Жаҳон базмида меҳмонсан, икки уч соғар ичкач, кўп,
Ки, мунжар бўлмағай ногаҳ малолатқа бу меҳмонлиқ.
Бу дунёда меҳмонсан, икки уч қадаҳ май ичсанг ҳам, бу ишинг меҳмонлигинг боис тасодифий малолликка бориб етмайди.
Ошиқ ўз-ўзига мурожаат этиб бу дунёда вақтинча, бир келиб кетувчи меҳмон эканлигини таъкидлайди. У энди илоҳий ишқ тўлатилган қадаҳни сипқормоқчи. Ошиқнинг бир неча бор май ичиши ҳеч кимнинг хафалигига сабаб бўлмайди ва уларга малоллиги етмайди. Ошиқ бу дунёга меҳмон, унинг қалбида эса абадий ишқ мужассам. Бу майни ошиқ ёрни соғиниб ичади. Ошиқнинг бу аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки ҳақиқий ишқ оташи қандай бўлишини, фақат унда куйиб-ёнган чин ошиқларгина билишади. Лирик қаҳрамоннинг атрофида эса бундай чин ошиқлар йўқ.
Мисрадаги жаҳон базми бирикмаси истиора санъатига, меҳмонлиқ ва меҳмонсен сўзлари иштиқоқ санъатига мурожаат этилган.
Бори душворлиқларни ўзунгга айласанг осон,
Бори душворлиқлар доғи бўлғай шояд осонлиқ.
Ҳамма қийинчиликларни ўзингга осон айласанг, эҳтимол, бу мушкулларинг осон бўлиб қолар.
Ишқ йўлида чеккан шунча қийинчиликларингнинг ҳаммасини енгиб ўтсанг, мақсадингда собит қолсанг, албатта, бир кун муродинг ҳосил бўлади. Бу йўлдан собитқадам бўлиб боришинг ва мақсадга тезроқ яқинлашиб ўз мушкулларингни енгиб ўтишинг керак. Шунда охир-оқибат севикли ёрнинг мархаматига лойиқ кўрилиб, бир кунмас бир кун муродингга етасан. Сенинг бундай бардошингни, ишқингни кўриб зора, Илоҳнинг ўзи бор қийинчиликларингни енгиллаштиргай.
Байтда икки марта душворлиқ сўзининг қўлланилиши натижасида такрир, осонлиқ ва душворлиқ сўзлари орқали тазод санъати юзага келган.
Кел, эй соқий, мени бир жом ила қил масти лояъқил,
Ки, даҳр ичра эрур ғофил тизилмак маҳзи нодонлиқ.
Кел, эй май улашувчи дўст, мени бир қадаҳ билан беҳуш қилгин. Шу сабабли бу дунёда ғофил саналмоқлик нодонликнинг айни ўзидир.
Бу дунёдан буткул кўнгил узган ошиқ ёлғиз Илоҳга ошиқлиги, кўнглида ундан бошқа ҳеч нарсанинг ёди бўлмаганлиги боис диндан, дин амалларидан ҳам воз кечди. Олдин ўз гуноҳларини ўтиниб Аллоҳни севган бўлса, энди ҳеч қандай таъмасиз уни севади. Муддао унинг васфини томошо айлаш, гўзал юзидан баҳраманд бўлиш. Абадий ишқни истаб ўлмоқлик. Лекин бу дунёда бундай ошиқлар нодон деб қаралади. Ҳақиқий ишқ кўр-кўрона дин амалларини бажариш эмас, қалбда Аллоҳ ишқини нақшлаш эканлигини ҳеч ким тушунмайди. Ошиқ эса бу дунёдан, ундаги одамлардан бутунлай йироқлашган. У май тутувчи соқийга, яъни орифга мурожаат этиб қадаҳ тутишини сўрамоқда. Соқий-устози комил эса ҳар лаҳза ошиққа май улашишга тайёр. Ошиқ бу майни ичиб ҳушсиз бўлишни, батамом ўзлигидан, бутун борлиғидан қутулишни истайди. Охир-оқибат ишқи ғалаба қозонишига шубха қилмайди.
Мисрада эй соқий бирикмаси илтифот, жом, маст сўзлари таносуб санъатларини юзага келтирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |