Мавзу: Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти фанининг назарий асослари
Режа:
1. “Табиатдан фойдаланиш иктисодиёти” фанининг тадкикот обьекти, максади ва вазифалари
2. Табиатдан фойдаланиш иктисодиёти: тушунча ва атамалар
3. Табиат ва унинг ресурсларидан фойдаланишнинг географик ва иктисодий асослари
4. Табиат-хужалик-аҳоли тизими.
5. Табиатдан фойдаланиш тамойиллари, устувор йуналишлари ва уни оптималлаштириш
1.“Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти” фанининг тадқиқот обьекти, мақсади ва вазифалари
“Табиатдан фойдаланиш” деганда табиий ресурс салоҳиятини эксплуатация қилишнинг барча шакллари ҳамда уни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар мажмуаси тушунилади. Шунингдек, қайта тикланадиган ресурсларни мунтазам тиклаб бориш, миқдорини кўпайтириш, сифатини яхшилаш, табиатни мақсадга мувофиқ ҳолда ўзгартириш, унинг айрим ҳудудларини фойдаланишдан чиқариб, алоҳида муҳофаза қилинадиган объектлар - қўриқхоналарга айлантириш кабиларни ҳам шу маънода тушунмоқ керак. Табиатни мақсадга мувофиқ ҳолда ўзгартириш – табиатнинг биологик тизимлари маҳсулдорлигини ошириш мақсадида режали ва илмий жиҳатдан асосланган негизда барқарор равишда ўзгартириш, демакдир.
Табиатдан бойликларни олиш миқёси фан ва техника тараққиёти асосида тобора ортиб бораётган ва инсоннинг хўжалик фаолияти жадаллашаётган ҳозирги пайтда иккала турдаги фаолият – табиатдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бир-биридан ажратилмаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Табиатдан фойдаланиш жараёнидаги ҳар бир тадбир уни муҳофаза қилиш жараёнига мос келувчи тадбир билан қўшиб олиб борилгандагина табиий муҳит ҳолатини мунтазам тиклаб бориш, атроф - муҳитни ифсосланишининг олдини олиш мумкин. Бизнингча, табиатдан фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, яхшилаш тадбирлари диалектик жиҳатдан ўзаро боғлиқ тадбирлар бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида амалга оширилгандигина катта самарага эришилади. Бу жараённи “табиатдан оқилона фойдаланиш” атамаси билан ифодалаш мақсадга мувофиқдир.
Узоқ вақтдар мобайнида табиатдан оқилона фойдаланишга амалий муаммо сифатида қараб келинди. Аммо табиатдан фойдаланишнинг амалий вазифалари махсус, кенг қамровли ва теран тадқиқотлар талаб қилаётган ҳозирги шароитда шундай тадқиқотлар билан шуғулланадиган, табиатдан оқилона фойд аланишнинг назарий асосларини ишлаб чиқадиган “Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти” фани шаклланди.
У табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқлик натижаларини очиб беради, таҳлил қилади ва баҳолайди, табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг назарий тамойилларини ишлаб чиқади. Ушбу фан қараб чиқадиган масалалар қаторида иқтисодий ва ижтимоий(социал) масалалар асосий ўринни эгаллайди. «Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти» табиатга ундан фойдаланишнинг ҳар қандай вазифалари ечилишида мажмуа(мажмуали) ва тизимли(системали) ёндашувни таъминлайди. Бундай ёндашув тадбирлардан ҳар бирини “инсон – ишлаб чиқариш - табиат” умумий тизимидаги таркибий қисм сифатида қарашни тақазо этади. Табиат, табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича тадбирларни бир-бирига боғлиқ бўлмаган ва ишлаб чиқариш билан алоқасиз ҳолда қараш мумкин эмас. Бу унсурлар бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг таркибий қисмларини ташкил этади. Табиатдан фойдаланиш муаммосининг мажмуалилиги шунингдек, техникавий тадбирларни ташкилий-иқтисодий тадбирлар билан биргаликда бўлишини ва улар ишлаб чиқариш жараёнида бир пайтда қўлланилишини билдиради.
«Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти» фанининг тадқиқот обьекти табиий ресурслар билан жамият ҳаёти ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ўртасидаги ўзаро алоқадорликдир. Ушбу алоқаларни мақсадга мувофиқлаштириш, инсон ҳаёт фаолияти муҳитини сақлаш ва тиклашга интилиш фан предметини ташкил этади;
- фан сифатидаги асосий мақсади ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳаётий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун табиий муҳитга мажмуали таъсир кўрсатишдир.
- асосий вазифалари жамиятнинг табиий ресурсларга бўлган ва узлуксиз ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш, табиий ресурсларни қайта тиклаш, табиий муҳитнинг маҳсулдорлигини ошириш учун шароит яратиш, тикланмайдиган табиий ресурслардан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш, атроф - муҳитни ифлосланишдан сақлаш, табиатни мақсадли ўзгартириш кабилардир.
- табиий ресурсларни уларнинг мураккаб ўзаро алоқадаги инсон хўжалик фаолияти таъсирида ўзгариш қонуниятларини, инсон учун бу ўзгаришларнинг аҳамиятини аниқлайди, табиий ресурслардан фойдаланишни асослайди, уларнинг ҳозирги ва келгуси авлодлар учун зарур бўлган миқдорий ва сифатий хусусиятларини сақлаш ва тиклаш усулларини ишлаб чиқади; У шунингдек, табиий маҳитни сифат жиҳатидан ёмонлашиб, миқдор жиҳатида қашшоқлашиб боришининг олдини олишнинигина эмас, балки уни мақсадли равишда узлуксиз яхшилашни таъминлаши ҳам лозим.
Шундай қилиб, «Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти» нинг илмий йўналиши табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни тиклаш ва муҳофаза қилиш, инсониятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун табиий муҳитни ифлосланиш ва бузилишдан ҳимоя қилиш, табиатни ўзгартиришга қаратилган тадбирлар мажмуасидан иборат. Лўндароқ қилиб айтганда, «Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти» – кишилик жамияти ва табиий муҳит ўртасидаги ўзаро таъсир мақсадга мувофиқлаштирилишини таъминлайдиган тадбирлар мажмуасидир.
«Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти» нинг умумий назариясини ишлаб чиқиш фанлараро вазифа бўлиб, унинг ечимига кўпгина фанлар ҳиссаси қўшмоқда. Аммо бу фанлар орасида табиатдан фойдаланишни илмий асосда ташкил этишга мажмуали ёндошадиган география ва иқтисодиёт фанлари тармоқлари алоҳида мавқега эга. Зеро, бу фанлар табиатдан фойдаланиш масалаларини ўрганиш ва бу масалалар бўйича амалий тадбирлар тизимини ишлаб чиқишда катта имкониятларга эгадир. Шу сабабли “табиат – аҳоли – хўжалик” ягона учликни ўрганадиган география ва иқтисодиёт фанлари табиатдан фойдаланиш иқтисодиётининг муҳим муаммолари бўйича тадқиқотларнинг асоси бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |