Солиқ текшируви доирасида ҳаракатлар амалга оширилганда тузиладиган баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
1) текширилаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
2) текширувни ўтказиш асослари, тури ва даври;
3) муайян ҳаракат бажарилган сана ва жой;
4) ҳаракат бошланган ва тугалланган вақт;
5) баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;
6) ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ва (ёки) ҳозир бўлган ҳар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, зарур ҳолларда эса унинг манзили;
7) ҳаракатнинг мазмун-моҳияти, уни ўтказиш изчиллиги;
8) солиқ текшируви пайтида аниқланган фактлар ва ҳолатлар.
Ҳаракатларнинг амалга оширилишида иштирок этган ва (ёки) ҳозир бўлган барча шахслар баённомани ўқиб чиқадилар. Мазкур шахслар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишга ҳақли ва бу фикр-мулоҳазалар баённомага киритилиши ёки солиқ текшируви материалларига қўшиб қўйилиши лозим. Баённома давлат солиқ хизмати органининг баённомани тузган мансабдор шахси, шунингдек, ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ва (ёки) ҳозир бўлган шахслар томонидан имзоланади. Баённомага фотосуратлар ва негативлар, кинотасмалар, видеоёзувлар ҳамда ҳаракатлар амалга оширилганда бажарилган бошқа материаллар илова қилиниши мумкин.
Солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш
Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан солиқ текшируви натижалари бўйича қуйидагилар кўрсатилган ҳолда солиқ текшируви далолатномаси тузилиши керак:
текширув ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана;
текширув ўтказиш учун асос;
текширув тури ва уни ўтказиш даври;
давлат солиқ хизмати органининг текширувни ўтказган мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми;
якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
юридик шахснинг тўлиқ номи, текширув даврида раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби юритиш вазифаларини амалга оширган мансабдор шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
тадбиркорлик субектининг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, шунингдек, унинг идентификация рақами;
аввалги текширув тўғрисидаги маълумотлар;
текширилаётган солиқ даври ва текширув ўтказиш учун солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги умумий маълумотлар;
солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликнинг (у мавжуд бўлганда) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги муфассал тавсифи;
текширув натижалари бўйича фикрлар ва хулосалар.
Агар солиқ текшируви тугалланганида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган бўлмаса, бу ҳақида солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.
Солиқ текшируви далолатномаси камида уч нусхада тузилади. Солиқ текшируви далолатномасининг барча нусхалари давлат солиқ хизмати органларининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахслари томонидан имзоланади. Солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси тадбиркорлик субектига топширилади.
Тадбиркорлик субекти солиқ текшируви далолатномасини олганда далолатноманинг барча нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Солиқ текшируви далолатномасининг давлат солиқ хизмати органида қолган нусхалари солиқ текшируви материалларига қўшиб қўйилади.
Тадбиркорлик субектининг солиқ текшируви далолатномасидаги имзоси унинг солиқ текшируви натижаларидан рози эканлигини англатмайди.
Тадбиркорлик субекти солиқ текшируви далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси бу ҳақида солиқ текшируви далолатномасига тегишли ёзув киритади. Мазкур ҳолда солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси тадбиркорлик субектига почта орқали буюртма хат билан юборилади ва шу пайтдан э’тиборан солиқ текшируви тугалланган ҳисобланади.
Солиқ текшируви далолатномаси тадбиркорлик субектига топширилган кун солиқ текшируви тугалланган кун ҳисобланади.
Солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхалари, солиқ текшируви доирасида содир этилган ҳаракатлар тўғрисидаги баённомалар, инвентаризация далолатномалари, экспертларнинг хулосаси, солиқ текшируви ўтказиш пайтида олинган материаллар, шунингдек, солиқ текшируви доирасида ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар солиқ текшируви далолатномасига қўшиб қўйилиши лозим.
Солиқ текшируви материаллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилаган тартибга биноан тадбиркорлик субекти давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органида солиқ текшируви тугалланган кундан э’тиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |