Сополакнинг тузилишига кўра ғовакли ва зич сопол буюмлар бўлади. ғовакли материаллардан ясалган сополак синганда хира кўринади, сувни осон шимиб олади, ғоваклилиги 5% дан ортиқ. ғовакли сопол буюмлар жумласига ғишт, ичи ковак тошлар, черепица ва бошқалар киради.Оқ ёки бир текис бўялган зич материаллар синганда ялтироқ чиғаноқсимон кўринади, ғоваклилиги 5% дан ошмайди, суюқлик ва газларни ўтказмайди. Зич сопол буюмлар ичида пол плиткалари, кислотага чидамли ғишт ва бошқаларни айтиш лозим. Сопол буюмлар сирланган ва сирланмаган бўлиши мумкин Сир (бўёқ) куйдириш йўли билан пухталанган шишасимон қопламдир. У буюмларни ташқи таъсирларга чидамли, сув ўтказмайдиган ва чиройли манзарали қилади. Гил-тоғ жинсларининг майдаланган(дисперсияли) таркибий қисми бўлиб, сув билан пластик қоришма ҳосил қилиш, қуригандан кейин унга берилган шаклни сақлаб қолиш ва пиширилгандан кейин тош қаттиқлигига эга бўлиш хусусиятига эга. Гил таркибида дала шпати (гранит, сиенит, гнейс ва хоказо) бўлган баъзи магматик ва метаморфик тоғ жинсларининг механик емирилиши ва кимёвий парчаланиш маҳсулоти ҳисобланади. Дала шпатининг парчаланиши натижасида каолинит минерали Al2O32SiO22H2O ҳосил бўлган. Лекин тоғ жинсларининг таркибида дала шпатидан ташқари бошқа минераллар (кварц, слюда ва ҳоказо) ҳам бўлади, шу сабабли улар емирилганда гил, кварц, слюда ва парчаланмаган бошқа минераллларнинг заррачаларидан иборат мураккаб аралашма ҳосил бўлади. Гил таркибида дала шпати, оҳактошларнинг парчаланмаган доналари шунингдек, темирли, органик ва бошқа моддалар бўлиши мумкин. Охактошнинг гил таркибидаги йирик доналари заррали аралашмалар ҳисобланади, чунки пишириш жараёнида улар оҳакка айланади, сўнгра оҳак ҳавода сўнади ва ҳажми кенгайиб сопол буюмларни емиради. Гилларнинг сопол материаллар ишлаб чиқаришда ҳисобга олинадиган энг муҳим хоссалари пластиклиги, ҳавода ва оловда кичрайиши, оловбардошлиги, гил сополакнинг ранги ва ҳоказолардир. Пластиклик деб, гил қоришмасининг ташқи кучлар таъсири остида дарзлар ҳосил қилмасдан керакли шаклга кириши ва куч олингандан кейин шу шаклни сақлаб қолишига айтилади. Гил таркибида гил заррачаларининг миқдори ортган сари унинг пластиклиги ортади. Гил қанча пластик бўлса, яхши шаклланадиган гил қоришмасини ҳосил қилиш учун шунчалик кўп сув талаб қилинадики, бу эса ўз навбатида қуритиш ва пишириш жараёнида буюмларнинг кўп киришишига сабаб бўлади. Гиллар юқори пластик гил, ўртача пластик гил ва кам пластик гилларга бўлинади. Ёғли гилларнинг пластиклиги яхши бўлади, улар боғланувчан бўлади ва осон шаклланади, лекин буюмлар қуриш жараёнида ҳажми кичраяди ва дарзлар ҳосил бўлади. Кам пластик гилларга шакл бериш жуда қийин бўлади. Шаклланадиган массанинг пластиклигини ошириш, ғишт ва бошқа материаллларнинг сифатини яхшилаш учун сиртига фаол моддалар –сульфат-ачитқи брагаси (СДБ) ва бошқалар қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |