3. Маҳаллий ишчилар синфининг шаклланиши ва уларнинг меҳнат шароитлари.
XIX аср охири XX аср бошларида Чор Россиясининг хоҳиш-истакларига зид ҳолда, ўлкага феодал муносабатларга қараганда бир мунча прогрессив бўлган янги, капиталистик ишлаб чиқариш муносабатлари кириб кела бошлади. Бу жараённинг дастлабки ижобий натижаси шу бўлдики, вилоятда саноатнинг айрим тармоқлари барпо этилди ва ривожлана бошлади. Бунинг таъсирида эса, ўлкада янги социал куч - пролетариат синфи шакллана бошлади.
Лекин, шуни унутмаслик керакки, ўлкада маҳаллий аҳоли ичидан пролетар кадрларининг вужудга келиши ниҳоятда мураккаб ва ўзига хос вазиятларда рўй берди. Ишчилар синфи шаклланишига, унинг сон жиҳатидан ўсишига тўсиқ саналувчи факторлардан энг асосийси ўлкани хом ашё база сифатида тутиб туришга қаратилган колониал сиёсат эди. Бунинг натижасида Туркистон саноати деярли ривожланмаган, асосан, аграр ўлкалигича қолар эди. Шу боисдан, XIX аср охирларига келиб ҳам, ўлка аҳолисининг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги билан шуғулланар эди. Лекин, шунга қарамасдан, ўлкада дастлабки ишчилар синфи шакллана бошлади. Унинг сафлари ерсиз деҳқонлар, хонавайрон бўлган ҳунармандлар, четдан иш ахтариб келувчилар, марказий Россиядан кўчиб келган ёки сургун қилинганлар ҳисобига бойиб борди.
Муаммоли савол:
Товар-пул муносабатларини қишлоқ хўжалигига кириб келиш жараёни ҳақида фикрланг?
Товар-пул муносабатларининг қишлоқ хўжалигига кириб келиши билан қишлоқда деҳқонларнинг синфий табақаланиш жараёни чуқурлашди. Бу жараён, айниқса, пахтачилик кучли суратлар билан ривожланган районларда, хусусан, Фарғона вилоятида кескин юз берди. Синфий табақаланиш туфайли бир томондан катта-катта ҳосилдор ерларни ўз қўлларида бирлаштирган қишлоқ хўжалик буржуазияси ва иккинчи томондан эса кундан-кунга қашшоқлашиб, бир парча еридан ҳам маҳрум бўлиб бораётган қишлоқ хўжалик пролетариати вужудга кела бошлади.
Пахта етиштириш катта маблағ талаб қилганидан деҳқон кўпинча қарзга ботар эди. Қарзини ўз вақтида уза олмаган деҳқон ўз ерини сотиб, уни тўлашга мажбур бўлар эди. Натижада хонавайрон бўлган, бир парча еридан ҳам ажралган деҳқон ўз ерини ташлаб, рўзғор тебратиш учун иш ахтаришга мажбур эди. Ўлкада ерсиз деҳқонларнинг 98 фоизи, оз ерли деҳқонларнинг 73 фоизи худди шу ҳолатда бўлиб, дуч келган ишни бажариб, тирикчилик қилар эдилар. Жами ерсиз деҳқонлардан 37 фоизи оз ерга эга бўлган деҳқонларнинг 23 фоизи эса саноат корхоналари мавжуд бўлган шаҳарларга кетиб, саноат ишчилари армиясига келиб қўшиладилар. Маҳаллий миллат вакиллари орасидан пролетар кадрларнинг шаклланиши кустар ҳунарманд хўжаликларнинг табақаланиши ҳисобига ҳам рўй берди. Марказий Россиядан қулай ва арзон фабрика, завод маҳсулотларининг келтирилиши туфайли ҳунармандчиликнинг айрим тармоқлари инқирозга юз тутди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўрта Осиёнинг турли районларидан ҳамда Эрон ва Афғонистондан Фарғона вилоятига иш қидириб келадиганлар, эндигина шаклланаётган маҳаллий ишчилар синфининг резерв армияси саналар эдилар. Умуман, вилоятнинг пахта тозалаш заводларидаги барча ишчиларнинг 20,1 фоизини четдан келиб ишловчилар ташкил этар эди. Вилоят ишчилар синфи сафига Россиянинг Марказий районларидан, Урал ва Сибирдан келадиган малакали рус ишчилари ҳам келиб қўшилиб, уни тўлдириб борди.
Фарғона вилояти саноатининг у ёки бу тармоғида қанча ишчи банд бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор, лекин вилоят миқёсида ишчилар сонининг умумий миқдори масаласида эса ягона фикр мавжуд эмас. Вилоятда эндигина шаклланаётган ишчилар синфи отрядининг асосий қисмини пахта тозалаш ва ёғ-мой заводларида ишловчилар ташкил этарди. 1898 йил вилоятдаги пахта тозалаш заводларида 4633 та ишчи ишлаган бўлса, 1905 йилга келиб, уларнинг сони 5127 тага етди. 1914 йилда вилоятдаги мавжуд 144 та пахта тозалаш заводида 5783 та ишчи ишлар эди. Худди шу йили Туркистон бўйича пахта тозалаш заводларида (209 та) 8023 та ишчи ишлаган.
Пахта тозалаш саноати билан бевосита боғлиқ бўлган ёғ-мой корхоналарининг барпо этилиши ва улар сонининг ортиши туфайли бу соҳада банд бўлган ишчилар сони ҳам ортиб борди.
Агар вилоятнинг ёғ-мой заводларида (12 та) 1907 йилда 530 та ишчи ишлаган бўлса, 1914 йилга келиб, у корхоналар сони 18 тага, улардаги ишчилар сони 1543 тага етди. 1910 йилда вилоятда 5 та пиво заводи ишлаб, унда жами 112 та ишчи ишлар эди. 1914 йилда вилоятда 1 та вино заводи ишлади, холос. Шу боисдан, соҳада банд бўлган ишчилар ҳам кўпчиликни ташкил этмас эди. Вилоятнинг вино заводларида 24 та, спирт олиш корхоналарида 54 та, пиво заводларида 161 та ишчи ишлаган.
1913 йилда вилоят бўйича 11 та қурт уруғи тайёрлаш корхоналари мавжуд бўлиб, уларда 1117 та ишчи ишлар эди. Худди шу йили Ўрта Осиё бўйича мавжуд бўлган 28 та пила қуритиш корхонасидан 27 таси Фарғона вилоятида жойлашган бўлиб, унда банд бўлган ишчилар 2170 кишини ташкил этарди. Демак, вилоятнинг пахта тозалаш, ёғ-мой, совунгарлик корхоналари, вино, пиво заводлари ҳамда қурт уруғини тайёрлаш ва пиллани қуритиш корхоналарида жами 11138 та ишчи ишлаган.
Юқоридаги саноат тармоқларидан ташқари, тери заводи, ғишт заводи, тегирмонлар, механик устахоналар, кампот, муз тайёрлайдиган корхоналар, типографиялар ва бошқа корхоналар ҳам бўлган. Лекин уларнинг деярли ҳаммаси ҳам кичик-кичик, ишлаб чиқариш даражаси ниҳоятда паст корхоналар бўлиб, уларда 1630 та ишчи ишлаган, холос. Шундай қилиб, 1913-1914 йилларга келиб, ўлканинг саноат жиҳатидан ривожланган саналувчи Фарғона вилояти фабрика, завод, корхоналарида 12668 та ишчи ишлаган. 1913 йилда вилоятнинг тошкўмир ва нефтp конларида 1963 та ишчи ишлар эди. Шу йили тоғ-кон саноатининг бу икки тармоғидан ташқари мис, озокерит, олтингугурт, туз, асфалтp олиш кабилар ҳам бирмунча йўлга кўйилган эди. Статистик обзор маълумотларига кўра, бу соҳада ишловчилар 115 кишини ташкил этган. Агар биз юқоридаги миқдорга уни қўшсак, вилоят тоғ-кон корхоналарида 1880 та ишчи ишлаганини кўрамиз.
Хулоса қилиб айтсак, вилоятнинг барча завод, фабрикаларида ҳамда тоғ-кон саноатида 1913-1914 йилларда 14476 таишчи ишлаган эди.
Эндигина шаклланаётган вилоят ишчилар синфи миллий таркиби жиҳатидан ҳам ғоят хилма-хил эди. Чиндан ҳам, вилоятнинг барча фабрика, завод, корхоналарида ишловчи ишчиларнинг 71,3 фоизини ўзбеклар, 13 фоизга яқинини руслар, қолган 15,7 фоизини эса тожик, қирғиз, афғон, дунган каби халқлар ташкил этарди.
1914 йилда вилоятнинг пахта тозалаш заводаларида банд бўлган 5783 та ишчидан фақат 357 тасигина (ёки бутун ишчиларнинг 6,2 фоизи) руслар бўлиб, қолган қисми ерли халқлар эдилар. Ёғ-мой саноатида ҳолат бошқачароқ эди. Бу соҳада ишлаш кўпроқ малака талаб қиладиган касблар бўлганлигидан, рус ишчилари кўпчиликни ташкил этар эди. Вилоятнинг ёғ-мой саноатида ишловчи 1543 та ишчидан 354 таси рус ишчилари, қолганлари эса ерли аҳолидан иборат эди. Вилоятнинг қурт уруғи тайёрлаш ва пилла қуритиш корхоналарида туб аҳоли салмоғи бундан ҳам юқори эди. 1913 йилда қурт уруғи корхоналарида ишловчи 1117 ишчидан 81 тасигина рус, 14 таси арман, қолган 1012 таси ерли аҳоли вакиллари эдилар. Вино заводларидаги 510 та ишчидан 422 таси ерли аҳоли, 67 таси рус, қолганлари бошқа миллат вакиллари эдилар. Пиво заводларида ишловчи ишчиларнинг деярли ярмини рус ишчилари ташкил этар эди.
Саноатдаги ишчиларнинг яшаш ва ишлаш шароити жуда ёмон, иш вақти анча узоқ ва иш ҳақи оз эди. Масалан, Андижон пахта тозалаш заводида иш вақти 10-14 соат бўлиб, иш ҳақи эса, ойига 12-15 сўмни ташкил этарди, холос. Андижон пахта тозалаш заводининг собиқ ишчиси И.Насриддинов ўз хотираларида шундай эслайди: «1917 йилга қадар мен Миркомилбойнинг пахта заводида қора ишчи бўлиб ишлар эдим. Заводда ишчиларнинг аҳволи жуда оғир эди. Бир кунлик иш вақти 16 соат бўлиб, бир ойлик иш ҳақи 5-6 сўмдан ошмас эди. Мен қора ишчи бўлганим учун ойига 3 сўмга етказиб иш ҳақи олар эдим. Бой ишчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш ҳақида ҳеч қандай ғамхўрлик қилмас эди. Заводдаги бу оғир шароит ишчилар ўртасида тез-тез норозилик туғдириб турар эди».
Заводларда техника хавфсизлигига ва ишчилар соғлиғини сақлашга ҳеч қандай эътибор берилмаган. Шу сабабли, иш жараёнида бахтсиз ҳодисалар тез-тез рўй бериб турган. Шу боис ҳам, ўлкада чиқадиган «Туркистанские ведмости» газетаси 1902 йил 10 ноябрp сонида «Ғамгинлик билан маълум қиламизки, бизнинг (вилоятдаги - Ш,А.) пахта тозалаш заводларимизда бахтсиз ҳодисалар сони камайиш ўрнига, балки ниҳоятда ортиб бормоқда», - деб ёзганди.
Do'stlaringiz bilan baham: |