Кордильера тоғларининг орографик схемаси. Кордильера тоғлари тектоник структураси ва орографиясига кўра шимолдан то жанубгача умумий хусусиятларга эга. Бу ҳақда умумий обзорда айтиб ўтилган эди.
Баланд тоғ тизмаларининг ғарбий системаси океан ҳавоси циркуляцияси йўли устида жойлашгақ шу сабабли шарққа томон океаннинг таъсири кескин сусаяди. Кордильера тоғлари иқлимининг бу хусусияти орографик сабабларга боғлиқ бўлиб, тупроқ ўсимлик қопламида, баландлик минтақаланишининг ўзига хослигида, ҳозирги замон музликларининг ривожланганлигида акс этади ва бу иқлимий хусусият тоғ системасининг барча қисмида намоён бўлади.
Бироқ бу умумий қонуният зонал шароитларнинг ўзгариши таъсирида турли кенгликларда турлича намоён бўлади. Шу сабабли, Кордильера тоғларида бир нечта табиий-географик областни ажратиш мумкин; уларнинг чегаралари иқлим минтақаларининг чегараларига қараб ажратилади.
Кордильера тоғларининг арктика ва субарктика қисмидаги энг шимолий области Аляскани ҳамда Канаданинг шимоли-ғарбини ўз ичига олади. Кейинги область Кордильера тоғларининг Канаданинг жануби-ғарбида ўртача кенгликларда ва АҚШ нинг шимоли-ғарбида жойлашган қисмларини эгаллайди. Бироз жануброқдаги область субтропик кенгликларида, АҚШ да жойлашган. Жанубда-тропик минтақада Шимолий Мексика Кордильера тоғлари жойлашган. Бу табиий-географик бўлиниш (районлаштириш), юқорида айтиб ўтилганидек, Кордильера тоғларини тектоник-орографик жиҳатдан сегментларга бўлинишига тахминан тўғри келади.
АЛЯСКА ВА ШИМОЛИ-ҒАРБИЙ КАНАДА КОРДИЛЬЕРАЛАРИ
Бу областга Шимолий Американинг арктика ва субарктика минтақаларида жойлашган барча тоғли Шимоли-Ғарби, яъни, Алеут ороллари, деярли бутун Аляска (Алясканинг мўътадил минтақасига кирувчи чекка жанубий соҳил қисми ва оролли қисми бундан мустасно), Канаданинг ғарбда Авлиё Илья тоғларининг жанубий этакларидан шарқда Маккензи ва Қояли тоғлар орасидаги чегарагача бўлган қисми киради. Область ғарб ва шимоли-ғарбда Чукотка ва Беринг денгизлари ҳамда Тинч океанга, шимолга эса-Бофорт денгизига кенг очиқ. Бироқ сув ҳавзаларининг таъсири асосан областнинг ғарбий қисмида сезилади. Денгиз соҳилидан узоқлашилган сари иқлимнинг континенталлиги тезлик билан орта боради.
Рельефда бутун Кордильера тоғлари системасига хос хусусиятлар акс этган; ички плато ва ясси тоғликларнинг кенг полосасини ҳар икки томондан нисбатан баланд тоғ тизмалари ўраб туради; шуниси ҳам борки, энг катта тоғлар Тинч океан соҳиллари бўйлаб қад кўтарган.
Тинч океанга ёндошган тоғ тизмалари системаси орогенезнинг невадий ва Тинч океан фазаларида пайдо бўлган. Унинг ҳозирги рельефининг шаклланишида ер пўстидаги яқиндагина рўй берган вертикал ҳаракатлар катта роль ўйнаган; вертикал ҳаракатлар айрим жойларнинг кўтарилишига, бошқа жойларнинг эса бўлиниб кетиши ва чўкишига сабаб бўлган. Бу ҳаракатлар вақтида вулканиқ жараёнлар рўй берган ва улар ҳозирги вақтда ҳам тугаган эмас. Алеут ороллари парчаланган ва қисман сув остига чўккан тоғ ёйидан иборатдир унда 25 тача ҳаракатдаги вулкан бор (энг улкан вулканнинг баландлиги 3000 м дан ортади).
Аляска ярим оролининг катта қисмини эгаллаб, Кенай ярим оролида ҳам давом этувчи Алеут тизмаси шу тоғлар зонасининг давомидир. Бу тоғ тизмасида сўнган ва ҳаракатдаги вулканлар кўп. Улардан айримларининг баландлиги 3000 м дан ортади.
Материкда шимолроқда Тинч океан билан Беринг денгизи орасида сувайирғич ҳосил қилувчи Аляска тизмаси қад кўтарган. Ундаги Мак-Қинли чўққисининг баланДлиги 6193 м га етади ва у Шимолий Америкадаги энг баланд чўққи ҳисобланади. Бу тоғнинг жануби-шарқий чеккасида баландлиги салкам 5000 м ли Врангель тоғлари қад кўтарган бўлиб, улар кайнозой эрасида вужудга келган улкан массивдан иборатдир. Бу тоғлар деярли бутунлай музликлар ва қорлар билан қопланган.
Коппер дарёсининг чуқур дараси кесиб ўтган ва баландлиги 4000 м дан ортадиган Чугач (Чугач Альпи) тоғлари Кенай ярим оролидаги тоғларнинг орографик давомидир. Бир оз жануброқда Авлиё Илья тоғлари юксакка бўй чўзган; унинг энг баланд-Логан чўққисининг баландлиги 6050 м.
Тоғ тизмаларининг кўриб ўтилган бу полосасида сўнган ва ҳаракатдаги вулканлар жуда кўп. Аляска ярим оролидаги каттагина Катмай вулкани ҳаракатдаги вулканлардандир; бу вулкан Шелихов бўғози тепасида қад кўтарган.
Т инч океан тизмаларидан шимол ва шарқда Юкон платоси жойлашган; у ўрта массивга тўғри келади ва уни Юкон дарёси кесиб ўтади. Платонинг кенглиги 300 км, баландлиги эса шарқий қисмида 1500 м дан ортиқ. Ғарбга томон у 1000-800 м гача па-сайиб Сьюард ярим оролини эгаллайди, сўнгра қирғоқбўйи паст- -текисликларига айланади. Беринг бўғози билан Беринг денгизи қирғоқлари пастак, лагуналардан иборат бўлиб, ёш денгиз ётқизиқлари ва аллювиал ётқизиқлардан таркиб топган.
Юкон платосининг ер юзаси токембрийдан тортиб турли ёшдаги бурмаланган ётқизиқлардан таркиб топган бўлиб, уни интрузив жинслар ёриб кирган. Ер юзасини кенг ботиқлар кесиб ўтган; бу ботиқлардан бурилиб-бурилиб оқувчи дарёлар аллювиал текисликларни ҳосил қилади, текисликларда кўплаб кичик кўллар жойлашган.