Мавжуд бўлмаган товар билан боғлиқ битимлар. Бундай битимлар одатда фьючерс ва опцион битимлари шаклида бўлади.
Биржа савдолари давомида тузиладиган барча биржа битимларига талаб – уларнинг очиқ ва ошкора тузилиш шартлилигидир. Биржа битимларини якунлаш икки йўл билан амалга оширилади:
Битимларнинг шартлари асосида товарларни етказиб бериш орқали;
Иштирокчиларнинг ўзаро келишуви билан битимларни бекор қилиш орқали.
Товар биржаларида тузиладиган барча шартномалар ўзларининг ҳуқуқий табиатига қараб, Давлат солиқ қўмитасида ва (ёки) Давлат божхона хизмати қўмитасида текширилади ва рўйхатдан ўтказилади.
Фонд биржаларидаги битимлар ўзининг ижро этилииши муддатига қараб:
касса битимлари (ижроси ўша заҳотиёқ ёки уч кун ичида амалга ошириладиган битимлар);
муддатли битимлар (сотувчи қимматли қоғозларни келишилган муддатда етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олса, харидор эса келишилган ҳақни тўлаши лозим бўлади. Ушбу битимларда ижро муддати олти ойдан ошмаслиги керак).
Қимматли қоғозлар билан боғлиқ битимлар тузишда шартнома тарафлари қўйидаги масалаларда келишувга эришишлари керак:
қимматли қоғозлар тури ва тўлиқ номи;
қимматли қоғозларни бериш ва хақини тўлаш усул ва муддатлари, агар мавжуд бўлса битим бўйича тижорат таваккалчилигини суғурта қилиш шартлари;
битимни ижро этганлик учун комиссион мукофот миқдори.62
Биржа иштирокчиси шартномада белгиланган муддатда мижозни битим тузилганлиги ҳақида хабардор қилиши керак.
Фонд биржаларида тузилган битимлар биржада тегишли тартибда биржа рўйхатидан ўтиши шарт.
Шуни таъкидлаш керакки, биржаларда тузилган ва тегиши тартибда рўйхатдан ўтказилган битимларни қўшимча нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди. Лекин, қонун ҳужжатларига мувофиқ баъзи битимлар биржа нотариуслари томонидан тасдиқланиши талаб қилинади. Масалан, хорижий субъектлариштирокидаги шартномалар биржа нотариуси томонидан тасдиқланиши лозим. Бундан ташқари, товарларнинг номи, миқдори, нархи, ижро ўрни ва муддатидан ташқари биржа битимларининг мазмунини (яъни шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доираси) ошкор этиш мумкин эмас. Битимларнинг мазмунига доир маълумотлар фақат қонунда кўрсатилган холларда, масалан суднинг талаби билан тақдим этилиши мумкин.
Демак, биржаларда тузиладиган битимлар қўйиладиган умумий талабларга жавоб беришдан ташқари, бошқа ўзига хос талабларга ҳам жавоб бериши керак экан. Агар битимлар воситачилар орқали амалга ошириладиган бўлса, мижоз (сотувчи ёки харидор) воситачи билан топшириқ ёки комиссия шартномаси тузиши керак.
Банклар, бошқа кредит муассасалари ва суғурта ташкилотларининг белгиланган тартибдаги шартнома-кафолатномалари, контрактларини таъминлаш шаклларидан бири бўлиб ҳисобланади.
8§. Биржа мулкининг ташкил топиши ва унинг ҳуқуқий ҳолати «Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида» Қонуннинг 14-моддасида биржа мулкининг ташкил топиш манбалари ва унинг ҳуқуқий ҳолати кўрсатиб ўтилган. Мазкур моддага асосан биржа мулкини ташкил топиш манбалари бўлиб уни иштирокчилари томонидан таъсис пайлари ва кириш бадаллари ҳисобига унинг эгалигига топширилган, ёки унга ижарага берилган мулклардан фойдаланиш, шунингдек биржа ўз фаолиятидан орттирган ўзга даромадлар ҳисобланади.
Биржа ўзига таъсисчилар томонидан берилган ёки ижарага олган мол-мулкка тўла хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида эгалик қилади. Унинг аъзолари томонидан тўланган бадалларга, шунингдек ўзини фаолияти давомида ортирган бошқа мол-мулкка (масалан, биржа савдоси бўйича маълумотларни сотишдан олган даромадига) мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилади.
Қонуннинг 14-моддаси биржаларнинг мол-мулки асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқи асосида биржага тегишли бўлган бошқа мулкдан иборат деб кўрсатади. Биржанинг асосий фондлари дейилганда уни баланс ҳисобида турган, фойдаланиш муддати 1 йилдан ортиқ ва қиймати энг кам ойлик иш ҳаққининг 15 баробари миқдорида ёки ундан кўп бўлган барча мол-мулк тушунилади.
Биржанинг айланма маблағларига эса асосий фондга кирувчи мол-мулк учун қўйилган талабларга жавоб бермайдиган маблағлар киради. Уларнинг миқдори энг кам ойлик иш ҳаққининг 15 баробаридан кам, фойдаланиш муддати эса 1 йилдан ортмайдиган бўлиши лозим.
Биржа мол-мулкидан фойдаланиш тартиби биржа аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Биржа аъзоларининг умумий йиғилиши шунингдек биржа мол- мулкини тассаруф қилиш масалаларини ҳам ҳал қилиши мумкин. Бу эса биржага тегишли бўлган мол-мулк умумий мулк эканлигини билдиради.
Қонун биржанинг мулкий ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу эса бизнинг давлатимизда биржа инфраструктурасини ривожлантирилишига қанчалик даражада катта аҳамият берилаётганидан далолат беради. Биржа ўзининг мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари маҳрум қилиниши мумкин эмас. Биржанинг мол-мулки тегишли тартибда реквизиция ва национализация қилинганда, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари учун олиб қўйилганида биржага уни қиймати тўлиқ тўланади. Лекин шу билан бирга биржа ўзининг мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда ундирув уни ҳисобидаги мол-мулкка қаратилиши мумкин.
Биржа хўжалик оборотининг мустақил субъекти сифатида ўз мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунчиликда белгиланган барча усуллардан фойдаланиши мумкин.
9§. Биржа фаолиятининг давлат томонидан тартибга солиниши Биржанинг фаолиятини тартибга солиш жамиятнинг ваколатли ташкилоти томонидан биржа иштирокчилари фаолияти ва биржа операцияларини тартибга солишдир. Биржа фаолияти ҳам ташқаридан, ҳам ичкаридан тартибга солиниши мумкин. Ички тартибга солиш бу биржа фаолиятининг ўз ички норматив ҳужжатлари: устави, ички тартиб қоидалар ва бошқа локал норматив ҳужжатларга асосан олиб борилишидир. Ушбу қоидалар биржа фаолиятини, биржа ходимларини ва қуйи бўлимлари (филиаллар, ваколатхоналар) фаолиятини тартибга солади.
Биржа фаолиятини ташқаридан тартибга солиш – бу биржа фаолиятининг халқаро шартномалар ва давлатнинг ички қонунлари билан тартибга солинишидир.
Биржа тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат биржалар фаолиятини қўйидагилар орқали тартибга солади:
биржа ва биржа иштирокчиларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
биржалар фаолиятини лицензиялаш;
биржа фаолиятини солиқ солиш орқали бошқариш (молиявий томондан бошқариш);
биржага доир қонунчилик нормаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.
Биржалар юридик шахс сифатида Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларида давлат рўхатидан ўтказилади. Биржани ва улар томонидан таъсис этилаётган корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тегишли тартибда белгиланган ҳужжатлар билан мурожаат этиш талаб этилади. Биржанинг таъсисчилари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
Биржа ёки улар томонидан таъсис этилаётган корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза;
Биржа ёки корхонани тузиш тўғрисидаги муассисларнинг таъсис шартномасини нотариал гувоҳлантирилган нусхаси;
Муассис (муассислар) томонидантасдиқланган ва нотариал гувоҳлантирилган биржа ёки корхона устави, уни товар белгиси, тимоли (эмблемаси) ва бошқалар;
Биринчи бор ташкил этилаётган биржалар учун биржа кенгаши розилиги ва ҳужжатлари;
Биржанинг бино ва тегишли жиҳозлар билан таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
Рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжатлари.
Адлия вазирлиги (унинг ҳудудий бўлимлари) хужжжатларни кўриб чиқиб биржани юридик шахс сифатида рўхатга оладилар.
Рўйхатдан ўтказишнинг қонуний тартиби бузилганида ёки биржа таъсис ҳужжатлари қонун талабларига мос келмаганида Адлия вазирлиги биржани давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишлари мумкин. Рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши керак. Масалан, ҳужжатларда камчилик бўлганида, қарорда бу камчиликлар аниқ кўрсатиб ўтилиши лозим.
Биржани рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор устидан умумий тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
Биржа фаолиятининг айрим турлари лицензия асосида амалга оширилади. Яъни, давлатнинг ваколатли органлари биржаларнинг фаолиятини маълум маънода уларга лицензия бериш орқали ҳам тартибга солиб туриши мумкин.
Лицензия олиш учун биржа тегишли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиши лозим:
Ариза;
Мазкур фаолият тури билан шуғулланиш унинг уставида назарда тутилганлиги тўғрисида далиллар, яъни рўйхатдан ўтган уставнинг оригинали ёки унинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
Қонунда талаб қилинган ҳолларда унинг иштирокчилари ҳам мазкур фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи далиллар. Яъни, уларнинг ҳам лицензияларидан нусха;
Лицензия олиш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
Қонунда талаб қилинган бошқа ҳужжатлар.
Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан умумий тартибда судга шикоят қилиш мумкин.
Қимматли қоғозлар, валюта, кўчмас мулк, интеллектуал мулк билан савдо операцияларини бажариш биржа фаолияти қатнашчилари томонидан махсус лицензияга эга бўлган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.63 Қимматли қоғозлар билан савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи бўлган биржалар ўзларининг уставида қимматли қоғозлар билан муомала қилиш асосий фаолияти эканлигини, ёки ўзларининг таркибида қимматли қоғозлар билан савдо фаолиятини амалга оширувчи бўлим борлигини назарда тутишлари керак. Худди шунингдек валюта кўчмас мулк, Интеллектуал мулк билан савдо операцияларини бажаришни мақсад қилиб қўйган биржалар бу тўғрисида ўз уставларида кўрсатиб ўтишлари лозим. Шунинг учун давлатнинг тегишли органи биржага маҳсус фаолияти тури билан шуғулланиш учун лицензия берар экан, бир факт, яъни биржа уставида бу тўғрисида писанда бор ёки йўқлигини эътиборга олади.
Худди қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширувчи биржалар сингари валюта қимматликлари билан операцияларни амалга ошириш учун биржалар лицензияга эга бўлишлари даркор. Валюта қимматликлари билан операцияларни амалга оширишга лицензия Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилади.
Интеллектуал мулк объектлари билан савдо операцияларини амалга ошириш учун лицензия Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси томонидан берилади.
Кўчмас мулк билан савдо операцияларини амалга оширишҳуқуқини берувчи лицензия Ўзбекистон Реаспубликаси Давлат мулки қўмитаси томонидан берилади.
Давлат ўзиниг солиқ сиёсати орқали ҳам биржа ва биржа фаолиятини тартибга солиб туради. Солиққа тортиш тартиби, имтиёзлар, ёки солиқдан озод қилиш орқали биржа фаолиятининг ривожланишига йўл қўйиб беради.
Биржалар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг биржа фаолияти тўғрисидаги қонунларга риоя этишларини тегишли ваколатли давлат органлари томонидан назорат қилиб турилади. Биржа фаолиятини бундай назорат қилувчи ваколатли давлат органларига мисол қилиб прокуратура ва биржаларга лицензия берган давлат органларини келтириш мумкин.
Биржа ва биржа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қуйидаги мақсадларни назарда тутади:
биржада тартибни таъминлаш, биржа иштирокчиларини нормал ишлаши учун шароитлар яратиш;
биржа иштирокчиларини ғирром қатнашчилар ва фирибгарлик ишларидан, ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларни амалга оширувчилардан ҳимоя қилиш;
тадбиркорлик фаолияти учун шароит мавжуд бўлган ҳамда ҳар бир таҳлика мукофатланадиган биржа фаолиятини таъминлаш;
янги биржа бозорини ташкил қилиш, биржа структурасини кўллаб қувватлаш, имтиёзларни самарали татбиқ қилиш, биржа бозорига жамият мақсадларига эришиш учун таъсир ўтказиш (масалан, биржа нархларини тушириш).
Биржа ва биржа фаолиятини тартибга солиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:
биржа фаолиятини тартибга солувчи норматив база яратиш, яъни биржани ишлаши учун лозим бўлган қонун, қонуности актлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш;
биржа фаолиятининг профессионал иштирокчиларини ажратиб олиш. Ҳозирги кунда биржа фаолиятини муайян малака ва билимга эга бўлган профессионал иштирокчиларсиз тассавур қилиб бўлмайди. Биржанинг бундай иштирокчиларини танлаб олиш тартибини ваколатли давлат органлари белгилаб беради;
биржа фаолиятини тартибга солувчи норма ва қоидаларга барча биржа иштирокчилари томонидан риоя этилиши устидан назорат қилиш;
биржада ўрнатилган тартиб ва қоидаларга риоя этмаганлик учун санкциялар тизими. Бундай санкциялар ёзма ёки оғзаки огоҳлантириш, жарима солиш, биржа аъзолари сафидан ўчиришдан тортиб, жиноий жавобгарликка тортишгача бўлиши мумкин.
Биржа ва биржа фаолиятини тартибга солишда давлат қуйидаги тамойилларга эътиборни қаратади:
биржа фаолияти иштирокчиларининг фаолиятига алоҳида, биржа фаолияти иштирокчилари бўлмаган, лекин биржа савдосида иштирок этаётган субъектлар фаолиятига алоҳида ёндашиш;
биржа бозорида амалга оширилаётган ва содир бўлаётган барча ҳодисалар ҳақидаги ахборот ва маълумотларнинг очиқлиги ва оммавийлиги;
рақобатни таъминлаш, шу орқали кўрсатиладиган хизмат сифатини ошириш, хизмат ҳақини эса камайтириш;
биржа бозори муаммоларини ва уларни ҳал қилувчи нормаларни оммавий таҳлил қилиш;
биржа фаолиятини тартибга солиш борасидаги жаҳон амалиёти ютуқларини миллий биржалар институтини тартибга солишда қўллаш принципи;
давлат ва нодавлат бошқарув органлари ўртасида биржа фаолиятини тартибга солиш функциясининг оптимал ажратилганлигига эътиборни қаратиш лозим.
Шундай қилиб давлат биржаларнинг фаолиятини тартибга солишда уларнинг тадбиркорлик, хусусан, савдо фаолиятидаги етакчи ролини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини таъминлайди.