4.Фарғона водийсида 1916 йил қўзғолони.
ХХ аср бошларида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қатори Фарғона вилоятида ҳам ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазият жуда кескинлашди. Айниқса, биринчи жаҳон уруши йиллари аҳвол янада ёмонлашди. Бу вақтга келиб Фарғона вилояти ўлканинг асосий пахта майдонига айланиб, у Россия тўқимачилик саноатини хом ашё билан таъминлашда муҳим ўрин эгаллади.
Фарғона вилоятида пахта майдони 1900 йилда 188,4 минг десятинадан 1915 йилга келиб, 250,9 минг десятинага етди. Пахта майдонларнинг кенгайиши кўпроқ ғалла ва полиз экин майдонларининг камайиши ҳисобига кўпайган эди. Бу ҳолат ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг танқислигини ошириб, аҳолининг иқтисодий аҳволини янада ёмонлаштирди. Оқибатда деҳқон хўжаликларининг аҳволи оғирлашиб, улар ўзларининг бир парча ерларини ҳам сотишга мажбур бўлганлар. Ерсиз хўжаликлар Наманган уездида 10 процент, Андижон уездида 15,38 ва Марғилон уездида 22 процентни ташкил қилар эди.
Деҳқонларнинг ерларидан маҳрум бўлишлари, ерларнинг кўп қисимини бир гуруҳ эксплуататорлар қўлига тўпланишига олиб келди. Бойлар ерларни майда деҳқонларга ижарага берар эдилар. Бироқ, бу майда хўжаликларга шундай оғир шартлар қўйилардики, улар ўзлари етиштирган ҳосилнинг асосий қисмини ер эгаларига беришга мажбур эдилар. Бунинг устига турли хилдаги солиқларни тўлар ва мажбуриятларни бажарардилар.
Бундай аҳвол қишлоқ ва шаҳарларда синфий табақалар ишини тезлаштира бошлади. Шундай кескин вазиятда Чор ҳукуматининг 1916 йил 26 июнда маҳаллий аҳолини фронт орқасида саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун сафарбар қилиш ҳақидаги фармони миллий озодлик қўзғолонининг кўтарилишига туртки бўлди.
Қўзғолон даставвал (9 июлда) Фарғона водийсининг Андижон шаҳридаги Жоми масжиди майдонида кўтарилди. Бу қўзғолонга А.Ҳакимоқосолов, А.Рўзибоев ва М.Абдукаримов сингари бир неча кишилар бошчилик қилганлар. Андижон уезд бошлиғи И.А.Бржезицкийнинг ахборотига кўра, 500 кишилик оломон Чор ҳукуматининг сафарбарлик тўғрисидаги фармонига бўйсунмасликларини билдирганлар.
1916 йилнинг 13 июлида Майгир волостининг Чуам қишлоғида қўзғолон кўтарилиб, оломон қишлоқ оқсоқоли Ю.Ҳасанбоев, элликбоши Қипчоқбой ва мулла Йўлдош Султонхўжаевларни уриб ўлдирганлар.
Қўзғолонлар жазо отрядлари томонидан шафқатсиз бостирилишига қарамай, тобора авж олган. Бунга мисол қилиб чек Офтобачи, Миробод ва бошқа қўшни қишлоқларда кўтарилган қўзғолонларни кўрсатиш мумкин.
Шу тарздаги қўзғолон М.Масаидов, И.Саидбоев ва Р.Раимбердиев бошчилигида Донқўйма қишлоғида ҳам бўлиб ўтган. Бу ерда қўзғолончилар қишлоқ оқсоқоли М.Саримсоқовнинг хонадонига бостириб кириб, сафарбарлик ҳақидаги рўйхат ва бошқа ҳужжатларни куйдириб, оқсоқолни топиб беришни талаб қилганлар. Оқсоқол ва элликбошилар эса шаҳарга қочиб улгурган эдилар.
Норин вилоятида бўлиб ўтган шунга ўхшаш халқ қўзғолонлари диққатга сазовордир. Бу вилоятнинг Чужа номли қишлоғида М.Содиқов, Х.Хожиев, Ш.Қорабоев ва Х.Маҳмудбоевлар бошчилигидаги қўзғолончилар таёқ, кетмон ва ўроқ билан қуролланган ҳолда оқсоқол М.Каримбой ўғли ва элликбоши Т.Норматбоевларнинг хонадонларига ҳужум қилганлар. Бироқ оқсоқол ва элликбоши олдинроқ қочиб улгурган эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |