5. Табиатдан фойдаланиш тамойиллари, устувор йўналишлари ва уни оптималлаштириш
Бозор иқтисодиёти шароитида табиий бойликлардан фойдаланиш шундай илмий тамойилларга асосланиши зарурки, бунда табиат ҳам, жамият ҳам азият чекмаслиги лозим. Биосферада табиий компонентларнинг бир-бирлари билан ўзаро мувозанатда бўлиши билан бирга, тирик табиат билан нотирик табиат ўртасидаги ўзаро экологик мувозанат тамойиллари ҳам амалий аҳамият касб этади. Бу тамойилларга кўра, табиий чегараланган ҳар бир ҳудудда икки турдаги табиат орасида шундай тенг муносабат мавжуд бўладики, бунда улар бир-бирларининг маълум табиий мувозанатда бўлишини тақозо қилади. Лекин улардан бирининг ташқи таъсир натижасида бузилиши мувозанат узоқ муддат (бир неча юз асрли) издан чиқишига олиб келади. Ушбу бузилишнинг параметрлари асосида содир бўлган ҳодиса бошқа бир неча ҳодисаларнинг таркиб топиш таъсири билан белгиланади (сабаб-оқибатлар занжирининг бир-бирлари билан туташиб кетиши). Экологик мувозанат жуда ҳам мўрт бўлиб, кўп ҳолларда геотизимларнинг сув мароми, ўсимлик оламининг қашшоқланиши, тупроқ қопламининг бузилиши билан боғлиқ (Оролбўйи, Балхашбўйи).
Инсон меҳнат фаолиятининг экологик жиҳатдан тозалик тамойили муаммолар ечимида амалий аҳамиятга эга. Бу тамойил ишлаб чиқариш жараёнида ва кундалик турмушда вужудга келган турли қаттиқ, суюқ ва газсимон чиқиндиларни табиий муҳит - атмосферага, сув ҳавзалари, тупроққа обдон тозалаб, бутунлай зарарсизлантирилгандан сўнг чиқариш зарурлигига асосланади. Мазкур тамойилнинг амалиётда татбиқ этилиши атроф - муҳит ифлосланишини тўхтатиш ва унинг барқарор тозаланишида энг самарали ҳисобланади. Бизнингча, аввалига қисман, кейинчалик вақт мобайнида тўлиқ амал қилишга босқичма-босқич ўтиш билан табиий муҳитнинг тозаланишига эришиш мумкин.
Табиат ресурсларидан меъёрига яраша фойдаланиш тамойилини олдинги тамойил билан биргаликда қўлланилиши мақсадга мувофиқ, чунки улар бир-бирларини тақозо этади. Қуръони Каримда «Дунёда барча нарсалар ўлчоқли» деган ибора бор. Дарвоқе, табиат ва унинг ресурслари ҳам чексиз эмас, улар ўз ўлчамига эга. Уларнинг ифлосланиши ва қашшоқланиши эса фойдаланиш жараёнини мураккаблаштиради, сунъий тақчилликларга сабаб бўлади. Бинобарин, табиий бойликлардан эҳтиёжига ва меъёрига катта эътибор берган ҳолда фойдаланишни ташкил этиш айни муддао.
Бу борада тикланадиган, тикланмайдиган, иккиламчи ресурсларнинг барча ўлчамларини ҳисобга олган ҳолда меъёрий фойдаланишга амал қилиш тамойили барча турдаги ишлаб чиқариш жараёнида ва инсоннинг кундалик турмушида қўлланилиши даркор.
Табиатдан фойдаланиш жараёнининг мажмуалиги ва бу борада тадбирларнинг экологик жиҳатдан асосланганлик тамойили ишлаб чиқаришнинг атроф - муҳитга салбий таъсирини иложи борича камайтиришга, муҳитнинг тозаланишига, аҳолининг турли касалликларга мубтало бўлмаслигига ижобий таъсир этади. Табиий ресурслардан фойдаланиш чоғида барча технологик жараёнларнинг экологик жиҳатдан атроф - муҳитга таъсири энг кичик кўрсаткичларга қадар пасайтирилиши экологик муаммоларнинг ечимини тезлаштиради. Бунга чиқиндисиз технология, кам чиқиндили технология, берк технология каби ишлаб чиқариш жараёнларини қўллашга ўтиш билан эришилади.
Иккиламчи ресурсларни мажмуали тўлиқ қайта ишлаш тамойилига амал қилиш билан ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келган терриконлар-ағдармалар ва бошқаларни, маиший турмушда таркиб топаётган турли чиқиндиларни қайта ишлаш билан атроф - муҳит ифлосланиши ва яйловлар банд бўлишининг олди олинади.
Бозор иқтисодиётига ўтилаётган ҳозирги пайтда ресурслардан фойдаланишда такомиллашиш тамойилига амал қилина бошланди, чунки ер умумхалқ мулки бўлиб қолган ҳолда ундан фойдаланувчилар ширкатлар, фермер хўжаликлари, оилавий пудрат шакллари таркиб топа бошлади. Хўжаликнинг бу шаклларда ривожлантирилишида деҳқонлар ер уларга узоқ вақтга қадар фойдаланиш учун ажратиб берилганлиги туфайли унга ўз мулки сифатида қарайди, яъни аввало ердан оқилона фойдаланиш, уни турли жараёнларга берилишининг олдини олиш тўғрисида қайғуриш, сувдан расамадига қараб фойдаланиш, сифатининг бузилишидан сақлашга ҳаракат қилади. Хўжаликни бу тарзда ривожлантириш катта иқтисодий самара берибгина қолмай, табиат муҳофазаси йўналишида ҳам ресурсларнинг мунтазам маҳсулдорлигини ошириб бориш учун реал имкониятлар вужудга келтиради.
Табиий бойликлардан фойдаланиш маълум стратегия ва тактикага асосланиши лозим, чунки уларнинг баъзилари тугалланадиган, тикланмайдиган гуруҳларга оид бўлса, қолганлари тугамайдиган ва тикланиш хусусиятига эга. Баъзан тугамайдиган ресурслардан жуда кучли даражада фойдаланилиши туфайли маълум давргача уларнинг амалда қўлланилиши чекланади, чунки улар мутлақо яроқсиз ёки сифатсиз ҳолга келиши мумкин.
Минерал хом ашёлардан фойдаланишда маълум илмий тамойилга асосланиш ўта зарур. Бу борада мажмуалик тамойили жуда ҳам асқотади. Табиатда фақат бир элементдан ташкил топган қазилма бойлик камдан-кам учрайди, кўп ҳолларда 2-3 ва ундан кўп, баъзан 15-20 хил фойдали элементлардан ташкил топган конлар учрайди. Кондан фойдаланишда аксарият керакли бойлик ажратиб олингани ҳолда, қолганлари (масалан, сочилма элементлар) ағдарма сифатида терриконларда тўплана боради, бу жараёнда уларнинг сифати бузилади, исроф бўлади, атроф - муҳитга зарар келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |