3-§. Жамиятнинг сиёсий соҳаси
Сиёсийликнинг моҳияти
Жамиятнинг сиёсий соҳаси (ёки содда қилиб айтганда - сиёсат) социум тузилмасининг асосий қисмларидан биридир. Кенг маънода «сиёсат» ва «сиёсий соҳа» тушунчалари бир-бирига мос келади. Тор маънода сиёсат деганда одамларнинг, сиёсий кучларнинг ҳокимиятга эгалик қилиши, уни сақлаб туриш, мустаҳкамлаш ва амалга оширишга қаратилган онгли хатти –ҳаракати тушунилади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси маълум бир даражада: давлатнинг фуқароси сифатида, сиёсий партия ёки ижтимоий-сиёсий ташкилотнинг аъзоси сифатида, меҳнат жамоаси ёки жамоатнинг аъзоси сифатида сиёсий соҳа билан боғлиқдир.
Янги давргача фалсафада «ижтимоий» ва «сиёсий» деган тушунчалар деярли синоним сўзлар деган нуқтаи назар мавжуд эди, шунга кўра, сиёсий соҳа умумий ижтимоий-фалсафий муаммолардан ажратилмас эди. Фақат ХVII-ХVIII асрларга келибгина сиёсийлик тушунчаси инсон фаолиятининг турли, нисбатан мустақил предмет соҳаларидан, шу жумладан ахлоқ, иқтисодиёт соҳасидан фарқли ўзига хос хусусиятларга эга эканлиги маълум бўла бошлайди.
Турли манфаатларга эга бўлган ижтимоий гуруҳ ва жамоатларнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши улар ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг шаклланишида муҳим бир асосга айланади. Антик даврдан бери «сиёсийлик» сўзига таъриф беришга ҳаракат қилиб келинди. Масалан, Арасту барча соҳалар орасида сиёсатга қатъий равишда биринчиликни берган, жумладан, «агар барча билим ва санъатларнинг охирги мақсади яхшилик бўлса, унда барча билим ва санъатлар орасида энг олий яхшилик сиёсатнинг мақсадидир»32, деб баҳо берган эди.
Кўп асрлар давомида Шарқда ҳам Ғарбда ҳам сиёсатни ижтимоий-сиёсий жиҳатдан тушуниш шаклланиб келди. Бунда сиёсат асосан ижтимоий жараёнларни бошқарадиган соҳа сифатида тушунилди. Берунийнинг таъкидлашича, «бошқариш ва етакчилик қилиш – бу бошқариладиганларнинг тинчлиги деб ўз тинчлигидан воз кечишдир… Уларнинг оилалари, мол-мулклари ва ҳаётларини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилиш учун ўз кучини йўқотишдир».33
Сиёсатнинг моҳиятини тушунишда Форобий ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Сиёсий фаннинг предмети сифатида у қуйидагиларни айтиб ўтади: а) турли гуруҳларнинг онгли ҳаракатлари, одатлари, меъёрлари, кўникмалари ва бошқалар; б) уларнинг қандай мақсадга ва нима учун йўналтирилганлиги; в) уларнинг инсонда намоён бўлишининг шакл ва усуллари; г) уларнинг инсоннинг хатти-ҳаракатларида мустаҳкамлашни бошқаришнинг усуллари ва йўллари.34
Сиёсатнинг моҳиятига оид замонавий фалсафий қарашларнинг шаклланишида Ж.Локк, Т.Гоббс, Н.Макиавелли (1469-1527), Ш.Монтескье, Ж.-Ж.Руссо, Г.Хегел, А.Токвиль, Л.Фейербах, К.Маркс, К.Поппер ва шу каби мутафаккирларнинг ғоя ва таълимотлари муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам ҳозирги замон жамияти сиёсат соҳасининг фундаментал асоси шаклланишида ва уларни асослашда бу мутафаккирларнинг хизматлари каттадир. Хусусан, Н.Макиавелли биринчилардан бўлиб, сиёсатнинг инсон ҳаёти ва жамиятда алоҳида ва мустақил ўрин эгаллашини аниқ асослаб берган. Шунингдек, Т.Гоббснинг «Левиафан»и, Ж.Локкнинг «Давлатни идора этиш ҳақидаги икки рисола»си, Ш.Монтескьенинг «Қонунларнинг руҳи ҳақида»ги асари, Ж.Ж.Руссонинг «Ижтимоий битим тўғрисида»ги, Хегелнинг «Ҳуқуқ фалсафаси» асари, И.Кантнинг «Абадий дунё тўғрисида»ги рисоласи, К.Поппернинг «Очиқ жамият ва унинг душманлари» асари ва бошқаларнинг асарларини юқори баҳолаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |