3. Камёб ва йўқолиб бораётган турларни интродукция қилишнинг популяцион-генетик жиҳатлари.
Интродукция масалаларида энг қийин ва масъулиятли вазифалардан бири – резерватларда турнинг генетик фондни сақлаб қолиш ва уни навларини яратиш орқали хусусиятларини бойитишдан иборат. Ботаника боғларида турнинг экотипини сақлаб қолиш зарур, уни кейинги этапларда ҳам асраш ёки табиий шароитга қайтадан реинтродукция қилиш лозим.
Бунда жамоатчиликка намойиш қилиш учун яратилган экспозиция ҳамда экспериментал участкалар бир-биридан маълум масофада жойлашиши, ўзаро алоқадорлик мутлақо бўлмаслиги ва бунинг чоралари кўрилиши керак.
Камёб, йўқолиб бораётган ёки эндемик турларни ботаника боғларига олиб келишда тур ичидаги популяция даражасида амалга оширилиши керак, чунки турларнинг тарихий тараққиёт давомида орттирилган ва унинг мослаша олиш қобилиятини таъминлайдиган ўзгарувчанлик имконияти, маданий ҳолда ўстирилганда намоён бўлади (Гершензон, 1941).
Академик Н.В. Цицин (1976) шундай ёзади: “дастлабки генофондни мақлаш тур таркибининг нечоғли мураккаб эканлигини бугунги кун тасаввурлари доирасида ечилиши лозим – фақат экологик расалар ва турлар ичидаги формаларнинг тўпламигина турнинг потенциал имкониятини очиб бера олади, улардан истаган биронтасини йўқотиш ўрнини қоплаш мумкин бўлмаган йўқотишдир.
Е.Н.Синская таъкидлаганидек, табиий танлов натижасида экотипик популяциялар доирасида, микроэволюциянинг маълум фазалари сифатида, экоэлементларнинг ажралиб чиқиши кузатилади. Унинг кўрсатишича турни билиш учун фақат генетик анализ ёрдамида амалга оширилмасдан, уни экологик-географик тизим сифатида қараш ҳам жуда муҳим.
Бир муҳитдан иккинчи муҳитга турни кўчириб ўтқазиш унинг генофондига қай даражада таъсир қила олади? Неча авлоддан кейин тур маданий ҳолда бемалол сақлана олади, уларнинг сони ва яшайдиган майдон қанча бўлиши керак?
Ҳақиқатда ҳам, йўқолиб кетаётган турларни интродукция қилишнинг генетика-популяцион жиҳати турларни маданийлаштиришнинг ҳозирги анъанавий схемасига мос эмас.
Тадқиқотчи олдиндан турларнинг белгиларини рекомбинациясини ва ирсий асосларини қайта қуриши мумкинлигини олдиндан кўра билиши ва бу масалани микроэволюция нуқтаи-назаридан қарамоғи керак.
Популяцион генетика асосчиси С.С. Четвериков (1965), табиатда ҳосил бўладиган ген алмашинувлари турлар томонидан ҳазм қилинади ва гетерозигота ҳолатида сақланади. “ Тур эса, деб ёзган эди у, губка сингари гетерозигота ген алмашинувини ўзига сингдириб олади, бунда ўзи ташқи томондан (фенотипик жиҳатдан) бир хиллигини сақлаб қолади. Табиатда эркин ҳолда чатишиш тур учун одатдаги ҳолга айланади, “жараён давом этаётган изоляция шароитида урлар ичида (кейинчалик туркумлар ичида) ўз-ўзидан фарқланиш (дифференциация)га сабаб бўлади.
Популяцияларнинг кам сонли вакиллари маданий ҳолда ўстирилиб бошлаганда географик изоляция натижасида туплар ўртасида турлараро фарқланиш кучаяди, табиий танланишнинг роли ошиши натижасида кучсиз туплар орадан сиқиб чиқарилади, сунъий танлов етакчи омиллардан бирига айланади.
Авлодлар алмашинуви ва тупларнинг сонига қараб мослашувдаги ўзгаришлар мустаҳкамланиб боради. Шундан келиб чиқиб, маданий ҳолда табиий ва сунъий танловнинг ўзаро таъсири остида популяциялар ичида алоҳида компонентлар пайдо бўлади, бу эса янги популяциялар ҳосил бўлишига олиб келади. Шундай қилиб, микроэволюцион жараён фаоллашади ва охир оқибатда тур ўзининг ирсий асосини қайта қуради.
Бу мураккаб ва қонуний жараён, табиий эволюциянинг модели сифатида, тур генофондини чуқур трансформациясига олиб келмайдими?
Тур генофонди айнан чуқур трансформацияга учрамасдан олдин, турни табиатга, ўзи қадимдан яшаб келган жойга реинтродукция қилиш керак.
Шу сабабли реинтродукция жараёнига жуда жиддий муносабатда бўлиш лозим, табиатга қайтарилиши керак бўлган ўсимлик мутлақо бошқа генетик материалга эга бўлиб ўз жойига қайтиши керак эмас.
Турнинг генетик фондини сақлаб қолиш учун ўсимликнинг 1-2 та авлоди алмашини керак, шундан кейин йўқолиб бораётган популяциянинг вакилини табиатга реинтродукция қилиниши керак, ёки ботаника боғларида махсусизоляцияланган экспозициялар қилиниб, ўша жойларда камёб ва йўқолиб бораётган турлар сақланиши керак.
Маълумки, табиий популяциялар генетик информацияларнинг асосий ташувчилари бўлганлиги сабабли уларни ўрганиш улкан аҳамиятга эга. Интродуцентлар популяциясини ўрганиш репрезентив материалларни аниқлашни, уларнинг табиий популяцияларникига қанчалик мослигини аниқлашни талаб этади. Табиий популяциялар танланганда ўсимликнинг оптимал сонини келтириш керак, чунки маданий ҳолда ўстирилганда ўсимликларда панмексия таъминланиши, гетерозигот авлод ҳосил бўлиши, изоляция қилинганда генофонд, табиий ва сунъий танланиш сақланиб қолиниши лозим. Жумладан, Уолтерс (1976) нинг фикрича камёб турларни ботаника боғларида сақлаб қолишга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири, интродуцентлар келтирилган пайтда етарлича генетик репрезентация таъминланмаслигидир.
Кейинги йилларда биологияда тез ривожланаётган фенетик йўналиш, ўсимликларнинг табиий популяцияларини ўрганиш, дискрет маркер-белгиларни ажратиш ва такрорланишини ҳисобга олиш, популяцияларнинг макондаги генетик моҳиятини ва гетерогенлигини назарда тутади.
Популяцияларни Ботаника боғларига келтиришда турнинг генофондини сақлаб қолиш имкониятларини башорат қилиш учун, табиий ҳолда популяцияларда содир бўладиган микроэволюцион жараёнларни тушуниш учун афтидан, дискредит альтернатив белгилар – фенларни ажратиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |