Т1-МЭМ экстракциялаш линиясида мисцеллани дистилляциялаш схемаси. Бу экстракциялаш линияси уч босқичли дистилляциялаш схемасига эга.
Дистилляциялаш аппаратларига қуйидагилар киради:
I босқич – сепараторли экономайзер ва янги мисцеллани дистилляцияга узатиш ва мисцеллани система ичида циркуляциялаш учун насос;
II босқич – сепараторга эга бўлган трубали вертикал буғлаткич; I ва II босқичлар умумий конденсатор ва эжекторга эга;
III босқич – трубали вертикал қиздиргич (у концентратор ҳам) ва колоннали пластинкали дистиллятор (тугал), ҳамда қиздиргичдаги мисцеллани дистилляторга узатиб берадиган ва тайёр ёғни ҳайдайдиган насослар. Ҳар иккала аппарат алоҳида-алоҳида эжектор ва конденсаторга эга;
3-§. Дистилляция жараёнида мисцелла таркибий қисмларининг ўзгариши
Ёғни сифати қайта ишланаётган уруғ сифатига, ҳамда материални экстракцияга тайёрлаш режими ва схемаларига боғлиқ бўлади. Бироқ экстракциялаш цехларида экстракция ёғининг сифати асосан мисцеллани дистилляциялаш режимларига ва бу жараённи олиб бориладиган аппаратларни конструкциясига қараб аниқланади.
Дистилляциянинг охирги босқичидаги тугал дистилляторда, экстракция ёғига ишлов бериш ва мисцелладаги эритувчини йўқотиш жараёнида ёғ триглицеридларида ва ёғ таркибидаги ҳамроҳ моддаларда айрим ўзгаришлар юз беради. Триглицерид ва ҳамроҳ моддаларни ўзгариш даражасига ҳарорат, буғ ва мисцелла билан кираётган намлик, ҳаво кислороди ва дистилляция жараёнининг давомийлиги таъсир кўрсатади. Ишлаб чиқариш шароитида триглицеридлар сезиларли ўзгаришларга учрамайди, чунки мавжуд технологик режим уларни гидролитик парчаланиш ва оксидланишига йўл қўймайди.
Дистилляциялаш жараёнида мисцеллага ҳарорат таъсир этиши натижасида унинг бир қатор физик кўрсаткичлари – зичлик, сирт таранглиги ва қовушқоқлик ўзгаради. Лекин бу ўзгаришлар олинган экстракция ёғининг сифатига таъсир кўрсатмайди.
Дистилляциялаш вақтида намлик ва ҳарорат таъсири туфайли ёғнинг кислота сони бироз ошади (0,3-0,5 мг КОН). Буни асосан юқори ҳароратда (1300Сдан ошган) ва дистилляторнинг иситиш юзаси ифлосланганда кузатиш мумкин. Шу билан бирга, дистилляциялаш вақтида айрим эркин ёғ кислоталарини буғланиши содир бўлиши ҳисобига ёғни кислота сони бироз камайиши лозим эди. Амалда эса кислота сонини ошиши кузатилади, чунки охирги омил унчалик аҳамият касб этмайди. Кунгабоқар ва соя мисцеллаларини дистилляциялашда ёғнинг кислота сони пахта мисцелласини дистилляциялашдагига нисбатан кам ўзгаради. Бунга сабаб пахта ёғида кўп миқдорда тез гидролизланадиган пальмитин кислотасининг глицериди мавжудлиги ҳисобланади.
Дистилляция жараёнининг технологик режимлари, ҳамда мисцелладаги мавжуд қанд моддалари ундаги фосфатидлар ҳолатига сезиларли таъсир этади. Масалан, иссиқлик таъсирида фосфатидлар оксидланади ёки қисман парчаланади. Натижада улар қорайиб кетиши мумкин.
Ёғдаги қанд моддаларини фосфатидларга кимёвий таъсир этиши натижасида меланофосфатидлар ҳосил бўлади. Дистилляциялаш ҳарорати, жараённинг давомийлиги ва мисцеллага ҳароратнинг таъсир этиш муддати қанча юқори бўлса, меланоид бирикмалар шунча кўп ҳосил бўлади. Натижада экстракция ёғининг ранги тўқлашади.
Меланоид бирикмаларни ҳосил бўлиш жараёнини секинлаштириш учун мисцелладаги қанд моддаларини тузли-сув эритмасида ювиш йўли билан йўқотиш тавсия этилади.
ВНИИЖ ходимлари кунгабоқар ёғини мисцеллада тозалаш усулини ишлаб чиқишди. Меланоид реакцияларни бартараф этиш учун кунгабоқар мисцелласини юқори ҳароратда дистилляциялашгача, ёғнинг ҳамроҳ моддалари: эркин ёғ кислоталари, углеводлар ва қисман ранг берувчи моддалардан тозаланади.
Каротиноидлар, госсипол ва бошқа моддалар ёғга ранг беради. Мисцеллани дистилляциялашда 1000Сдан юқори ҳароратни таъсир этиши натижасида, каротиноидлар қисман парчаланади ва уларнинг ёғдаги миқдори камаяди. Бу эса экстракция ёғининг физиологик қийматини пасайтиради. Каротиноидларни парчаланиши ёғнинг рангини оширувчи янги бўёвчи моддаларни ҳосил бўлишига олиб келади.
Дистилляциядаги чуқур ўзгаришни айниқса пахта ёғи таркибидаги госсиполда кузатиш мумкин. Дистилляциялаш аппаратига ёғ ва буғ билан бирга ёки тирқишлар орқали кирган намлик ва ҳаво кислороди ҳамда ҳарорат таъсири натижасида госсипол оксидланади ва ишқор билан таъсирлашмайдиган, ўзгарган ҳолатга ўтиб қолади. Оксидланган ва ўзгарган ҳолатдаги госсипол тўқ рангли бўлади. Шу сабабли экстракция пахта ёғининг ранги тўқ бўлади. Бу ёғнинг ранги ВНИИЖ – 12 ранг ўлчагичида аниқланганда, 1 см қатламда баъзан кўринмайди.
Рангини ошиши билан бир вақтда бундай пахта ёғини рафинацияланиши ёмонлашади ва рафинацияланган ёғнинг чиқиши камаяди. Бундай камчиликлар пахта ёғини мисцеллада рафинацияланганда кам кузатилади. Шунинг учун бу усул Марказий Осиёнинг айрим ёғ-мой корхоналарида ишлаб чиқаришга жорий қилинган.
Дистилляциялаш жараёни бошланганда бирламчи оксидланиш маҳсулотлари (перекислар ва гидроперекислар) ҳосил бўлади. Бироқ уларни кейинги парчаланиши натижасида иссиқликка чидамли (термостабил) иккиламчи оксидланиш маҳсулотлари:эпокислар, оксикислоталар, карбонил бирикмалар, полимерлар ва бошқалар ҳосил бўлади. Шу сабабли экстракция ёғи таркибида, перекис сони юқори бўлмаса ҳам, петролей эфирида эримайдиган оксидланиш маҳсулотлари миқдори пресс ёғидагига қараганда кўп бўлади.
Оксидланиш жараёнини олдини олиш учун дистилляциялашда мисцеллага барботажлаб берилаётган буғдаги кислород концентрациясини деаэрациялаш йўли билан камайтириш, жараён ҳароратини пасайтириш, дистиллятордан чиқаётган ёғни дарҳол совутиш ва дистилляциялаш қурилмаларидаги иситиш юзалар ҳолатини назорат қилиб туриш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |