Ёшурдим доғи ишқинг, ҳажр ўти жисмимни куйдурди.
Кўнгулни доғи чок эт, қолмади чун анда пинҳонлиқ.
Ишқинг ҳасратини ичимга беркитдим, аммо айрилиқ ўти жисмимни куйдирди. Энди кўнгилни тилишда яна давом эт, чунки энди унда яширадиган ҳеч нарса қолмади.
Ошиқнинг бу йўлдаги қийинчиликлари давом этмоқда. У қалбидаги ишқ алангасини қанча яширишга уринмасин, барча ҳасратларни ичига ютмасин, бу оташ барибир ошиқнинг бутун жисм-у жонини куйдирмоқда. Бу аланга тобора авж олса оляптики, бир лаҳза ҳам сўнгани йўқ. У ишқини одамлардан беркитмоқчи эди, аммо тобора кўпроқ ошкор бўлиб бормоқда. Бу унинг юз-кўзидан, бутун жисм-у жонидан аён бўлиб турибди. Шу боис ошиқ Маъшуққа мурожаат этиб, яна юракни қийнашда, жисмимни куйдиришда давом этавер, чунки энди ошиқлигимни ҳеч кимдан сир сақлайдиган жойи қолмади деб сўзида давом этади. Жисм-у жони ишқ алангасида ёнаётган, қалбига минг ҳасратлар тўлган, ишқдан сармаст бўлган девона ошиқ учун бу дунёда ҳеч нарса қийматсиз, заррача аҳамият касб этмайди.
Байтдаги доғи ишқинг, ҳажр ўти бирикмалари орқали истиора санъати юзага келган.
Лабингдур жоми Жамшиду юзунг миръоти Искандар,
Мусалламдур санга ҳусну жамол аҳлиға султонлиқ.
Лабинг Жамшиднинг жомига, юзинг Искандар ойнасига ўхшайди. Шу сабабдан сенга гўзаллик аҳлига ҳукмронлик қилиш маъқулдир.
Ошиқнинг қалбидаги илоҳий ишқ борган сари юқори чўққига кўтарилмоқда. У Маъшуқ васфини шу қадар чиройли таърифлайдики, ошиқ кўзига Маъшуқ жамолидан ўзга нарса кўринмайди. Маъшуқнинг лаби Жамшиднинг жомига, юзи эса Искандар ойнасига ўхшатилмоқда.
Бу ўринда афсонавий ривоятларга тўхтаб ўтилмоқда. Қадимда машхур Эрон подшоҳи Жамшид бутун оламни акс эттирувчи жомни ихтиро қилади ва бу жом “жоми гетинамо”, “жоми Жам(шид)” номлари билан юритилиб келинган. Мутасаввуфлар лабни илоҳий калом тимсоли сифатида билганлар. Бу илоҳий калом орқали барча илоҳий сир-асрорлар воқе бўлади. Айнан ғайб асрорларидан воқиф қалбни ҳам “жоми Жам”га ўхшатишган. Солик бу “жоми жаҳоннамо” қалбига назар солиб, унинг сирларидан огоҳ бўлади ҳамда қалбини ғурур ва ўзлигидан халос этиб, Дўст ишқи билан лиммо-лим тўлдиради. Афсонага кўра Искандар ойнаси ҳам бутун дунёни, дунёнинг жамики сир-асрорларини кўрсатувчи кўзгудир. Бу кўзгу ҳам ишққа қиёсланади. Искандар бу кўзгу воситасида оламни кўргани каби, ишқ туфайли назари тозарган ошиқ ҳам қаерга қараса, ёрни, яъни ҳақиқий ёр –Аллоҳни кўради. Байтда ушбу ривоятларга ишора қилиниб, ориф инсон қалби ҳам оламни ва илоҳий тажаллийни кўрсатадиган кўзгудир, чунки у ишқ, илоҳий сирлар, ҳикматларга тўла деган ғояни ифодалайди. Шунча сифатларга эга бўлган Маъшуққа энди бутун гўзаллар, ҳусндорлар устидан ҳукмронлик маъқул тушади. Бундан бошқа иш унга муносиб эмас. Бу ўринда гўзаллар, ҳусндорлар – қалби илоҳий ишққа лиммо-лим ориф қалб эгалари сифатида талқин этилмоқда.
Ушбу мисрада жоми Жамшид, мироти Искандар бирикмалари талмеҳ ҳамда ташбеҳ санъатларини, ҳусн, жамол сўзлари эса таносуб санъатини юзага чиқарган.
Агар йўқ одамилик мендаю ёримда, тонг эрмас,
Ки, мажнунда кишилик ё парида бўлмас инсонлик.
Агар менда ва ёримда одамилик бўлмаса, бу таажжубланарли эмас. Чунки мажнунда одамийлик ёки парида инсонлик бўлмайди.
Байтлар бир-бири билан ўзаро боғланиб борган сари, ошиқнинг Маъшуққа яқинлашиши, унинг лутфига сазовор бўлиши ойдинлашиб бормоқда. Ошиқ қалбидаги ишқ туғёнининг, алангасининг кучлилигидан ақлдан озар даражага етди. Маъшуқ ишқида эсидан айрилган девонага айланди. Лекин бу ҳодисанинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ҳақиқий ишқ бу ўзни унутиш, фақат ёр васлини исташ. Бундай ишқда ошиқ ва Маъшуқда одамийликдан, жисм-у жондан нишон қолмаса ҳам, бу ҳайратланарли эмас. Шу сабабли ақлдан озган мажнунда инсонийликдан заррача нишон қолмайди. Ёхуд парилар ҳам ҳеч вақт одамга айланиб қолмайди.
Ушбу мисрада менда, ёримда, пари, мажнун сўзлари орқали таносуб, ёрни парига тенглаштириш орқали муболаға санъатлари ифода топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |