Жамиятнинг материалистик талқини
XIX асргача бўлган даврда жамиятга оид қарашларда диний ва идеалистик қарашлар чамбарчас ҳолда ҳукмрон бўлишига қарамасдан, Левкипп ва Демокритдан тортиб то Л. Фейербах ва Н.Г.Чернишевскийгача бўлган, йирик мутафаккирлари қарашларида айрим материалистик ғоялар мавжуд эди. Масалан, Демокрит таъкидлашича, инсоннинг «қўли, ақли ва идроки» инсоннинг эҳтиёжлари таъсири остида ижтимоий қадриятларни яратди. Лукреций Кар жамият ҳам табиат ҳам худоларнинг иродаси билан пайдо бўлмайди ва улар орқали бошқарилмайди деган фикрни маъқуллайди.
Шарқ мутафаккирларининг қарашларида ҳам жамиятни материалистик талқин этишнинг айрим элементлари бор. Масалан, Форобий жамият пайдо бўлишининг табиий сабабларини топишга интилади. У «моддий эҳтиёжларни биринчи даражага олиб чиқади ва бу билан жамиятнинг пайдо бўлиши муаммосини кўтаради»23.
Янги даврда табиий фанларнинг ва механик-материалистик ғояларнинг ривожланиши ҳам ижтимоий тараққиётни материалистик асосда тушунтириш тўғрисидаги билимларнинг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди. Бу жараёнга XVIII аср француз материалистлари катта ҳисса қўшдилар. Бу эса, а) жамиятни идеалистик-теологик тушунишни инкор қилиш; б) детерминизм концепциясини (ижтимоий ҳодисаларнинг пайдо бўлишининг сабабийлигини) белгилаш; в) жамиятнинг инсонларнинг ўзаро муносабатлари ва ўзаро таъсирлари асосида қурилиши; г) ривожланишнинг асоси деб амалий тажриба ва қарашларга аҳамият бериш кераклигини таъкидлаш. Масалан, Л.Фейербах ўзининг натуралистик концепциясини жамиятни диний ва идеалистик талқин этишга қарши қўяди. Унинг асосида ижтимоий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида инсон сезгилари эканлиги таъкидланади. Умуман олганда, Л.Фейербах материализми антропологик характерга эга.
Ижтимоий ривожланишнинг материалистик талқини К.Маркс ва Ф.Энгелсларнинг «Капитал», «Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши», «Немис мафкураси», «Фалсафа қашшоқлиги», «Муқаддас оила» асарларида кенг ёритилган. Улар «ижтимоий борлиқ», «ижтимоий онг» каби фалсафий тушунчаларини асослаб бериб, биринчисини иккинчисига нисбатан бирламчи эканлигини таъкидладилар. Ижтимоий ривожланишнинг асосини ижтимоий ишлаб чиқариш ташкил қилиши тушунтириб берилди. Жамият ривожланишининг тарихий босқичларида маълум бир моддий ишлаб чиқариш усули ётиши, бу эса ижтимоий-иқтисодий формация сифатида ифодаланиб, инсоният жамияти тарихи эса формацияларнинг кетма-кет алмашинувидан иборатдир.
Ижтимоий ривожланишни тушунтиришга оид ҳозирги замонавий материалистик талқинлар етарли даражада кўп ва ранг-барангдир. Энг аввало, «диалектик-гуманистик» оқим нуқтаи назаридан жамиятни кўпроқ «инсонийлаштириш», гуманизациялаштириш керак. Шу мақсадда фалсафанинг қуйидаги турли мактаблари ва йўналишларининг ғояларини материалистик ғоялар билан бирлаштиришга ҳаракат қилинади: неохегелчилик (Франкфурт мактаби – Т. Адорно, Т. Марузе, Ю. Хабермас ва б.); фрейдизм (фрейдомарксизм – В.Райх, Э.Фромм ва б.; экзистенциализм (Ж.-П. Сартр, А. Лефевр, М. Мерло-Понти ва б.); феноменология (Э. Пачи, П.Пиконе ва б.), «Ҳаёт фалсафаси» (Э.Блох) ва бошқалар. Масалан, Ж.-П.Сартр тўғридан-тўғри «ижтимоий материя»нинг мавжудлиги тўғрисида гапирса, «франкфуртчилар» эса жамиятнинг иқтисодий тузилмаси таҳлилига ўз эътиборларини қаратадилар.
ХХ аср ижтимоий фалсафасининг ривожига венгер файласуфи Дьердь Лукач (1886-1971), жиддий таъсир кўрсатди. Унинг ғоялари нафақат Венгрияда (А.Хеллер. Ф.Фехер, А.Хегедуш), балки бошқа давлатларда – Югославия (Г.Петрович, М.Маркович, С.Стоянович), Францияда (Л.Гольдман) ҳам кўпгина мутафаккирларнинг фалсафий қарашлари шаклланишига асос бўлиб хизмат қилди. Лукач ва унинг издошлари фалсафа бус-бутунича жамиятга йўналтирилган, табиат эса инсоннинг унга нисбатан ақлий-амалий муносабати оркали қаралиши керак, деб тахмин қиладилар.
Жамият ривожланиши тўғрисидаги замонавий қарашлар ривожининг яна бир йўналиши «сциентизм» йўналишидир. Улар материализмни «тарихдан», «эмпиризмдан», «мафкурадан» тозалаш йўли билан «илмийлаштириш», «яхшилаш» орқали такомиллаштириш керак, деб уқтирадилар. Бу оқимнинг намоёндаларидан бири француз файласуфи Луи Альтюссердир. Айнан у назарияни эмпирик, идеологик, субъектив қатламлардан «тозалаб», илмий ижтимоий фалсафани яратиш вазифасини илгари сурди. Альтюссернинг фикрича, фалсафадаги асосий тушунча «амалиёт»дир. Амалиётни иқтисодий жиҳатдан тор маънода тушунишни бартараф этиш учун Альтюссер амалиётнинг уч хил турига ( иқтисодий, сиёсий, мафкуравий) оид тушунчани киритади. Файласуфнинг фикрича, «улар бир-бирлари билан ўзаро таъсирда бўлган ҳолда шаклланиш ва ривожланишнинг ўз мантиғига эга, шу сабабли иқтисодиёт сиёсат ва мафкурага таъсир кўрсатади ва ўз навбатида улар ҳам иқтисодиётга таъсир ўтказиши мумкин». Альтюссернинг қарашлари Францияда (Э. Балибар, Д.Лекур, П.Реймон, Н. Пулантцас), Буюк Британияда (Б.Хиндесс, П.Херст), Италияда (Г.Делла Вольпе ва б.), АҚШ да (Дж. Элетер, Дж. Ремер и б.) кенг тарқалган.
3-боб. ЖАМИЯТ: ТУШУНЧАСИ, ТУЗИЛИШИ, АСОСИЙ СОҲАЛАРИ
Do'stlaringiz bilan baham: |