Нерв системаси ва сезги органлари. Умуртқали ҳайвонларнинг сув муҳитидан қуруқликда яшашга ўтиши билан марказий нерв системаси ва сезги органларининг қайта тузилишига ва мураккаблашишига олиб келган. Бош миянинг асосан олдинги қисми яхши такомиллашган, яримшарларнинг аниқ ажралганлиги ва миячасининг суст ривожланганлиги билан амфибиялар балиқлардан фарқ қилади.(70-расм)
70 – расм. Бақанинг нерв системаси ва бош мияси: 1-бош мия, 2-орқа мия, 3-нервлар, 4-олд мия, 5-оралиқ мия, 6-ўрта мия, 7-мияча, 8-узунчоқ мия.
Ҳидлов органлари мия яримшарлардан чегараланган. Ўрта мия суякли балиқларнинг ўрта миясига қараганда бироз кичик. Миячаси яхши тараққий этмагани гавданинг бирмунча оддий харакат қилиши билан алоқадор. Бош миядан балиқларникига ўхшаш 10 жуфт бош мия нервлари чиқади. ХI жуфт (қўшимча) нерв тараққий этмаган, ХII жуфт (тил ости) нерви мия қутисидан ташқарида туради.
Амфибияларнинг кўриш органлари қуруқликда яшовчи умуртқалилар учун характерли бўлган тарзда тузилган бўлиб, хавода анча узоқ масофадаги нарсаларни кўришга мослашган. Бу мосланиш кўз шох пардасининг бўртиб чиққанлиги, кўз гавхарининг икки томонлама қавариқ линза шаклида эканлиги ва кўзни қуриб қолишдан сақлайдиган харакатчан қовоқларнинг борлиги билан ифодаланади.
Эшитиш органи ҳам мураккаблашган. Ички қулоқ, ўрта қулоқ ноғора бўшлиғи ҳосил бўлган. Эшитиш суякчаси-узангини бир учи ноғора пардага, иккинчи учи овал найга тегиб туради. Евстахийев найи ўрта қулоқ бўшлиғи билан боғлаб, босимни тенглаштириб туради.
Хидлаш органи. Ҳидлаш органи ҳидлаш халтачалар, бурун тешиги-хоаналардан ташкил топиб, оғиз бўшлиғи билан туташиб кетган. Вояга етган сувда яшовчи амфибияларда ва уларнинг личинкаларида ён чизиқ сезиш органи вазифасини бажаради.
Айириш органи. Итбалиқларда бирламчи бош буйрак (пронефрон) ривожланади. Буйраги ялпоқсимон умуртқа поғонаси икки ёнида жойлашган буйракдан чиққан сийдик йўллари клаокага очилади.
Жинсий органлари. Жинсий бузлари жуфт. Тухумдонлардан чиққан тухум йўллари олдинги қисми тана бўшлиғига очилади. Кейинги кенгайиб бачадонни хосил қилади ва у клаокага очилади. Урғочиларда волф найлари фақат сийдик йўли вазифасини бажаради. Тухум тухумдондан тана бўшлиғига тушади бу ердан тухум йўлига ўтиб оқсил парда билан ўралади, сўнг бачадонга тушиб, кейин клаока орқали ташқарига чиқарилади. Уруғдонлар буйракларнинг олдинги четида бўлиб, ҳар бирида бир нечта ингичка уруғ чиқарувчи найча буйраклардан ўтиб волф найига очилади. Волф найи ҳам уруғ ҳам сийдик йўли вазифасини ўтайди.Сийдик –жинсий тешиги орқали уруғ клаокага тушади ва ташқарига чиқади.
Сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг ҳозирги вақтда думлилар, оёқсизлар, думсизлар туркуми бор. Ўзбекистонда думсизларнинг учта тури яшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |