Таълим жараёнининг кўрсатмали ва кўргазмали бўлиши
Таълим жараёнида мумкин қадар сезги органлàрини кўпроқ жалб этиш ўрганишни осонлаштиради. Эшитиш жараёнида абстракт тафаккур маълум иш бажарса, кўриш орқали образли тафаккур ҳам ишга тушади. Кўрсатмалилик мавзуни ўрганишда енгиллик туғдириши билан бирга талабада қизиқиш ҳам уйғотади. Ўрганилган мавзуни узоқ муддат эсда сақланишига ва қайта эсга туширишга ёрдам беради.
Талабаларнинг схема, жадвал, диаграмма каби материаллар устида иш олиб боришлари ва материал хусусиятларини таққослаш, таҳлил қилиш, умумлаштириш, хулоса чиқаришлари мантиқий фикрлаш қобилиятини ўстиришга ёрдам беради.
Албатта кўрсатмалилик самарали натижалар бериши учун унинг бошқа томонларини ҳам эътиборга олиш керак. Биринчидан, ишлатиладиган кўрсатмали қуроллар у ёки талабаларининг ёши ва ўзига хос характер хусусиятлари, умумий тайёргарликка-савиясига мос келадиган бўлиши лозим. Иккинчидан, фойдаланиладиган кўрсатмали қуроллар ўтилаётган дарс мавзусининг мазмунини очиб беришига ёрдам берадиган материаллар бўлишини ҳисобга олмоқ, демак, унинг тўғри танланишига эътибор бермоқ лозим. Учинчидан, дарс жараёнида фойдаланиш учун белгиланган кўрсатмали материаллардан унумли фойдаланмоқ учун зарур бўлган таълим усуллари тўғри танланган бўлиши лозим. Умуман олганда, таълимни кўрсатмали бўлишини таъминлаш устида ҳозирда кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда ва кўрсатмалиликни самарадорлигини оширишда фан-техниканинг кейинги йиллар ичида эришган ютуқларидан фойдаланиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Билимларни пухта ва тизимли ўзлаштириб олиш
Таълим жараёнида биз талабаларни билимларни мустаҳкам эсда сақланиб қолишини таъминлаш зарурий талаблардан биридир. Ўқув материалларини мустаҳкам эсда сақлаб қолиш, айни дарс жараёнида баён қилинаётган ўқув материалларини тизимли ва онгли ўзлаштиришга боғлиқ. Аввалги машғулотларда ҳосил қилинган билим, кўникма ва малакалар анча мураккаброқ материални ўзлаштириб олиш учун пиллапоя, база бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам билимлар базасининг пухта бўлмаслиги кейинги ўрганиладиган янги билимларни ҳам заиф бўлишига олиб келади. Яхши ўзлаштирилган, мустаҳкамланган билимларда эса кейинги янги билимларни ўрганишда ва мустаҳкамлашда асос бўлиб хизмат қилади. Билимларни ўзлаштириш жараёнида уларнинг пухта англаб олинганлигини текшириш, баъзи тушунмовчиликларни йўқотиш, мустаҳкамлашга эътиборни қаратиш дидактиканинг асосий масалаларидан биридир. Таълим жараёнида такрорлашни уюштириш билимларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Такрорлашнинг аҳамияти шундаки, такрорлаш фақат олдиндан ўзлаштирилган ўқув материалинигина эсга туширмай, балки шу ўқув материалларига боғлиқ бўлган янги-янги маълумотлар ҳам берилади, ўзлаштирилган билимларнинг ноаниқ туман бўлиб қолган томонлари ойдинлаштирилади ва тўлдирилади. Билимларни ўзлаштириш жараёни узлуксиз ва маълум тизим асосида олиб борилиши таълим самарасини оширади. Билимларни доимий равишда текшириб бориш, такрорлаш тизимли ва узлуксиз равишда тўлдириб бориш муҳим дидактик талабдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |