатувлардан бирида пародия қилинган. Шундан кейин спам деб керакмас нарсалар ҳаддан ташқари мақталадиган рекламаларни атай бошладилар. Электрон почтада реклама хабарлари тарқатилиши бошланиши билан бу реклама хабарлари спам деб атала бошлади. Бундай реклама хабарлари бепул почта серверларидан тарқатилиши сабабли уларни бир вақтда минглаб ва миллионлар одамларга тарқатиш тезда одат тусига кириб қолди.
Бошида арзимасдек ва безарардек кўринган спамнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши сабабли ҳақиқий ва керакли почта хабарлари кечикиб кела бошлади ва улар йўқолиб қола бошлади. Спамдан яна фирибгарлик мақсадида фойдаланила бошланди. Энг кенг тарқалган фирибгарлик усулларидан бири электрон карточка эгаларига уларни карточкаларни қайта қайд қилиш кераклиги ҳақидаги банкдан келган сохта хабарлардир. Бу хабарлар оммавий равишда тарқатилганда унда кўрсатилган, банкка мутлоқ алоқаси бўлмаган сайтда ўз карточкаларини қайтадан қайд қиладиган бепарво одамлар ҳам учраб қолади. Натижада улар карточкадаги пулларидан айриладилар.
«Касперский Лабораторияси» тушунчасига кўра, спам - бу сўралмаган аноним оммавий тарқатмалардир. Юқорида таъкидлаганимиздек, СПАМ (фойдаланувчи томонидан сўралмаган ахборот) жўнатувчининг (спамер) мақсади ва вазифаларига қараб тижорат ахборотига эга бўлиши ёки унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги мумкин. Шундай қилиб, мазмунига қараб, хабарларнинг «тижорат» спами - «unsolicitеd commеrcial e-mail» (умумий қабул қилинган аббревиатураси - UCE) ва «нотижорат» - «unsolicitеd bulk e-mail» (UBE) турлари мавжуд.
Аноним: барча кўпинча айнан яширин ёки қалбакилаштирилган қайта алоқа манзили кўрсатилган автоматик тарқатмалардан жабрланади.
Оммавий: ушбу тарқатмалар айнан оммавий ва фақатгина шулар спамерлар учун ҳақиқий бизнес ҳамда фойдаланувчилар учун ҳақиқий муаммо ҳисобланади.
Сўралмаган: имзоланган тарқатмалар ва конференциялар бизнинг тушунчамизга кирмаслиги кераклиги яққол тушунарли. Ҳар бир электрон почта хизмати ўзининг фойдаланувчиларига спамдан ҳимояланиш воситаларини таклиф қилишади.
Яъни спамга тааллуқли бўлган электрон манзиллар спам фильтрига киритилади ва ушбу манзиллардан келаётган спамлар хабарлар вақтинча сақланувчи каталогга автоматик тарзда жойлаштирилади ва 30 кундан кейин ўчириб ташланади.
Фильтрлар ва қора руйхат. Фильтрлар асосан келаётган хатларни саралаш, тартиблаш функциясини бажаради. Қора руйхат эса хат юборувчи манзилни махсус журналга киритиб бу манзилдан бошқа хат олмаслик мақсадида ишлатилади.