Сиёсий режим — давлатнинг алоҳида шакли учун хос бўлган сиёсий муносабатлар, ҳокимият органлари томонидан қўлланадиган усул ва воситалар, давлат ҳокимияти ва жамиятнинг қарор топган муносабатлари, мафкуранинг ҳукмрон шакллари, ижтимоий ва синфий ўзаро муносабатлар, сиёсий маданият ва тафаккур турларининг мажмуи. Сиёсатшунослик фани сиёсий режимнинг уч асосий шаклини ажратиб кўрсатади: демократик, авторитар, тоталитар.
Тоталитар режим — сиёсий диктатура шаклларидан бири. Тоталитар режимнинг бошқа режимлардан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда террор ва қўрқувдан нафақат ҳақиқий ёки тасаввур қилинган душманларни қўрқитиш ва маҳв этиш, балки оммани бошқаришнинг кундалик одатий воситаси сифатида фойдаланилади.
Тоталитар режимнинг яхлитлиги партия, доҳий ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини гўёки тамомила ўз комига тортиб, улар устидан тўлиқ назорат ўрнатишидагина эмас, шу билан бирга, аксарият халқ оммасининг партия раҳбарияти ёки доҳийнинг асосий мақсадлари, кўрсатмалари, мўлжалларини муқаддас билиб, ишонишида ҳам кўринади. Ҳар иккала томон гўёки универсал мақсадга эришиш учун тотал бирликка айланиб кетган. Шу нуқтаи назардан, Россиядаги — коммунизм, Германиядаги — национал социализм, Италиядаги — фашизм режимларини соф тоталитар режимлар, деб ҳисоблаш мумкин.
Авторитар режим бир киши ёки бир гуруҳ кишиларнинг қаттиққўллик билан ҳокимиятни бошқариши демакдир. Авторитар режимнинг асосий моҳияти шундаки, бунда жамият аъзоларига жуда ҳам кам сиёсий эркинликлар берилган бўлиб, улар сиёсатга тааллукли бўлмаган ишларни қилишларига рухсат этилади.
Демократик режим эса, аксинча, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланган, сиёсий эркинликлардан бемалол фойдалана оладиган режимдир. Демократик режимнинг асосий моҳиятини қисқача шундай таърифлаш мумкин: жамият аъзолари қонунлар билан тақиқланмаган барча ишларни қилишлари мумкин.
Мажоритар сайлов тизимида номзод ёки партия ғалаба қозониш учун сайловчилар кўпчилигининг овозини олиши лозим. Камчилик овозларни олса, номзод ёки партия ҳеч қандай мандатга эга бўлолмайди. Мажоритар тизим ҳам ўз навбатида 2 турга бўлинади: 1) Мутлақ кўпчилик тизими кўпинча мамлакат Президентини сайлаш чоғида қўлланилади. Унга кўра, сайловларда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (50 фоиздан кам бўлмаган) овозини олган номзод ғалаба қозонади. 2) Нисбий кўпчилик тизимида эса — номзод ғолиб чиқиш учун бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозларни олиши лозим.
Мажоритар сайлов тизими АҚШ, аксарият Лотин Америкаси мамлакатлари, Франция, Англия каби ривожланган мамлакатларда муваффаққиятли қўлланиб келмоқда. Олимларнинг фикрича, мажоритар сайловларнинг яна бир афзаллиги унинг парламент ичида кўпчиликни юзага чиқаришида ва ана шу кўпчилик аосида барқарор ҳукумат тузилишида намоён бўлади.
Масалан, Францияда сайловларнинг мажоритар тури қўлланилади. Парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи партиялар коалицияси учун ҳар доим бир хавф мавжуд бўлиб, коалициядаги партиялар ўртасида ички келишмовчиликлар юзага келиши оқибатида парламент тарқатиб юборилиши мумкин. Шунинг учун депутатлар илгари ўзлари сайловчиларга тақдим этган дастурлари доирасида фаолият олиб боришга мажбурдирлар. Парламентни тарқатиб юбориш хавфи ундаги “кўпчилик” коалициясини янада жипслашиб, баҳс-мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга даъват этади. Мабодо парламент тарқатиб юборилгудек бўлса, депутатлар ўз сайловчиларининг олдига келиб, сайловолди дастурлари билан яна бир марта ўртоқлашишга мажбур бўладилар. Мажоритар сайловларнинг жамиятни жипслаштириш ва мувозанатни сақлаш каби ижобий жиҳатларга эга эканлигини француз сиёсий тажрибаси яққол тасдиқлайди.
Мажоритар сайлов тизими демократик жамиятда энг оптимал вариант ҳисобланади. Мажоритар сайлов ҳар бир сиёсий партияни ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ва ўз мафкуравий арсеналидан тўлиқ фойдаланишга етаклайди. Чунки ушбу партия бошқа партияларга нисбатан ҳеч бўлмаганда бир овоз кўпроқ олишга интилиши натижасида сиёсий саҳнада бир бирига мухолиф блоклар вужудга келади. Хорижий мамлакатлар тажрибаси икки қутбли сиёсий партиялар тизими бошқа сиёсий тизимлардан кўра самарали сиёсий қарорлар чиқаришда ва масъулиятни тўлиқ ҳис этувчи ҳукуматлар тузишда ижобий натижалар беришини тасдиқлайди. Икки қутбли кўппартиявийликнинг моҳияти шундаки, унда бир томон сиёсий ҳокимиятни амалга оширади, иккинчи томон эса конструктив мухолифатга айланади. Электорат эса ҳокимиятни ҳукмрон партия қўлида қолдириши ёки мухолифатга ишониб топшириши мумкин. Электорал рақобатнинг ушбу динамикаси партияларни сиёсий спектрнинг марказига томон интилишга мажбур қилади ва ўз сафларида экстремистик ғояларнинг тарқалишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, агар фавқулодда ҳолатлар ёки бўҳронлар юз бериб қолгудай бўлса, бир-бирига мухолиф томонлар умумдавлат манфаатлари йўлида ўзаро муроса қилган ҳолда ягона дастур тузиб чиқишлари ёхуд, ҳатто коалицион ҳукумат ташкил қилиб хавфли вазиятдан чиқиб кетишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |