Мавзунинг ўқув мақсади: Талабаларда саҳобалар тафсирлари,
аҳамияти, уларнинг тафсир қилишдаги услублари, қарашлари, уларнинг
тафовутлари кабилар борасида билим ва тасаввурларини шакллантириш
мақсад қилинган.
Таянч иборалар: саҳоба, саҳобий, ривоят, чаҳорёр, машҳур муфассирлар,
ҳадис, сабаби нузул, сабаби нузулга гувоҳ бўлиш, оят ким ҳақида нозил бўлган,
нозил бўлиш жойи ва вақти.
1. Саҳобалар тафсирларининг аҳамияти.
Саҳобалар Қуръони каримни кўпроқ билганлари, унинг тафсири,
мақсадларини яхшироқ англаганлари учун уларнинг тафсирларининг
аҳамияти юқори саналади. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Жумладан:
Биринчидан, улар Қуръонни Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи
васаллам)нинг ўзларидан ўрганганлар. Табиийки, Пайғамбар (соллаллоҳу
алайҳи
васаллам)нинг
тушунтиришлари,
суҳбатларининг
баракаси,
таълимларининг фазли юқори бўлиб, улар Раббоний ваҳийни Пайғамбар
(соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бевосита ўрганганлар, шу сабаб ҳам
оятларни мукаммал англашда ўринлари баланддир. Пайғамбар (соллаллоҳу
алайҳи васаллам) айрим саҳобаларга динда фақиҳ бўлиш ва таъвилни билиши
ҳақида дуо ҳам қилганлар. Жумладан бундай дуо саодати Ибн Аббос
(розияллоҳу анҳу)га насиб этган. Имом ал-Лолкоий (ваф. 418) айтади: «Улар
(Саҳобалар) исломни тўғридан тўғри олдилар, шариатни кўз орқали кўриб,
ҳукмларни бевосита, ҳеч қандай воситасиз, элчи ва василасиз ўргандилар.
Улар кўз билан кўрдилар, динни оғизларидан олдилар, тилларидан талқин
қилдилар ва барчасига ҳақиқатда ишондилар ва ихлос қилдилар… Улар
Пайғамбар илмларинининг кўтарувчиси, у зот билан уммат ўртасидаги элчи,
ваҳийнинг етказишдаги омонотдорлар, барча умматлар ҳадиснинг
саҳиҳлигида уларга мурожаат қиладилар, ихтилофли масалаларда улардан
ўрнак оладилар».
Иккинчидан, саҳобалар ваҳйи даврида яшадилар ва оятларнинг нозил
бўлишига, унинг вақти ва жойи, носих ва мансухи, барча ҳолатларига гувоҳ
бўлдилар. Бу маънода бошқа ҳеч ким уларга тенг келолмайди. Бунга мисол
тарзида Абу Айюб ал-Ансорий (розиялоҳу анҳу)нинг «Аллоҳ йўлида нафақа
қилинглар ва ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг»
мазмунидаги Бақара сураси, 195-оятини бошқалардан кўра яхшироқ
46
тушунган.
Яна Шақиқ ибн Саламадан ривоят қилинади: «Бизга Абдуллоҳ ибн
Масъуд хутба қилиб, айтди: «Мен Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)
оғизларидан етмишдан ортиқ сураларни олганман. Пайғамбар (соллаллоҳу
алайҳи васаллам)нинг саҳобалари мени Аллоҳнинг Китобини билгувчироқ деб
билишарди ва ҳоланки мен уларнинг яхшиси эмасман». Шақиқ айтади:
«Ҳалқаларда ўтириб, уларнинг гапларини эшитдим. Бундан бошқача гапни
такрорлаб, айтганини эшитмадим (яъни бу гапни кўп маротаба эшитдим)».
Учинчидан, саҳобалар Қуръон луғатини бошқалардан кўпроқ билар
эдилар. Чунки Қуръон саҳобалар давридаги сўзлашув одатига кўра нозил
бўлган. Шундай экан, улар Каломуллоҳ тилини яхши билганлар. Бу маънода
Имом аш-Шофиий айтадилар: «Инсонларнинг жоҳил бўлиб, ихтилоф
қилишларининг бош сабаби уларнинг араб тилини ташлаб, Аристотель тилига
мойил бўлишларидир».
Тўртинчидан, илм ва амалда уларнинг мартабалари юқори бўлган.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда уларнинг илм ва амаллари, ихлос ва
садоқатлари юқори даражада мақталган. Чунки улар ўткир фаҳмли, тўғри
идрокли, солиҳ амалли бўлишган. Фатҳ сурасининг 26-оятида улар қуйдагича
мақталган: «Уларга тақво калимасини лозим қилди ва улар бунга ҳақли ва аҳл
эдилар». Ибн Умар ва Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: «Қайси
бирларингиз суннат талаб бўлса, ўтганларнинг суннатларини лозим тутсин.
Улар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари, ушбу
умматнинг энг яхшиси, қалби тозаси, илми ўткири, такаллуфи кам эдилар.
Аллоҳ уларни ўз пайғамбари суҳбатига ва динини тарқатишга муносиб
топганди». Имом аш-Шофиий айтади: «Улар илм, ижтиҳод, тақво ва ақлда
биздан устунлар… Уларнинг фикрлари бизга ўзимизнинг фикрларимиздан
кўра маъқул ва мақбулдир».
Ҳадисда эса қуйидагича келтирилади: «Мендан олдин ўтган барча
пайғамбарларнинг умматлари ичида ўз ҳаворийлари, суннатларни олиб,
буйруқларига итоат этадиганлари бўлган. Улардан кейин эса, одамлар чиқиб,
қилмаган ишларини гапирадилар, буюрилмаган нарсаларни қиладилар. Ким
уларни қўли билан қайтарса у мўмин. Ким уларга тили билан қарши у мўмин.
Ким уларни қалби билан ёмон кўрса у ҳам мўмин. Бундан ташқариларнинг
имони хардаланинг донасича ҳам эмас».
Бешинчидан, Қуръон ва суннада саҳобаларга эргашишликка чақирилган.
Жумладан, Тавба сурасининг 100-ояти: «Биринчи пешқадам муҳожирлар ва
ансорийлар ҳамда уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози
бўлди ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар». Имом Молик ушбу оятни
саҳобаларга эргашишликка далил дейди. Бақара сурасининг 138-ояти: «Агар
улар сизлар имон келтирганчалик имон келтирсалар, демак улар ҳидоят
топибдилар», 13-ояти: «Уларга инсонлар имон келтирганларидек имон
келтиринглар дейилса, улар: «эси пастлар имон келтирганидек имон
келтирамизми?», дейдилар. Огоҳ бўлинг, айнан улар эси пастлардир, бироқ
ўзлари билмаслар». Нисо сурасининг 115-ояти: «Ким ўзига ҳидоят равшан
47
бўлганидан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа
йўлга юрса, кетган томонига қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ
ҳам ёмон жой!».
Шу сабабли ҳам Имом аш-Шотибий Саҳл ат-Тустарийнинг ишорий
тафсирларни инкор қилган. Ат-Тустарий Нисо сурасининг 36-оятидаги ал-
жорий зил қурбони қалб, ал-жорил жунубни табиий нафс, ас-соҳиб бил
жанбни шариат амалига эргашадиган ақл, вабнис сабилни Аллоҳга итоаткор
аъзолар деб шарҳлаган. Имом аш-Шотибий эса бунга жавобан шундай деган:
«Араб тилидаги ал-жор ва зил қурбо сўзларини араблар одатдагидек
тушунганлар, на мусулмон ва на кофир бундан бошқача тушунмаган. Бунга
далил сифатида саҳоба ва тобеинлардан бошқача тушуниши мумкин бўлган
бирор нарса ривоят қилинмаган. Чунки улар Қуръоннинг зоҳири ва ботинини
ҳам яхши англаганлар».
Юқоридагиларга ҳамоҳанг равишда яна бир қатор ривоятлар
келтирилган. Жумладан: Умар ибн ал-Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади:
«Сизлар муташобиҳ оятларга эргашаётганларни кўрсангиз, суннатларни
ушлангиз.
Чунки
суннат
эгалари
Аллоҳ
таолонинг
Китобини
билгувчироқдирлар».
Ал-Ирбоз ибн Сория ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Сизлардан ким
умри узоқ бўлиб яшаса кўплаб ихтилофларни кўради. Шунда суннатимни ва
тўғри йўлдаги халифаларимнинг йўлини маҳкам ушлаб, озиқ тишларингиз
билан тишланглар. (Динда) Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинглар. Чунки
ҳар бир янгилик бидъатдир ва ҳар бир бидъат залолатдадир».
Ҳазрати Умар Ибн Аббосдан: «Ушбу уммат қандай қилиб ихтилоф
қилади, ваҳоланки уларнинг пайғамбари ҳам қибласи ҳам бир бўлса» деб
сўради. Шунда Ибн Аббос: «Эй Амирул мўминин, Қуръон бизга нозил бўлди.
Биз оятларни ким ҳақида нозил бўлганини билдик. Биздан кейин бир қавм
бўладики, улар Қуръонни ўқийдилар ва ким ҳақида нозил бўлганини
билмайдилар. Кейин бу борада ўзларининг фикрлари пайдо бўлади. Уларда
фикр зоҳир бўлгач, ихтилоф қиладилар, ихтилоф қилсалар жанг қиладилар».
Демак, саҳобаларнинг тафсирдаги сўзлари Қуръон ва суннадан кейин
учинчи ўринда турар экан.
Ўз навбатида саҳобларнинг тафсирлари икки хил бўлади. Биринчиси,
саҳобаларнинг ривоятга асосланган сўзлари. Саҳобалар ақлга таяниб, фикр
билдириб бўлмайдиган ғайб, пайғамбарлар қиссалари, фитна ва сабаби нузул,
бирор амалга савоб берилиши каби ишларда албатта Пайғамбардан ривоят
қилган бўладилар ва бундай ривоятларнинг санади саҳиҳ бўлса, уларнинг
сўзлари олинади. Чунки булар Пайғамбарга етиб борган марфуъ даражасидаги
нақллардир.
Иккинчиси, саҳобаларнинг райга таяниш мумкин бўлган ўринларда ўз
ижтиҳодларига асосланган сўзлари. Одатда бундай ҳолларда:
А) саҳобаларнинг тафсир борасидаги ижтиҳодлари ижмо асосида бўлса
унда уларни олиш шарт ҳисобланади. Масалан, Тавба сурасининг 60-оятида
масрифуз закот, яъни закот ва садақаларни бериш лозим бўлган саккиз тоифа
48
инсонлар зикр қилинади. Саҳобаларнинг ижмосига кўра улардан қайси
бирларига закот берилса ҳам жоиз бўлаверади;
Б) саҳобалардан бири тил қоидалари ёки оят нозил бўлиши борасидаги
ҳолатни билиши асосида тафсир қилган бўлса ва ушбу тафсирга бирор бир
саҳоба ихтилоф қилмаган бўлса, унда ўша шарҳни қабул қилиш авло саналади.
Чунки улар Қуръонни бошқалардан кўра яхши биладилар;
В) саҳобалар ижтиҳод асосида тафсир қилган бўлсалар ва улар ўртасида
ихтилоф бўлса, унда улардан қувватлироқ бўлган фикр қабул қилинади.
Масалан, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг тафсири бошқалариникидан кўра
устунроқ саналади. Бироқ бу ўринда учинчи одамнинг тафсири олинмайди,
чунки саҳобалар ихтилоф қилган бўлсалар-да, етарли билим билан тафсир
қилганликларида шубҳа йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |