Статистика ахборотларини ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш
Тадбиркорлик субектлари ҳисоб ва ҳисоботни қонун ҳужжатларига мувофиқ юритади. Ҳисобот тадбиркорлик субектининг хоҳишига кўра қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тайёрланиши мумкин. Тадбиркорлик субектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилишини дастурий таъ’минотни имтиёзли шартларда ёки бепул тарқатиш орқали рағбатлантиради.
Кичик тадбиркорлик субектлари фақат давлат статистика органлари ва давлат солиқ хизмати органларига, якка тартибдаги тадбиркорлар эса фақат давлат солиқ хизмати органларига белгиланган шаклларда ҳисобот тақдим этади.
Давлат органларининг тадбиркорлик субектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳисобот турларини белгилаши ман этилади.
Тадбиркорлик субектлари фаолиятини текшириш турлари
Тадбиркорлик субектлари фаолиятини текшириш қуйидаги турларга ажратилади: 1) режали текшириш; 2) режадан ташқари қисқа муддатли текшириш.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва тадбиркорлик субектларини уларнинг хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда текширишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган.
Тадбиркорлик субектларини уларнинг хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда текшириш тегишли назорат қилувчи (ёнғинга қарши, санитария, ветеринария, энергетика назорати ва бошқа) органлар томонидан қоида тариқасида бир марта ўтказиладиган комплекс текширув давомида амалга оширилади. Комплекс текширувлар махсус ваколатли орган тасдиқлаган режалар асосида ўтказилади.
Режали текшириш – тадбиркорлик субектларининг фаолиятини махсус ваколатли орган томонидан тасдиқлаган текширишлар режа-жадвалига асосан ўтказиладиган текширишдир.
Тадбиркорлик субектларининг фаолиятини текшириш махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин.
Белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда риоя этувчи тадбиркорлик субектларининг фаолиятини текшириш назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта амалга оширилади.
Хусусий корхоналар фаолиятини текшириш назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.
Кичик тадбиркорлик субектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текшириш кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текшириш кўпи билан уч йилда бир марта амалга оширилади.
Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан э’тиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди.
Аксиз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек, кичик тадбиркорлик субектлари ва фермер хўжаликларининг буджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан э’тиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди.
Юқорида қайд қилинган барча режали текширишлар агар тадбиркорлик субектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда ўтказилиши мумкин. Аксинча, тадбиркорлик субектлари солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз вақтида, тўлиқ тўлаган тақдирда режали текширишлар ўтказилмаслиги ҳам мумкин.
Назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календар кун олдин тадбиркорлик субектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |