Бу бўлим қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ўқувчиларнинг умумий, махсус жисмоний ва техник-тактик тайёргарлигини баҳолаш учун назорат машқлари жамланмаси (комплекси);
- синовлар ўтказиш бўйича ташкилий ва услубий кўрсатмалар;
- тиббий текширувлар вазифалари, услублари ва ташкил этилиши.
Спорт соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларидаги тиббий текширишларнинг асосий вазифалари соғлиқ ҳолатининг назорати, гигиеник кўникмалар ва тиббий ходим маслаҳатларини сўзсиз бажариш одатларини сингдириш кабилар ҳисобланади. Ўқув йили бошланиши ва якунида шуғулланувчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади. Йил давомида шуғулланувчилар 2 маротаба ( 6 ойда бир марта) чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишади.
Буларнинг барчаси соғлиқнинг, жисмоний ривожланиш ва функционал тайёргарликнинг дастлабки ҳолатдаги аҳволи даражасини аниқлаш имконини беради. Кўп йиллик тайёргарлик жараёнида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ушбу кўрсаткичлар динамикасини кузатиб бориш имконини, жорий кўриклар эса–машғулот ва мусобақалар юкламаларига чидамлиликни назорат қилиш ҳамда ўз вақтида зарур даволаш-профилактика чораларини кўриш имкониятини беради.
Спорт таълими муассасалари ўқувчиларининг умумий жисмоний тайёргарлигининг бошланғич даражаси ва динамикасини аниқлаш учун қуйидаги назорат машқлари жамланмаси тавсия этилади: 30 метрга югуриш; жойдан узунликка сакраш; 3x10 метрга моккисимон югуриш; турникда тортилиш (ўсмирлар); ётган холда қўлларни букиш ва ёзиш (қизлар); 1000 метрга югуриш ва ҳ.к.
Махсус жисмоний ва техник-тактик тайёргарлик бўйича назорат машқларини жамланмаси спорт тури бўйича белгиланади.
Педагогик назорат шунингдек, машғулот ва мусобақа фаолияти кўрсаткичлари (машғулот кунлари, мусобақа кунлари, стартлар сони), соғлиқ ҳолати, жисмоний ривожланиш, жисмоний тайёргарланганлик, функционал имкониятларнинг бошланғич ҳолатларини ўз ичига олади ва бу кўрсаткичлар динамикаси шуғулланувчиларнинг индивидуал картасига киритиб борилади (19 - жадвал).
Услубий тавсиялар. Спорт мактаблари ўқувчиларини УЖТ бўйича синовдан ўтказиш бир йилда икки марта амалга оширилади: ўқув йили бошланишида ва якунида. Синов олдидан тайёргарлик, танани қиздириш яьни разминка ўтказилади.
УЖТ бўйича назорат машқларининг тахминий жамланмаси қуйидаги синовларни ўз ичига олади:
стадион ёки енгил атлетика манежи йўлакчасида тиш(шип)лари бўлмаган спорт оёқ кийимларида 30 метрга югуриш бажарилади. Ҳар бир югуришда икки кишидан кам бўлмаган ўқувчи қатнашади, натижалари билан ёзиб борилади. Фақат бир имкониятга рухсат берилади;
узунликка сакраш юзаси сирпанчиқ бўлмаган текисликда амалга оширилади. Синалаётган ўқувчи старт чизиғи ёнида дастлабки ҳолатда туради, оёқларни паралел ҳолатда ва иккала оёққа депсиниб, қўлларини силкитган ҳолда сакрашни амалга оширади. Ерга тушиш бир вақтда иккала оёқда, текисликка қаттиқ тушишни олдини олган ҳолда амалга ошади. Ўлчаш пўлат ўлчагич(рулетка)да старт чизиғига яқинроқ жойлашган белги бўйича амалга оширилади, уч имкониятдан энг яхши натижаси сантиметрларда ёзилади;
3x10 метрга моккисимон югуриш юқори тезликда бажарилади. Синалувчи старт чизиғи ёнида устунларга юзма – юз холда туради, буйруқдан кейин тўсиқларни айланиб ўтади. Вақт секунднинг ўндан бири аниқлигида белгиланади. Бир имкониятга рухсат берилади;
турникда осилган ҳолда тортилиш, юқоридан тутган ҳолатда максимал саноқ кўрсаткичда бажарилади. Дастлабки ҳолат: қўлларининг тирсак суякларини тўла тўғри (текис)лаган ҳолатда турникда осилинади. Тортилиш синалувчининг ияги (жағи) турникдан юқори бўлган ҳолда ҳисобга олинади. Ҳар бир тортилиш дастлабки ҳолатдан бошлаб бажарилади. Тос – бел қисми ва тиззалар ҳаракати ҳамда қўлларни навбатма - навбат ишлатиш таъқиқланади;
ётган ҳолда қўлларни букиш ва ёзиш – максимал саноқ кўрсаткичда бажарилади. Даслабки ҳолат: горизонтал текисликка қўлларни тираб ётилади, қўллар тирсак суякларида тўғри(текис)ланган, тана ва оёқлар бутун бир чизиқни ҳосил қилиши лозим. Синалувчи кўкрак қисми билан полга (гаризонтал текисликка) тегиб дастлабки ҳолатга қайтганида тортилиш ҳисобга олинади. Машқни бажариш давомида тоз – бел суяклари ҳаракати таъқиқланади;
1000 метрга югуриш стадион йўлагида ўтказилади. Юришга (спортча) ўтишга рухсат берилади. Вақт 0,1 секундгача аниқликда белгиланади.
Махсус жисмоний ва техник-тактик тайёрланганлик даражасини назорати учун назорат машқлари жамланмаси спорт туридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Синовларни ташкил этиш бўйича тавсиялар ва шу синовлар тарифи берилиши лозим (24 ва 25 - жадваллар).