Анамниялар ва амниоталар.
Умуртқали ҳайвонлар тузилиши ва ҳаёт кечириш тарзига кўра икки: анамниялар ва амниоталар гуруҳига бўлинадилар. Анамниялар гуруҳи: тўгарак оғизлилар, тоғайли ва суякли балиқлар, амфибиялар. Амниоталар гуруҳи: судралиб юрувчи ҳайвонлар, қушлар, сутэмизувчилар. Бу иккала гуруҳ тубандаги белгилари билан фарқ қилади.(7)
Анамнияларнинг ҳаёти сув билан боғлиқ. Улар умр бўйи ёки илк ривожланиш даврини сувда ўтказади. Баъзи амфибиялар айрим ҳолатларда мазкур қоидадан четга чиқса ҳам бу иккиламчи ҳодиса ҳисобланади. Бинобарин анамниялар бирламчи сув ҳайвонларидир. Амниоталар эса қуруқликда ҳаёт кечиради, айримлари сувда яшаса ҳам кўпайиш учун қирғоққа чиқади (китсимонлардан ташқари). Уруғланиш ички, тухумлари фақат ҳаво муҳитида ривожланади. Личинкалик даври кузатилмайди, ривожланиши метаморфозсиз амалга ошади. Шунинг учун бу гуруҳ қуруқликда яшовчи умуртқали ҳайвонлар деб номланади.
Анамнияларнинг тухум ва икралари ёпишқоқсимон юпқа парда билан қопланган, амниоталарнинг тухумлари эса қаттиқ пўст билан ўралади ва у тухумни қуриб қолишдан сақлайди.
Иккала гуруҳда ҳам эмбрион дастлаб парда билан ўралган ҳолда тухум ичида ривожланади. Анамнияларда эмбрион (итбалиқ) тухум пардасини ёриб ташқарига, сувга чиқади. Личинка аввало тухум сариқлиги билан озиқланади ва жабра орқали нафас олади. Амниоталарда эса ривожланишнинг илк босқичларида тухум юзасидан ҳалқасимон бурма кўтарилиб, катталашиб эмбрионни ўраб олади, учлари бир-бирига яқинлашиб кетади ва ички ҳамда ташқи қисмларга ажралади. Ташқи қисм сероз парда, ички қисм амнион парда деб аталади. Эмбрион амниотик бўшлиқнинг ичига жойлашади. Амниотик бўшлиқда амнион суюқлиги бўлиб, анамниянинг эмбриони бу суюқликда сузиб юради. Лекин амниоталарнинг эмбриони кичкина бўшлиқда қолиб кетганидан анамниялар эмбриони каби нафас ололмайди ва парчаланиш маҳсулотларини улар сингари ташқи муҳитга чиқариб ташлай олмайди. Шунинг учун амниоталар эмбрионида амнион пардаси ҳосил бўлиши билан бирга, алоҳида эмбрионал органи аллантоис ёки эмбрион сийдик пуфаги ҳам ривожланади. Энди эмбрион ўзидан ажраладиган парчаланиш маҳсулотларини худди шу аллантоисга чиқаради. Аллантоис яна нафас олиш органи бўлиб ҳам хизмат қилади. Чунки унинг девори қон томирларга бой, қон эса атмосфера кислороди билан тўйинган бўлади. Кислород эса тухум пўстидаги тешикчалар орқали киради. Тубан амниоталарда шундай хол юз беради. Сутэмизувчиларда аллантоис йўқолиб, унинг ўрнига йўлдош ёки плацента ривожланади. У ривожланаётган эмбрионни она организм билан боғлайди.
Анамнияларнинг териси доимо нам бўлиб туради сув ва газни яхши ўтказади. Тери безлари ишлаб чиққан шилимшиқ модда терини қоплаб туради. Ҳимоя қилувчи тангача ва қопловчи суяклар терининг бириктирувчи тўқимасидан келиб чиққан. Амниоталарнинг териси эса қуруқ бўлиб, безлар кескин қисқаради (сутэмизувчилар бундан мустасно). Эпидермиснинг юза қатламида шох моддалар ҳосил бўлади. натижада тери сув ва газларни деярли ўтказмайди.
Амниоталарнинг таянч-мускул системаси анамнияларнинг шу органларига қараганда яхши такомиллашган. Уларда скелет тўлиқ суякка айланган. Айириш органи бўлиб амниоталарда чаноқ буйрак – хизмат қилади.(14)
Do'stlaringiz bilan baham: |