Тарихи Рашидий (2)
буюришади, мабодо қабул қилишмаса, муқаддас Қуръоннинг «Кофирларни қиринглар!»
деган ояти ишга солинади.
Белгиланган куни биринчи бўлиб амир Тўлакни чорладилар, у ожиз бандага она
томондан аждод ҳисобланади, ўша пайтда дўғлат унвонига эга эди. Хон ҳузурига киргач,
қараса, хон аллақандай тожик билан ўтирипти. Амир Тўлак ҳам кириб ўтирди. Хон сўз
бошлади ва уни исломга даъват қилди. Амир Тўлак йиғлаб юборди-да деди: «Мен уч йил
бурун Кошғар мўминлари ҳузурида ислом динини қабул қилиб, иймон келтирган эдим.
Сиздан қўрқиб, буни ошкор қилмагандим. Иймон келтирмоқдан-да ортиқ саодатмандлик
борми?». Хон ўрнидан туриб уни қучоқлади. Мусулмонлар учта бўлди. Кейин худди шу
тахлит амирларни бирма-бир чақириб, исломга даъват қилишди, навбат амир Журасга
етди. У рад қилди ва: «Менинг Санғуй Буға исмли бир одамим бор. Агар манави тожик
ўшани йиқитса, мен исломга кираман», деган шартни қўйди». Бу қанақа бемаъни шарт?
–дейишди хон ва бошқа амирлар. Мавлоно:
«Майли, шундай бўла қолсин, агар мен уни йиқитолмасам, унда сени мусулмонликка
даъват қилмайман», деди. Хон Мавлонога қараб деди: «Мен ўша одамни биламан. У икки
ёшли туяни кўтара олади. У – кофир, у бани Одам тоифасига кирмайди». «Ҳамма
нарсага қодир Аллоҳ агар истаса, менга, албатта, куч-қувват беради», деди Мавлоно.
Хон ва исломни қабул қилган кишилар бунга рози бўлишмади. Нима бўлганда ҳам, улуғ
одамлар жам бўлишди, ўша кофирни олиб келишди, у олдинга чиқди. Мавлоно ҳам
ўрнидан туриб, олдинга чиқди. Ул кофир, ўз кучига мағрур бўлиб, гердайиб,
такаббурларча яқинлашди; Мавлоно унга беҳад арзимас бўлиб кўринди. Улар
бир-бирларига қўл узатишганда, Мавлоно унинг ёқасидан олди ва кофир ерга беҳуш
қулади. Бир қанча фурсат ўтгач, у ўзига келиб ўрнидан турди, калимаи шаҳодатни
тилига жо қилиб, йиғлаганча ҳазрати Мавлононинг оёқларига ўзини ташлади.
Халойиқ шовқин-сурон кўтариб, бақириб юборди. Ўша куни дарҳол сочларни қириб
ташлашди ва бир юз олтмиш минг киши мусулмон бўлди. Хон ўзини-ўзи хатна қилди.
Ислом нурлари жаҳолат қоронғулигини йўқ қилди ва ислом Чиғатойхон юртида ошкора
бўлди. Алҳамдулиллоҳ, бу кунларгача ушбу хонадони олий мақомида ислом нури
барқарордир. Шундан сўнг бахтиёр хон ўз аждодларидан фарқли ўлароқ диннинг
барқарорлиги учун ҳаракат қилди, бу ҳақда ҳали сўз юритилади. Фақир бу
тафсилотларни Мавлоно Хожа Аҳмаддан (Аллоҳ жамолини кўриш унга насиб этсин),
ёқимли инсондан эшитганман. Туғлуқ Темурхоннинг Мавлоно Аршадиддин туфайли
мусулмон бўлгани ҳақида мўғулларда бундан бошқа маълумот йўқ. Бу ҳақдаги муфассал
маълумотни ҳеч ким билмайди. Туғлуқ Темурхоннинг бутун ҳаётига келсак, бу ҳақда
мўғуллар тилида биронта гап йўқ, бироқ унинг ҳаёти ҳақида «Зафарнома»да
маълумотлар бор, биз уларни ўша китобдан оламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |