8-§. Мойли уруғ ва мағизни янчиш жараёнининг
назарий асослари
Ўсимлик мойлари ишлаб чиқаришда уруғ ёки мағизни янчишда ташқи кучларни таъсир қилишини барча асосий усуллари эзиш, кесиш, ёриш, уришдан фойдаланилади. Айрим машиналарда турли усуллар биргаликда қўшиб олиб борилади.
Ҳозирги вақтда мағиз, мойли уруғ ёки кунжарани майдалаш учун бир жуфтли, икки жуфтли ва беш валли ускуналардан фойдаланилади. Кунжарани майдалаш учун шунингдек дискли ва болғачали майдалагичлар ишлатилади.
Майдаланадиган материал бўлаклари ускунанинг таъминловчи воронкасидан валлар орасига тушади. Материални валлар юзаси билан биринчи тўқнашиши бўлгандаёқ улар орасида ишқаланиш содир бўлади ва уни таъсирида материал валлар орасига киради. Валлар юзасининг ҳолати (силлиқ ёки рифлили) ва айланиш тезлигининг нисбатига қараб, материални деформацияси ва майдаланиши содир бўлади. Валлар айланиш тезлиги бир хил бўлса, силлиқ валлар орасида материал эзилади ва баргсимон янчилма ҳосил бўлади. Агар тезлик ҳар хил бўлса, у ҳолда эзишдан ташқари ишқаланиш ёки узилиш бўлади.
Вал юзасида тарам-тарам ариқчалар (рифли) қилинган бўлса, рифлини материалга таъсири билан боғлиқ майдаланиш механизми қўшимча ҳодисалар эвазига анчагина мураккаблашади. Рифли пичоққа ўхшаш ҳаракат қилади, бунда майдаланаётган материал узилиш ва уриш кучлари таъсирига учрайди.
Материал заррачалари валга тегиши билан уларни янчиш зонасидан ташқарига итариб чиқаришга интиладиган реакция кучи таъсир қилади. Бунга қарама-қарши вал юзаси билан заррача орасидаги янчиш зонасига интилувчи куч таъсир қилади. Заррача янчиш зонасига тортилиши учун ишқаланиш кучи итариб чиқариш кучидан катта бўлиши керак. Заррачани илинтириб олиш учун илинтириш бурчаги α ишқаланиш бурчагидан кичик бўлиши лозим. Валлар ўқларини бирлаштирувчи чизиқ билан заррачанинг вал юзасига тўқнашган нуқтани вал марказига туташтирувчи чизиқ орасидаги бурчак илинтириш бурчаги α деб аталади (3.18-расм). Шундай қилиб, ишқаланиш коэффициенти яъни ишқаланиш бурчаги қанча катта бўлса заррачани янчиш зонасига тортилиши шунча яхши бўлади. Валлар диаметри ва улар орасидаги масофа қанча катта бўлса, янчишга келаётган заррачани ўлчами қанча кичик бўлса заррачани илинтириш бурчаги шунча кичик бўлади.
Қўлланилаётган валиклар диаметри етарли даражада катта, шунинг учун заррачани илинтиришга зарур бўлган шартлар тўлиқ бажарилади.
Амалда материални илинтириб олиш мураккаброқ бўлади, чунки бир вақтни ичида заррачалар гуруҳини илинтиришга тўғри келади. Бир вақтни ичида қанча кўп заррачани илинтириш керак бўлса, илинтириш бурчаги шунча катта бўлади ва илинтириш шунча ёмон кечади.
Бундан ташқари, материалдан ажралиб чиққан мой вални мойлаши ва вал юзасига заррачани ишқаланиш бурчагини кичрайтириши натижасида материални илинтириб олиш қийинлашади. Ажралиб чиққан мойни таъсири нам материални янчиганда кучлироқ бўлади, чунки нам материални пластиклиги катта ва ундан ёғ қуруқ материалга қараганда кўпроқ ажралиб чиқади.
Материални яхши илинтириш учун амалиётда турли чоралар кўрилади. Масалан, соя уруғи дастлаб заррача ўлчамини кичрайтириш учун майдалагичда майдаланади; валлар материални яхши илинтириб олиши ва янчилманинг сифати яхши бўлиши учун материал намлиги оптимал ҳолга келтирилади.
Мағиз ёки уруғни янчиганда уруғни турли тўқималарини бузилиши бир хил бўлмайди. Кунгабоқар мағизини майдалашда эпидермис, уни яқин атрофидаги ва муртак тўқималари уруғнинг бошқа қисмларига қараганда камроқ бузилади. Пахта чигити мағизини майдалашда муртак тўқимаси энг чидамли ҳисобланади. Уруғ қобиғини чидамлилиги мағиз чидамлилигидан юқори бўлади.
Уруғ ёки мағизни майдалаганда ҳужайралар деворлари эзиш, ишқалаш кучлари таъсирида бузилади. Ҳужайра ичидаги модда қобиқни бузилиш даражасига қараб, ташқарига чиқади ёки очилган хужайрада ушланиб қолади. Бузилмаган ҳужайралардаги моддаларда валлар орасидан ўтаётганда катта босим таъсир этганлиги сабабли айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин. Янчишда элеоплазманинг бир қисмини бузилиши ва уни ичидаги алейрон доначаларини тушиши, ҳамда бир мунча алейрон доначаларини бузилиши содир бўлади. Бузилган ҳужайралар миқдори янчиш усулига ва уруғни физик хоссаларига боғлиқ бўлади.
Электрон – микроскопик тадқиқотлардан маълум бўлишича, кунгабоқар мағизи беш валли янчиш машинасида валлар орасидан биринчи марта ўтганда ҳужайра структураси қисман бузилади; иккинчи марта ўтганда ҳужайра структурасини бузилиши давом этиб, алейрон доначалари ва липидли гранулларни қисман бузилиши бошланади; учинчи марта ўтгандан сўнг ҳужайра деворлари тўлиқ бузилади, аммо қобиқ билан ўралган деформацияланган лекин бузилмаган липидли грануллар қолади.
Янчишда мойли уруғлар бузувчи кучларга, ҳужайра ичидаги моддалар ва ҳужайра склетининг гелли структураси билан боғлиқ ҳолда ўзига хос қаршилик кўрсатади. Уруғларни ташқи кучларга қаршилигини миқдори ва ҳарактери, гелларга хос равишда уруғ намлигига қараб ўзгаради. Намлик қанча кам бўлса, уруғ шунча мўрт бўлади; намлик қанча кўп бўлса, уруғни пластиклиги шунча юқори бўлади. Қуруқ уруғлар қисилганда кукун бўлиб майдаланади. Беш валли янчиш машинасида олинган янчилма осон ёйиладиган майда пластинкалардан иборат бўлади. Нам уруғдан олинган янчилма пишиқроқ пластинкалар, намлиги юқори бўлган уруғдан олинган янчилма эса пластик тасма ёки ажралиб чиққан мой билан бир-бирига ёпишиб қолган бўлаклар ҳолида бўлади.
Кам ва ўртача мойли уруғларни яхшилаб майдалаш ва янчилма жуда майда бўлмаслиги, ҳамда ғовак структурани таъминловчи юпқа пластинкалар кўринишида бўлиши, шунингдек кейинги технологик операциялар айниқса нам иссиқлик ишлов беришни яхши бориши учун мағиз бироз пластикликка эга бўлиши лозим.
Серёғ уруғларни янчишда сезиларли даражада ёғ ажралиши ва майда заррачаларни бир бирига ёпишиб қолиши туфайли уларда чангсимон янчилма ҳосил бўлиши хавфи мавжуд эмас.
Соя уруғи доначаларини ҳамда кунгабоқар, зиғир, канакунжут ва бошқа турдаги уруғларнинг донадор форпресс кунжараларини янчиб, баргсимон ҳолатда экстракцияга тайёрлашда уларни имкон қадар юпқа пластинка ҳолида янчиш лозим, бунда олинган маҳсулотни ўта майдаланиб кетишига руҳсат этилмайди. Бунинг учун материални намлик ва ҳарорат бўйича кондициялаб, унинг пластиклигини оптималлаштирилади.
Уруғни янчилишга қаршилигини катталиги ва ҳарактери ҳароратга қараб ўзгаради, чунки ҳарорат уруғнинг гель структураси хоссаларига бевосита таъсир этади. Ҳарорат қанчалик паст бўлса, материал мўртлиги шунчалик юқори ва пластиклиги шунчалик кичик бўлади. Ҳарорат ошиши билан унинг пластиклиги ҳам ортиб боради.
Уруғни ташқи куч таъсирига қаршилигининг катталиги ва ҳарактерини ҳарорат ва намликка боғлиқлиги янчиш жараёнини бошқаришга имкон беради. Янчилма сифати яхши бўлиши учун уруғ ёки мағизнинг намлиги ва ҳарорати оптимал бўлиши, яъни майдаланадиган материални зарур бўлган пластиклигини таъминлайдиган даражада бўлиши керак.
Уруғнинг оптимал намлигига уни қайта ишлашга тайёрлаш операцияларидан олдин ёки мағизни валли янчиш ускуналарига беришдан олдин намлиги бўйича кондициялаш йўли билан эришилади. Агар мағизнинг оптимал намлиги уруғ пўстлоғини ажратишга ва янчишга мос келса, биринчи усул қўлланилади. Бу усул кўпинча мойли уруғлар (кунгабоқар, пахта чигити, канакунжут ва бошқалар)га мос келади.
Мойли уруғларни янчиш вақтида уларнинг таркибида биокимёвий ўзгаришлар содир бўлади. Механик таъсирлар – ишқаланиш ва босим таъсири остида, ҳамда янчиш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқлик таъсирида янчилмадаги оқсиллар денатурацияга учрайди.
Айни вақтда, мойли уруғларни янчишда оқсилларни денатурацияланиши янчилмада эримайдиган оқсил моддалар тўпланишига йўл қўймайди. Буни бир вақтнинг ўзида кечадиган иккита жараён билан тушунтирилади: биринчиси – оқсил молекулаларининг иссиқлик таъсирида денатурацияланиши ва натижада оқсиллар эрувчанлигининг пасайиши, иккинчиси – рақобатлашувчи жараён, яъни механик ишлов бериш натижасида оқсиллардаги дисульфид кўприклар ва пептид боғларининг оксидланиши ва узилиши. Бунинг таъсирида оқсилни ҳосил қилувчи заррачалар парчаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |