1-§. Жамият тушунчаси ва унинг тузилиши
«Жамият» тушунчаси
Жамият нима деган савол интуитив жиҳатдан ҳамма учун тушунарли бўлса ҳам, лекин яна жамият нима ўзи деган савол туғилади?
Этимологик нуқтаи назардан бу тушунча турлича ҳодисаларнинг бирлигини ифодалайди:
Моддий дунёнинг бир қисми бўлиб, одамларнинг бирлигини ва шаклларининг тарихан ривожланаётган барча усуллари мажмуидир.
Одамларнинг тарихий жиҳатдан ўзаро таъсир усули ва бирлиги шаклининг ҳар бири.
Яшаш вақти ва яшаш жойи бир бўлган одамларнинг (минтақа, мамлакат ва б.) мажмуи.
Одамларнинг маълум мақсад йўлида бирлашиши.
Ўз вақтини биргаликда ўтказувчи одамлар гуруҳи ва бошқалар.
Жамият тушунчасининг моҳиятини турли фалсафий мактаб ва йўналишлар шунингдек алоҳида мутафаккирлар ҳам турли йўллар билан тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Шу жумлада жамият туғрисидаги юқорида кўрсатилган аввалги иккита тушунчани ўз ичига олган «социум» тушунчаси пайдо бўлди.
Француз файласуфи ва социологи Эмиль Дюркгейм (1858 -1917)нинг фикрича, «жамият – бу индивидларнинг оддий йиғиндисидан иборат бўлмай, махсус хусусиятларга эга бўлган, уларнинг бирлашмасидан ташкил топган тизим бўлиб, реалликни ўзига хос хусусиятларга эга бўлган «sui generis» акс эттиради». Немис файласуфи Макс Вебер (1864-1920) фикрича, жамият инсонларнинг ўзаро таъсиридан, яъни ижтимоий хатти-ҳаракатлардан ташкил топган тизим бўлиб, бошқа одамларнинг хатти-ҳаракатига қарши жавоб тариқасида йўналтирилгандир. М.Вебер жамият ривожининг асосини ижтимоий фаолиятда, деб ҳисоблайди. Америка социологи ва ижтимоий фалсафа бўйича мутахассис – файласуф Толкотт Парсонс (1902-1979) фикрича, жамият қадриятлар ва меъёрлар билан боғланган одамларнинг муносабатига асоланган тизимдир. Инсон шуларга асосланиб ўз ижтимоий фаолиятини амалга оширади. Т.Парсонсни маълум маънода М.Вебернинг ғоявий меросхўри дейиш мумкин.
Ҳозирги даврнинг таниқли файласуфлари Р.Арон, Д.Белл, П.Блау, А.Гидденс, Р.Дарендорф, Г.Зиммель, Ф. Знанецкий, Т.Кун, К.Леви-Стросс, К. Маннгейм, Р. Мертон, Х.Ортега-и-Гассет, К.Поппер, П.А. Сорокин, Э.Фромм, К.Ясперс ва бошқалар жамият тўғрисидаги ўзига хос фикрларини билдирганлар. Кўпчилик мутафаккирлар жамиятнинг моҳияти бир ёки бир нечта асосий принцип орқали тушунтирадилар. Масалан, О.Шпаннда бу принцип – бирбутунлик, О.Тоффлерда – плюрализм, У.Ростоуда – босқичма-босқичлик, К.Попперда – очиқлик, Р.Мертонда – универсаллик. Лекин масалага жиддий қаровчи файласуфлар ҳатто ўзларининг принципларини ҳам мутлақлаштирмайдилар. Масалан, К.Поппер очиқлик принципи тўғрисида шундай деб ёзади: «Очиқ жамиятлар... ҳали мукаммалликдан йироқда..., балки авлодларимиз бир неча юз йиллардан сўнг ахлоқий жиҳатдан биздан анча ўтиб кетсалар керак. Буларнинг барчаси рўй бериши мумкин деб ҳисобласам-да, шунга қарамай, яна қайтараман: ҳозирги даврда биз яшаб турган очиқ жамиятлар – қачонлардир мавжуд бўлган жамиятларнинг энг яхшиси, энг эркин ва адолатлиси, ўз-ўзини танқид қилувчи ва ислоҳотларни энг тез қабул қилувчилардир»24.
«Жамият» тушунчасини бир маънода таъриф қилинганда бир қанча назарий, методологик ва этимологик мураккабликларга дуч келинади. Биринчидан, бу тушунча ҳажми ва мазмуни жиҳатдан жуда кенг. Иккинчидан, бу тушунча мавҳум, яъни фалсафий категориядир. Учинчидан, бу тушунча динамик, яъни ривожланувчандир. Тўртинчидан, жамият фақат фалсафа фанининг предмети бўлмасдан, ҳамма ижтимоий фанлар мажмуининг предметидир. Бешинчидан, «жамият» атамаси турли маъноларда ишлатилиши мумкин.
Таниқли россиялик тадқиқотчи Э.В.Тадевосян ўзининг жамиятга берилган таърифида унинг барқарорлик, бирбутунлик, ўзини-ўзи бошқариш, ўзига тўқлик, ўзини-ўзи ривожлантириш, одамларнинг маълум алоқадорлиги ва ўзаро таъсирда бўлиши, муайян ижтимоий меъёрлар ва қадриятларнинг мавжудлиги каби хусусиятларни ажратиб кўрсатди25.
«Жамият» тушунчаси юқорида кўрсатиб ўтилган маънолардан ташқари яна: а) биологик тизимларнинг энг ривожланган босқичи; б) конкрет аниқ социум; в) ижтимоий алоқалар ва ўзаро таъсирлар шакли ва б. Жамият тўғрисида гап кетганда, у кенг, фалсафий нуқтаи назардан тушунилади. Энг кенг маънода, жамият – бу одамлар бирлашувининг ҳамма шакллари ва уларнинг ўзаро алоқалари ва ўзаро таъсирларининг ҳамма усуллари мажмуидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |