Форпресс МП-68 (4.15-расм) асосан 5 қисмдан: станина (14), шнекли вал (7), зеер камераси (9), таъминлагич (5), кунжара қалинлигини бошқарадиган механизм (10), электродвигатель (1) ва редуктор(2)дан иборат.
Станинани қуйи қисмида мой йиғгич (15) мавжуд бўлиб, у зеер камерасидан тушаётган мойни йиғиш учун хизмат қилади.
Форпресслаш-экстракциялаш схемасида қовурмадан пресслаб ёғ олиш учун МП-68, ФП, ХСП-18, Г-24, РЗ-МОА русумли форпресслардан фойдаланилади.
Шнекли вал зеер камераси ичида жойлашган бўлиб, узун ўқ(11)га ўрнатилган 9 та шнек ўрамлари (6), оралиқ ҳалқалар(8)дан ташкил топган.Шнек ўрамларини қадами биринчи ўрамда 300 мм дан охирги ўрамда 68 мм ўзгариб боради.
Шнекли валнинг барча қисмлари ўқга кийдирилган бўлиб, ўқ охиридан гайка (13) билан сиқиб маҳкамланган ва ўқнинг тугал қисми қўзғалмас подшипник(12)га таяниб туради.
4.15-расм. МП-68 форпресси
Шнекли вални ўқи редуктор вали билан муфта (3) ёрдамида бириктирилган. Агар узатмага ортиқча юклама тушса ёки бирор салбий ҳодиса рўй берса муфта узилади ва пресс синишдан сақлаб қолинади. Муфтадан олдин ўққа занжирли узатма юлдузчаси (4) маҳкамланган бўлиб, у таъминлагич(5)га айланма ҳаракат беради.
Зеер камераси тўрт босқичли бўлиб, у ўлчамлари 19х11 мм бўлган алоҳида алоҳида стерженлардан тузилган цилиндрлардан иборат. Зеер ичига цилиндр узунлиги бўйлаб пичоқ (2) ўрнатилган, у қовурмани айланма ҳаракатини тўхтатиш ва вал ўрамларни тозалаб туриш учун хизмат қилади. Зеер корпуси иккита горизонтал цўналиш бўйича ажралувчи қисмлардан иборат бўлиб, улар пастки қисмидан шарнир ва юқорисидан понали туташтиргич билан маҳкамланган.
Таъминлагич, айланувчи тешик ва унга жойланган конуссимон шестернадан ташкил топган. Таъминлагич қозоннинг пастки қасқонига маҳкамлаб қўйилади. Тешик ичида қўзғалмас қирғич бўлиб, у деворни ёпишиб қолган материаллардан тозалайди.
Прессдан чиқаётган кунжаранинг қалинлиги ташқи штурвал ёрдамида қалинликни бошқарувчи механизм билан бошқарилади. Прессдан чиқаётган мой йиғувчи мосламада йиғилади.
МП – 68 пресси ишининг техник параметрлари қуйида берилган.
Уруғ бўйича унумдорлиги,т/кун
Кунгабоқар, кунжара ёғлилиги 18%гача бўлганда 60
Пахта чигити, кунжара ёғлилиги 12-14% бўлганда 62-70
Зеер пластинкалари орасидаги тирқишнинг кенглиги (босқич бўйича), мм
I II III IV
Кунгабоқар уруғини қайта ишлаганда 1,5 1,0 0,75 0,45
Пахта чигитини қайта ишлаганда 1,0 0,75 0,45 0,45
4.16-расм. ЕТП-20 пресс
Пресс, вални иситувчи ва совитувчи система (5) билан жиҳозланган. Прессни ишга туширишда пресс вали буғ билан иситилади, доимий иш даврида эса сув билан совитилиши мумкин. Буғ ва сув валнинг бутун ўқ линияси бўйлаб ўтувчи марказий каналга берилади. Кунжара қалинлиги конусли мослама (4) ёрдамида ўзгартирилади.
Горизонтал бўйича қисмларга ажратиладиган зеер (3) узунлиги бўйича беш босқичга бўлинган бўлиб, иккинчи-бешинчи босқичлар бир хил ички диаметрга эга.
Қуйида ЕТП – 20 прессининг пахта чигитини қайта ишлашда, форпресслаш режимида ишлаш техник параметрлари кўрсатилган.
Уруғ бўйича унумдорлиги,т/кун
Кунжара ёғлилиги 12-14 % бўлганда 70-80
Зеер пластиналари орасидаги тирқишнинг кенглиги (босқич бўйича), мм
I II III IV V
1,35 0,7 0,5 0,25 0.15
Шнек валининг айланиш частотаси, айл/мин 25; 28; 32;
Пресс бир марта тугал пресслаш режимига ўтказилганда айрим деталлар жойи ўзгартирилади.
Бир марта тугал пресслаш режимида I - III навли пахта чигитини қайта ишлаганда ва чиқадиган кунжара ёғлилиги 7%гача бўлганда пресс унумдорлиги 30 т/кунни ташкил этади.
Қовурмадан ёғни бирламчи сиқиб олиш ва кунжарани гранулланган структурасини шакллантириш учун форпресслаш – экстракциялаш технологик схемасида пресс – гранулятор Г-24 (4.17-расм) қўлланилади. Унда матрица-фильтрдаги тешиклар ўлчами ва шаклига қараб пресслаш жараёнида калибрланган гранулаларни белгиланган шакл ва ўлчамда олиш мумкин. Кунжарани ташқи структураси бир хил бўлади ва сезиларли даражада ёғ экстракцияси, экстракцияланган материалдан эритувчини ҳайдаш яхшиланади.
4.17-расм. Г-24 пресс-гранулятори
Пресс гранулятор кунжара қалинлигини тўғрилайдиган конусли мослама ўрнига кунжарани гранула ҳолида шакллантирадиган махсус узел билан жиҳозланган. Шу мақсад учун шакли, ўлчами ва умумий кесим юзаси турли хил (77,3 – 114 см 2 ) бўлган тешикларга эга, ечиб олинадиган матрица-фильтрлар (4) ва гранулани кесувчи пичоқлар (5) хизмат қилади. Пресс ФП пресси асосида тузилган. Пресс-грануляторнинг шнекли вали (2) ФП прессиникидан фарқ қилиб, у иккита қўшимча ўрамларга эга. Улардан бири уч йўлли бўшатувчи, қовурмани матрицага узатади.
Пресс зеери (3) зеер тўкилмаларини осон чиқиши учун вертикал бўйича қисмларга ажратадиган қилиб ишланган. Пресс-грануляторнинг таъминлагич вали(1)га қисман прессловчи ўрам ўрнатилган. Таъминлагич валининг айланиш частотасини вариатор ёрдамида 40 дан 130 айл/мин гача ўзгартириш мумкин.
Шнекли вал ва кунжарани грануллайдиган узел конструкцияси пресс-грануляторда босимни ошишини таъминлайди. Бу эса ёғни сиқиб олиш даражаси ва пресс унумдорлигини ортишига олиб келади.
Қуйида Г-24 русумли пресс-грануляторнинг ишлаш техник параметрлари кўрсатилган
Пахта чигити бўйича унумдорлиги, т/кун
Кунжара ёғлилиги 11%дан кўп бўлмаганда 100
Секциялар бўйича зеер пластиналари орасидаги тирқишлар кенглиги, мм
I II III IV
Пахта чигитини қайта ишлаганда 1,25 0,75 0,45 0,35
Кунгабоқар уруғини қайта ишлаганда 1,8 0,45 0,25 0,15
Шнекли валнинг ўрамлари сони 10
Шнекли валнинг айланиш частотаси, айл/мин 18; 24; 48;
Тешиклар диаметри, мм 6,5-7
Икки марта пресслаш схемасида кунжарадаги ёғни тугал сиқиб олиш учун прессли заводларда экспеллер ЕП қўлланилади. Уни бир марта пресслаш схемасида ҳам қўллаш мумкин (4.6-расмга қаранг).
Пресс таъминлагичи (5) парракли ярим пресслагич кўринишида ясалган бўлиб, вертикал валнинг пастки охирги қисмига маҳкамланган. Шнекли вал (3) еттита шнек ўрамлари, оралиқ ҳалқалар ва кунжара қалинлигини бошқарувчи конусли механизм(13)лар билан бутланган. Вал ичи бўш қилинган бўлиб, уни ичида буғ ва сув учун канал мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |