1-савол бўйича ўқитувчининг мақсадлари.
-Ҳудудий ишлаб чиқариш моҳиятини тушунтириб бериш;
-Ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омилларни ёритиб бериш;
1-савол баёнига оид муаммолар.
-Ҳудудий ишлаб чиқариш ва унинг асослари;
-Ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омиллар.
Идентив ўқув мақсадлари:
-Ҳудудий ишлаб чиқариш ва унинг асосларини ёритади;
-Ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омилларни тушунтиради.
1-асосий савол баёни.
Ишлаб чиқариш кўп ҳолларда ҳудуднинг табиий шароити, ресурслар турларининг бойлиги, меҳнат ресурслари ва бошқа омилларга жуда ҳам боғлиқ бўлади. Атроф муҳит ва экологик вазият нуқтаи назаридан табиий экологик шароит ишлаб чиқаришнинг ривожланишига маълум даражада таъсир этади. Чунки, ер ости ва ер усти бойликларининг мавжудлиги ресурс турига қараб унга мос (саноат) корхоналарини вужудга келиши ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга имкон беради. Саноат корхоналарини таркиб топиши аҳоли сонини ортиб бориши ва пировардида ишга туширилган корхоналар негизида аҳоли яшаш пункти ва баъзан меёрдаги шаҳарни вужудга келишига туртки бўлади (масалан, Учқудуқ, Мурунтов, Шўртан шаҳарлари).
Ишлаб чиқаришни жойлаштириш ва ривожлантириш ҳудуднинг табиий экологик шароитларига жуда мос тушиши ва асосан унинг хусусиятларидан келиб чиқиши шарт (бу тамойил қуйироқда таҳлил қилиб ўтилади). Аммо 30-50 ва хатто 70-80 йилларда ҳам собиқ Иттифоқ мавжуд бўлган вақтларда бунга жиддий эътибор берилмади ва натижада турли миқёсда экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлар юзага келди. Масалан, Чирчиқ ва Оҳангарон водийларида кўплаб турли саноат корхоналарини жойлаштириш, Сурхондарё водийсида (қўшни Тожикистон) да алюминий комбинати ишга туширилиши ва бошқалар. Бунинг оқибатида атроф муҳит ҳозирга қадар ҳам азият чекади, аҳоли саломатлиги, чорва моллари, қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўрмоқда.Бошқача айтганда саноат ишлаб чиқаришдан кўплаб даромад олиниши билан бирга атроф муҳит, аҳоли ва қишлоқ хўжалигига келтирилаётган зарар ва унинг иқтисодий баҳоси, бизнингча, бир-бирларига тўғри келмоқда. Ёки ишлаб чиқариш жуда ҳам кам самара билан ишлаётганлиги тўғри, оқилона таҳлил қилинса булар ўртасида ҳақиқий айирма объектив баҳоланган бўлар эди.
Ишлаб чиқариш мажмуаларини вужудга келтириш мавжуд табиий экологик шароитларни тўлиқ ҳисобга олишни тақозо этади. Биринчи навбатда иқлимий омиллар, хусусан шамол режимини аниқ эътиборга олиш юксак аҳамиятга эга. Чунки шамолнинг ҳаракати, тезлиги ва йўналиши саноат чиқиндиларини турли томонга ёяди, бунда бир ёки икки томонга йил давомида барқарор эсиш йўналишини кўпроқ назарда тутиш муҳимдир. Тожикистондаги алюминий корхонасини лойиҳалаш ва қуриш жараёнида тоғ-водий шамолининг қўшни Ўзбекистонга томон эсиши тўлиқ ҳисобга олинмаганлиги туфайли Узун, Сариосиё, Денов туманлари мунтазам азият чекиб келмоқда. Сурхондарёнинг ушбу туманларига етказилаётган умумий ижтимоий-иқтисодий зарар миқдори Тожикистондаги алюминий корхонасидан олинаётган даромаднинг маълум қисмини ташкил қилади. Бу вазиятни корхона лойиҳачилари ва экспертлари ўйлаб кўрмаганмикан? Худди ушбу ҳол Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен ҳудудларида ҳам мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |