Жамиятни билишда ижтимоий фалсафанинг ўрни
Ижтимоий билиш (жамият тўғрисидаги фан мажмуи)да ижтимоий фалсафа ёки жамият фалсафаси алоҳида ўрин эгаллайди. Ижтимоий фалсафа жамиятни бирбутун тизим сифатида, яъни уни ташкил қилувчи элементларнинг оддий механик йиғиндисига боғлаб бўлмайдиган, интеграл тузилма (ҳосила) сифатида тадқиқ этади..
Жамият тўғрисидаги фанларнинг ичида ижтимоий фалсафа жамиятни умумий тарзда оламнинг алоҳида бир қисми сифатида ўрганади. Шунинг учун ҳам жамият энг юқори даражада умумийлаштирилган тушунчалар – фалсафий категориялар ёрдамида талқин этилади. Ижтимоий фалсафа умумфалсафий қонунларни, яъни (табиат, жамият ва тафаккур қонунларини) ижтимоий ҳодисалар ва жараёнлар таҳлилига татбиқ этишдан иборатдир. Ижтимоий фалсафа жамият тўғрисидаги энг умумий назарий билимлар тизимидан иборат. У, жамият нима, у қандай фаолият кўрсатади ва ривожланади; бу ривожланишда инсоннинг роли қандай, деган масалаларни кўриб чиқади.
Ижтимоий фалсафанинг жамият ҳақидаги фанлар мажмуидаги роли ва аҳамияти шундан иборатки, у ижтимоий билишни тўлалигича ривожлантириш учун назарий ва методологик асос бўлиб хизмат қилади. Маълумки, ҳар қандай илмий қонун ва категорияларни ўрганиш учун дастлаб энг умумий қонун ва категорияларни билиш керак бўлади. Ижтимоий фалсафа эса, айнан, шундай билимларни беради, чунки унинг қонун ва категориялари керакли даражадаги умумийлик хусусиятига эгадирлар. Жамият тўғрисидаги аниқ, махсус фанлар (социология, сиёсатшунослик, маданиятшунослик ва б.) ижтимоий ҳаётнинг турли томонлари ва қирраларини таҳлил қилиш билан бирга, ижтимоий фалсафанинг тушунчалари ва предмети мазмунини бойитишга ёрдам беради. Шу тариқа, агар ижтимоий фалсафа жамият тўғрисидаги бошқа фанларга назарий-методологик асос бўлса, улар эса, ўз навбатида ижтимоий-фалсафий умумлашмалар учун эмпирик асос бўлади.
Ижтимоий фалсафанинг жамият ҳақидаги бошқа фанлар билан муносабати
Социология, айниқса, умумназарий социология назарий-методологик асосларига кўра ижтимоий фалсафага кўпроқ яқиндир. Уларнинг яқинлиги шу даражада аниқки, файласуфлар ҳам, социологлар ҳам бир-бири билан бундай яқин, ўзаро мустаҳкам боғлиқ бўлган фанларнинг алоҳида-алоҳида, мустақил равишда мавжуд бўлиши мақсадга мувофиқлигига шубҳа билдирадилар. Лекин, шуни таъкидлаш керакки, социология (ҳатто назарий бўлса ҳам) ҳар доим ижтимоий фалсафага қараганда умумийлик даражаси камроқ бўлган қонун ва категориялар билан иш кўради. Зеро, шу нарса аниқки, ижтимоий борлиқ ва ижтимоий онг муносабатлари, ижтимоий ривожланиш манбалари, ижтимоий билишнинг хусусияти, цивилизациянинг глобал муаммолари каби фалсафанинг асосий фундаментал муаммолари социологик таҳлилдан четда қолади. Шунинг учун ҳам социологияни ижтимоий фалсафага қўшиб юбориш мақсадга мувофиқ бўлмаганидек, ижтимоий фалсафани ҳам назарий социологияга тенглаштириш мумкин эмас.
Ижтимоий фалсафа билан яқиндан боғлиқ ва ўзаро таъсир қилиб турувчи фанларнинг яна бири тарихдир. Уларнинг талайгина умумий томонлари бор. Биринчидан, ижтимоий фалсафа ҳам, тарих ҳам социумни фақат биртомонлама ўрганиш билан чекланмасдан, уни бирбутунича, яхлит ҳолда комплекс ўрганадилар. Иккинчидан, униси ҳам, буниси ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча шакллари ва соҳаларини ўрганадилар. Учинчидан, иккала фан ҳам ўз диққат-эътиборини аввало тарихий жараённинг субъектив, яъни фаолият томонига қаратадилар. Тўртинчидан, тарих ва фалсафа бир-бирига сингиб кетади. Чунки фалсафанинг муҳим элементи сифатида фалсафий ғоя ва таълимотларнинг тарихи ётади. Айни пайтда, фалсафа тарихи тарих фанининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Ижтимоий фалсафа билан тарих ўртасидаги тафовут қуйидагилардан иборат. Биринчиси, типик, умумий, муҳим томонларни ўрганади. Файласуфни социум ривожланишининг энг умумий қонунлари, бу ривожланишнинг манбалари ва ҳаракатлантирувчи кучлари, тарихий жараённинг умумий мазмуни ва асосий босқичлари қизиқтиради. Бошқа ижтимоий фанларга (сиёсатшунослик, психология, иқтисодий назария, ҳуқуқшунослик ва б.) келсак, уларнинг предмети билан ижтимоий фалсафа предметининг фарқи аниқ: уларнинг ҳаммаси ҳам фалсафий умумийлик ва универсалликни даъво қилмайди, жамият ҳаётининг фақатгина конкрет, алоҳида жиҳатларини, соҳасини ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |