Табиат мажмуаларининг табақалашуви ва табиатдан фойдаланиш. Табиат мажмуалари табиий жиҳатдан чегараланганлиги туфайли ўзлари эгаллаган ҳудудларда экологик шароит ва бойликларнинг деярли бир хиллиги ёки бир-бирига яқинлиги билан тавсифланади. Бу жиҳатдан қараганда ҳар бир мажмуа ўзи эгаллаган ҳудуд ва ўлчамларига қараб қишлоқ хўжалиги ёки саноат ишлаб чиқаришида маълум тармоқни ривожлантириш ёхуд объектни жойлаштириш учун қулай имкониятларга эга бўлади. Гап ушбу мавжуд табиий шароит ва ресурснинг табиий хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда деҳқончиликнинг аниқ тармоғини ривожлантириш ҳамда маълум саноат объектини жойлаштириш устида бормоқда. Чўл шароитида оддий ботиқ туб ва ёнбағирлар фацияларидан иборат бўлса, улар бир хил табиий шароитга эгалиги билан фарқланади. Бундай вазиятда унинг туби деҳқончиликда, айтайлик шоли, ёнбағирлари ғўза ёки ем-хашак экинларини ўстириш учун қулай. Агарда ботиқ туби шўрланишга мойил бўлмаса, у ҳолда шоли ўрнига беда, маккажўхори ва намликни севувчи бошқа экинларни жойлаштириш лозим. Оддий географик фация мисолида экинларни тўғри жойлаштира билиш муҳим, акс ҳолда ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашади.
Оддий урочиша бир неча фациялардан ташкил топганлиги сабабли деҳқончилик мақсадларида фойдаланилганда алмашлаб экиш схемаларини тўғри қўллаган ҳолда экинларни ернинг мелиоратив ҳолатига қараб жойлаштириш айни муддаодир. Бунда экинларнинг намликни истеъмол қилиш хусусияти ва шўрга чидамлилиги, шунингдек, нишаб ёнбағирларда ирригация эрозияси вужудга келиши мумкинлигини эътиборга олиб, маълум далалар схемаси тарзида уларни жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Далалар схемаси деганда уларнинг маълум релъефга мос келувчи фациялар назарда тутилади. Фация миқёсида деҳқончиликни ривожлантириш ерларни мелиорация жиҳатидан яхшилашда ҳам қўл келади. Чунки ҳар бир фация маълум турдаги мелиоратив тадбирга муҳтож, бу жиҳатдан қараганда экилаётган экинлар схемаси ҳам унга мос келиши лозим. Эрозияга мойил ерлар – тупроқни ювилишдан сақлаб қолиш мақсадида иҳотазорларни тўғри режалаштириш ва экинларни кулис усулида жойлаштиришни тақозо этади. Бундай вазиятда сув айирғич, кенг ёнбағир ва этак қисмларда эрозия жараёнининг даражасига қараб экинларни жойлаштириш таклиф қилинади.
Жой тизими бир неча урочишалар мажмуасидан иборат бўлганлиги туфайли деҳқончиликни ривожлантиришда ҳудуднинг аниқ хусусиятларини ҳисобга олиш талаб этилади. Бу борада район планировкаси тамойилларини қўллаш айни муддао. Чунки жой мураккаб рельеф ва уни ташкил қилган ётқизиқлар кескин ўзгарувчанлиги билан тавсифланади. Ботиқ ва қавариқ ер шакллари ўзаро алмашиб келиши ва уларнинг ўлчамлари турлича бўлиши сабабли, баъзан чуқурроқ ва баландроқ рельеф шакллари мавжудлиги туфайли ердан фойдаланиш схемасини мураккаблаштиради. Бу борада суғорма деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, мелиорация ва ирригация, ер ости ва ер усти коммуникациялари, қишлоқ хўжалик техникасини таъмирлаш корхоналари, саноат, рекреация, спорт, маданий-маиший, аҳоли яшаш жойлари, маориф, соғлиқни сақлаш, савдо, бошқарув ва бошқа объектларни географик жойнинг хусусиятларини тўғри ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш лозим. Район планировкаси лойиҳасида деҳқончилик учун қулай бўлган барча ерлар иложи борича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига ажратилиши лозим. Қишлоқ, савдо, транспорт, спорт ва бошқа инфратузилма обьектлари ўзаро уйғунлашиши ва ягона макон бош лойиҳаси асосида тузилиши мақсадга мувофиқ. Бинобарин, табиий мажмуаларнинг табақалашуви ердан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фойдаланишни режалаштириш ва у билан боғлиқ бўлган соҳаларни жойлаштиришни асослаш ва уларни амалга оширишда мажмуали негиз вазифасини ўтайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |