У ч фазали кучланиш релелари одатда уч фазали двигателларни ва шунга ўхшаш уч фазали қурилмаларни ҳимоя қилишда ишлатилади. Улар кондинционер, музлатгич, компрессор қурилмалари ва шунга ўхшаш электр юритмаси мавжуд бўлган қурилмаларни ўтакучланишдан ва фаза йўқолишидан ҳимоя қилишда қўл келади.
Агар бино уч фазали кириш жойига эга бўлса, у ҳолда кучланишни сакрашидан ҳимоя қилиш мақсадида уч фазали кучланиш релесидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда агар битта фаза йўқолган тақдирда реле қолган иккита фазани ҳам ўчириб қўяди, шунинг учун бу тизимда бир фазали электр қурилмалар ҳам ишлатиладиган бўлса, у ҳолда бир фазали релелардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари фаза кучланишларининг симметрияси бузилганда, яъни кучланишларнинг миқдори бир-биридан фарқ қилганда, масалан бир фазада 220 В бошқасида эса 230 В бўлса ҳам уч фазали кучланиш релелари ишга тушиб, истеъмолчиларни узиб қўяди.
Уч фазали кучланиш релеларини танлашда унинг номинал кучланишидан ташқари қуввати (токи)га ҳам қараб танланади, бунда қувват (ток)ни 20-30% захира билан, яъни 25 А бўлса, 32 ёки 40 А ли қилиб танлаш мақсадга мувофиқ.
Химоя қилиш ва автоматика схемаларида, кўп холларда, икки ёки бир неча аппаратларни ишлатиб юборишда қандайдир кечиктириб улаш вақтини (сабр вақти) хосил қилиш талаб қилинади. Технологик жараёнларни автоматлаштиришда хам турли технологик операцияларни маълум кетма-кетликда амалга ошириш эътиёжи учраб туради. Айнан мана шундай сабр вақтини ҳосил қилиш учун вақт релеси деб аталадиган аппаратлардан фойдаланилади.
Вақт релеларига қуйидаги асосий талаблар қўйилади:
манба кучланиши, частота, ташқи муҳит, ҳарорат ва бошқа факторларнинг ўзгаришидан қатъий назар, сабр вақтининг ўзгармай қолиши;
истеъмол қуввати, масса ва ўлчамларининг кичик бўлиши;
контакт тизимининг етарли қувватга эга бўлиши.
Вақт релеси манбадан узилгандан сўнг ўзининг бошланғич ҳолатига келади. Ишлатилиш жойига қараб вақт релеларига қуйидаги махсус талаблар қўйилади:
улаб-узиш миқдори 5-6 миллион мартага тенг бўлган юқори даражадаги механик емирилишга бардошлилик;
сабр вақти 0,25-10 секунд бўлган вақт релелари учун ишлаш аниқлигига эга бўлиш, бунда ишлаб кетишдаги сабр вақтининг миқдори 10% дан ошмаслиги керак;
релелар ишлаб чиқариш цехларидаги тебранишлар ва силкинишлар шароитида ишлашга мўлжалланган бўлишлари керак;
энергетик тизимларни химоя қилиш релелари катта аниқлакдаги сабр вақтини таъминлашлари, катта даражадаги емирилишга бардошли бўлишлари керак (бундай релеларнинг сабр вақти 0,1-2,0 с. ни ташкил этади);
технологик жараёнларни автоматлаштириш учун катта қийматга эга бўлган сабр вақтини хосил қилиш талаб қилинади (бир неча минутдан то бир соатгача).
Вақт релелари сабр вақтини ҳосил қилишига қараб қуйидаги турларга бўлинади:
электромагнит вақт релелари;
пневматик вақт релелари;
соат механизмли вақт релелари;
маторли вақт релелари;
электрон вақт релелари.
Do'stlaringiz bilan baham: |