Жамиятнинг структураси
Жамият ҳар қандай мураккаб бир бутун ҳодиса ва тизим сифатида ўз тузилиши, структурасига эга. Бу структура қандай деган саволга файласуфларнинг бир эмас бир қанча авлодлари жавоб топишга ҳаракат қилишган. Қадимги шарқ файласуфлари фикрича, жамият бирбутун бўлгани билан бир турдаги объект эмас. Милоддан аввал IV асрда яшаган хитой файласуфи Чжуан-цзи таъкидлашича, «нимаики турли-туманликдан маҳрум бўлса, турли-туманлик бўлган жойда пайдо бўлади».
Антик даврда жамият структураси муаммосига икки хил ёндашув шаклланган эди. Биринчи ёндашувга асосан, жамият – тегишли ички структурага эга бўлган табиий тузилмадир. Иккинчи қарашга асосан, жамият яшаш ва бошқариш осон бўлиши учун сунъий равишда тизимга солинган. Биринчи нуқтаи назарни Арасту, Сенека, иккинчисини – Афлотун, Эпикур, Лукреций Кар қўллаб қувватлаганлар.
Ўрта аср Шарқида Арастунинг қарашлари кенг тарқалиб, жамият структурасининг табиийлиги тан олинган. Янги даврда «ижтимоий шартнома» (битим) назариясига асосланган иккинчи нуқтаи назар кенг тарқалган. Унга кўра одамлар «табиий ҳолат»да мутлақ тенг, озод, ўзига тўқ бўлиб, жамиятнинг ўзи эса, ҳеч қандай структурага эга эмас. Фақат ижтимоий битим тузилгандан кейингина жамият структурага эга бўлади. Бу ҳолат Ж.–Ж. Руссо (1712-1779) томонидан яққол кўрсатиб берилиб, унинг фикрича олий ҳокимият – жамиятнинг «боши», қонун ва урф-одатлар – «мияси», савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги эса – ҳазм қилиш тизими, молия эса – «қони»дир ва бошқалар26.
Илмий социологиянинг асосчиларидан бири инглиз файласуфи Герберт Спенсер (1820-1903) ҳар қандай жамиятнинг асосида ётадиган учта асосий тизимни ажратган: а) тартибга солувчи; б) яшаш воситаларини ишлаб чиқарувчи; в) бўлиб берувчи. Социум қанча ривожланган бўлса, унинг тузилиши шунча мураккаб бўлади. «Бир хилликдан кўп хилликка ўтиш бир бутун цивилизация тараққиётида ҳам, ҳар бир қабила тараққиётида ҳам кузатилади»27.
Турли фалсафий, социологик мактаблар ва йўналишлар жамият структураси тўғрисида ўз вариантларини тавсия этганлар. Ижтимоий бирбутунликка кирувчи мустақил тизим ва кичик тизим сифатида маданият (И.Гердер, О.Шпенглер, К.Ясперс), санъат (Г.Лессинг, И.Тен, Ж.М.Гюйо), иқтисодиёт (Н.Смелсер, У.Мур, Т.Веблен), дин (Э.Дюркгейм, М.Вебер, Т.Лукман), шунингдек, фан, техника, ҳуқуқ, тил, экология, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар тавсия қилинган эди.
Ҳозирги замон жамият фалсафасида ижтимоий структура концепциялари етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Улардан Л.Альтюссернинг структурализмини, Э.Гиозденснинг структурация назариясини, П.А. Сорокиннинг стратификация концепциясини, К.Леви-Стросснинг генетик антропологиясини, Гольдманнинг ирсий структурализмини, Р.Мертоннинг тузилмали функционализмини айтиб ўтиш мумкин.
Вақт ўтиши билан жамият тузилмасида тўртта асосий соҳалар ажралиб чиқди: иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий соҳалар. Шуни таъкидлаш керакки, «ижтимоий ҳаёт соҳаси» тушунчаси ўрнига «ижтимоий структура» ёки «сиёсий ҳаёт» каби тушунчалар ишлатилади. Уларни синоним тушунчалар деса ҳам бўлади. Лекин фанда кўпроқ «соҳа» тушунчаси қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |