Пампада чўпонлар.
Ўлкада шарқдан ғарбга томон йиллик ёғин миқдорининг камайишига мос равишда тупроқ-ўсимлик қоплами ҳам ўзгаради. Бразилия жанубида ва Уругвайда ўсимлик қопламида ўрмонлар катта роль ўйнайди. Ўрмонлар одатда дарё водийларини қоплаган, лекин баъзи жойларда сувайирғичлардаги қизил тупроқларда ҳам ўсади. Ўрмонлар кўпроқ доимий яшил дарахтлардан иборат ҳамда лианаларнинг кўплиги ва дарахтларнинг қалинлигига кўра тропик ўрмонларга ўхшайди. Дарахтлардан араукария ва бамбуклар кўпчиликни ташкил қилади, буталардан парагвай чойи тарқалган. Сувайирғичларда ўрмонлар баланд ғаллагулли ўтлар қалин ўсадиган очиқ ерлар билан алмашинади.
Сув босадиган ботқоқлик ерларда, айниқса Уругвай ва Парана дарёлари оралиғида катта майдонларни ботқоқ ўсимликлари эгаллаган. Кўп жойларда қалин қамишзорлар сақланиб қолган, қамишзорлар орасида ҳар ер-ҳар ерда кўлоблар бўлиб, улар нилуфар (ictoria cruciana) ва турли сув ўтлари билан қопланган. Жануби-ғарбга томон галлагулли ўсимликлар кўпайиб, дарахтлар жуда камаяди ва Сернам Пампада ўрмон бутунстай ўсмайди. Илгарилари бу ерларни чаловлар, Stipa, Jlelica, Arictida селинлар авлодига мансуб ғаллагуллилар ва бошқа ўтлар қоплаб ётган.
Қуруқ Пампадаги суғорилмайдиган ерлар типик чалачўл манзарасига эга. Пампа-Жанубий Американинг аҳолиси энг зич ўрнашган ва ўзлаштирилган ўлкаларидан бири. Бу гап ўлканинг Ла-Платага туташган районлари учун айниқса тааллуқлидир. Бу ерда йирик шаҳарлар жойлашган ва деярли барча ерлар ҳайдалган. Илгари бу ерларда катта майдонларни ўрмон ва бута ўсимликлари қоплаган бўлиши мумкин, лекин ҳозирги вақтда улар бутунлай йўқолиб кетган. Улар ўрнини боғлар, полизлар ва ғалла ҳамда маккажўхори экиладиган кенг далалар эгаллаган. Ғарбга борилган сари аҳоли пунктлари тобора камаяди, ҳайдаладиган далалар яйловлар, ўзлаштирилмаган ерлар билан алмашади.
Ҳайвонот дунёси ҳам кам сақланиб қолган. Ҳайвонлардан туёқлилар билан даштларнинг йирик қушлари кўп бўлган. Ҳозирги вақтда кўплаб турли хил кемирувчилар пайдо бўлган. Икки дарё оралиғидаги ботқоқли ерларда ва Атлантика океани соҳилидаги лагуналар бўйида турли қушлар-қизил ғоз, қарқара, лойхўрак ва бошқалар яшайди.
КОРДИЛЬЕРА ЁНИ ТОҒЛАРИ
Бутунлай Аргентина территориясида жойлашган бу ўлка табиатининг хусусиятлари унинг материкнинг кчки қисмида, Атлантика океанидан узоқда, жанубий тропик чизиғи билан 38° жанубий кенглик оралиғида, Анд тоғлари олдида жойлашганлигига ва Анд тоғлари уни Тинч океанидан ажратиб туришига боғлиқ. Ўлка рельефи учун неоген-антропоген даврида платформа чеккасида орогеник ҳаракатларнинг жадаллашиши натижасида ҳосил бўл ган, меридиан йўналишидаги палахса тоғ тизмалари ва уларни бир-биридан ажратиб турувчи чуқур сойликлар ҳамда ясси текисликлар хосдир. Ўлкада табиий шароити кескин фарқ қилувчи чалачўл ландшафтлари кўпчиликни ташкил қилади. Табиий шароитдаги фарқлар рельефидаги тафовутлар таъсирида вужудга келган.
Кордильера ёнининг шарқий чеккадаги Пампа Сьерралари деб аталадиган Сьерра-де-Кордова ва Сьерра-Санлуис тизмаларининг баландлиги 2880 м га етади. Улардан шимолроқда, Гран-Чако чегарасида 5000 м дан ҳам баланд Сьерра-дель-Аконкиха кўтарилган. Ўлканинг ғарбидаги Кордильера-Дефаматина 6250 м га етади.
Тизмаларнинг юқори қисмлари қадимги текисланган юзалардан иборат бўлиб, ёнбағирлари неоген охири ва антропоген бошидаги узилмалардан ҳосил бўлган. Тоғ тизмаларини бир-биридан нуроқ материаллар билан тўлган грабенлар ажратиб туради. Грабенларнинг таги денгиз сатҳидан 1000-2000 м баландда жойлашган бўлиб, шўрхоклар, шўр ботқоқлар ва кўллар тўлиқ ёки қисман эгалланган. Ўлкани ғарб томонда бўйлама чўзилган йирик тектоник ботнқ Анд тоғларинннг шарқий тизмаларидан ажратиб туради. Яқин ўтмишдаги ёрилишлар натижасида вужудга келган бу ботиқда ер қимирлашлар бўлиб туради, зилзилалар баъзан вайроналик келтирадиган даражада кучли бўлади.
Ботиқлардаги кайназой эрасининг ғовак жинслари орасида нефть бор; тоғ тизмаларининг кристалл жинслари рангдор металларга бой.
Тоғ оралиғидага ботиқлар учун иқлимнинг қуруқ ва континенталлиги хосдир, бу хусусият шарқдан ғарбга томон ортиб боради. Йиллик ёғин миқдори (ёғин деярли фақат ёз фаслида ёғади) қуруқ Пампада 250-300 мм дан тоғ оралиғи ботиқларида ва Анд олди ботиқларида 100 мм гача камаяди. Шу билан бирга ёғин миқдорининг йилдан-йилга анчагина ўзгариб туриши кузатилади. Мендоса ёки Сан-Хуан каби жойларда баъзи йилларда ёмғир деярли бутунлай ёғмайди.
Йиллик ёғин миқдори фақат меридиан йўналишида чўзилгай тоғ тизмаларининг шарқий ёнбағирларида ва уларнинг этакларида кўпаяди, чунки бу ерларда Атлантика океани томонидан келадиган ҳаво массалари Сьерра-с-де-Кордова ва бошқа тоғ тизмаларининг шарқий ёнбағридан юқорига кўтарилиб, таркибидаги намни қолдиради. Кордова, Тукуманда ва тоғ тизмаларининг этагидаги бошқа аҳоли пунктларида ҳамда Сьерраларнинг шарқий ёнбағрида 500мм дан 1000 мм гача ёғин тушади.
Лекин тоғ тизмаларининг ғарбий ёнбағрида йиллик ёғин миқдори кескин камаяди. Бу ҳол бутун ландшафт комплексида акс этади ҳамда табиий районлар ўртасида, баъзан бир-бирига жуда яқин жойлашган районларда ҳам кескин фарқларга сабаб бўлади. Бутун ўлка учун ҳароратнинг суткалик кескин ўзгариши характерлидир, бундай ўзгариш қиш вақтида ботиқларда айниқса яққол сезилади. Қишки ўртача ойлик температуралар мусбат ( + 8, + 10°С) бўлгани ҳолда кечалари ушиқ совуқлар бўлиши, қалин қиров тушиб, саёз сув ҳавзаларида сув юзаси музлаши мумкин. Кундузи қуёш чиқиши билан ҳаво температураси +20°С дан юқори кўтарилиши мумкии.
Бутун ўлка сувга жуда камбағал, бунинг устига груит сувлари ва ер усти сувларининг анчагина қисми шўрланган, бунга грунтнинг шўрлиги сабабдир. Оқар сувлар Анд тоғлари ва Сьерраларнинг шарқий ёнбағирларида вужудга келиб, қумлар орасида йўқолиб кетади ёки қуруқ Пампа ҳамда ички сойликлардаги шўр кўллар ва ботиқларга қуйилади. Ёзда тоғлардати қорларнинг эриши ва ёмғир сувлари қўшилгач, дарёларнинг тошиши катта вайроналикларга сабаб бўлади, йилнинг бошқа вақтида улар жуда саёзланиб қолади. Кўп дарёлар тоғлардан чиқиши билан улар суви суғоришга олинади.
Суғориладиган ерларда воҳалар бунёд этилган, воҳаларда узум (Мендоси райони), шакарқамиш (Тукуман райони) ва бошқа маданий ўсимликлар етиштирилади.
Ўлканинг ботиқлардаги суғориладиган районларидан ва сьерраларнинг ўрмонлар билан қопланган сернам шарқий, ёнбағирларидан бошқа ерларида ўсимликлар сийрак ҳамда аниқ ифодаланган ксерофит белгиларга эга. Бу ерларда шўрхок ёки кўчма қумли ерлар кактус, акация, жинжак ёки қаттиқ ғаллагуллилар ўсадиган кенг майдонлар билан алмашиниб туради.
ПАТАГОНИЯ ПЛАТОСИ
Патагония деб Жанубий Американинг Аргентинада жойлашган жануби-шарқий қисмига айтилади. Бу 40° жанубий кенгликдан жанубда жойлашган дунёдаги ягона қурғоқчил ўлкадир.
Патагонияда қаттиқ баргли ўтлар, тиканли буталар билан қопланган, сув деярли йўқ, аҳоли жуда сийрак бўлган бир хил кўримсиз плато кўплаб километрларга чўзилган. Шарқда плато баланд жарликлар ҳосил қилиб, сертўлқин совуқ океанга тушади.
Патагония платосининг юза қисми горизонтал ётган ёш чўкинди жинслар қатламлари ва тўқ рангли базальт лавалари билан қопланган. Бу жинслар ер юзасига яқин жойлашган қадимги фундаментни қоплаб ётади. Шимолда қадимги фундамент ер юзасига чиқиб, қирларни ҳосил қилган, бу қирларни чуқур, тор водийлар кесиб .ўтган. Ўлканинг жанубий қисмида вулканик ёки қатламли зинапоясимон платолар кўп ерларни эгаллаган. Бу платоларни чўзиқ тоғорасимон сойлар кесиб ўтган. Сойларнинг баъзилари қуруқ, баъзиларида озроқ сув оқиб туради.
Патагония қирғоқлари океанга баландлиги 100 м га етадиган ва ундан ҳам ортиқ бўлган тик жарликлар ҳосил қилиб тушганидан кемачилик учун ноқулай: Ер юзаси океандан узоқлашган сари кўтарилиб боради ва Патагониянинг айрим тоғ массивлари 1500 м га етади.
Патагония платоси фақатгина шарқда тик тушмасдан ғарбда ҳам, Анд тоғлари этагида жойлашган Андолди ботиғига ҳам тик тушади. Бу ботиқда музлик кўллари кўп ва ер юзасида морена маҳсулотлари уюлиб ётади. Анд тоғларининг тармоқлари ботиқни алоҳида-алоҳида қисмларга бўлиб юборган.
Патагония платосининг иқлими қуруқ. Бу кенгликларга ёғинларни ғарбий шамоллар келтиради, лекин ўлкани бу шамоллардан Анд тоғлари тўсиб туради. Анд тоғларидан ҳаво массалари ошиб ўтиб исийди ва ёғин бермайди. Иқлимнинг қуруқлигига иккинчи сабаб Жанубйй Американинг жануби-шарқий қирғоқлари яқинидан ўтадиган совуқ Фолкленд оқимидир. Бу оқим ёғин тушишига тўсқинлик қилибгина қолмасдан ёзги ҳаво ҳароратини ҳам пасайтириб туради. Шу сабабли Патагонияда температуранинг фаслий ўзгариши шу кенгликларда кузатиладиган одатдаги ўзгаришчалик катта бўлмайди.
Йиллик ёғин миқдори Атлантика соҳилида айниқса кам, бу ерда 150 мм дан ошмайди (Санта-Крусда ҳаммаси бўлиб 133 мм ёғин тушади). Анд тоғлари этагида, айниқса кўндаланг водийлар тоғларни кесиб ўтиб, ғарбий нам шамоллар шарқий ёнбағирларига кириб келадиган жойларда ёғин бироз кўпаяди. Бундай жойларда 300-400 мм гача ёғин тушади. Энг кўп ёғин ҳамма жойда ҳам қишга тўғри келади.
Ёз Патагониянинг шимолида иссиқ, жанубида эса салқин ке-лади. Рио-Негро водийсида январь ойининг ўртача темиератураси + 24°С атрофида, лекин платонинг ўрта қисмида январьтемператураси +.18°С гача, жанубда, Санта-Крусда эса тахминан +15°С гача пасаяди. Энг юқори ҳарорат +28°, +35°С гача етади.
Энг совуқ ойнинг ўртача температураси ҳамма жойда ҳам 0°С дан юқори, лекин -30°Оача етадиган совуқлар бўлади. Ҳар йили қишда қор ёғади, шимолда у дарров эриб кетади, жанубда эса бир неча кун туради. Патагония иқлими қурғоқчил эканлиги учунгина одамлар яшаши, ўсимликларнинг ривожланиши ва деҳқончилик учун ноқулай бўлмасдан, шунингдек доим эсиб турадиган қаттиқ шамоллар туфайли ҳам ноулайдир. Жанубда қиш пай-тида шамоллар қор бўронларини ҳосил қилади. Атлантика океани соҳилларида тез-тез туман бўлиб туради. Туманлар кемачилик учун ўзи ҳам ноқулай шароитни янада ёмонлаштиради.
Қурғоқчилик ва қаттиқ шамоллар дарахтларнинг ўсиши учун тўсқинлик қилади. Орол шаклидаги кичик-кичик ўрмонлар фақат Анд тоғлари этакларида учрайди. Патагониянинг қолган қисмида ўсимлик қоплами сийрак ғаллагуллилар ва қаттиқ ёстиқсимон буталардан иборат. Шимолда ўсимлик қопламида бу жойлар учун характерли бўлган Аргентина кумуш ранг қўнғирбоши кўпчилмгни ташкил этади, ҳамма жойда чалов, бетага, типчоқнинг ҳар хил турлари тарқалган. Доимий яшил ўсимликлардан кактуслар, опунция ва бошқалар учрайди. Умуман ўсимликларнинг қиёфаси фаслларга қараб нисбатан кам ўзгаради. Жанубда мох ва лишайниклар пайдо бўлади ҳамда қуруқ дашт ва чалачўллар тундра билан алмашинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |