Тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш:
Тадқиқот иши Андижон шаҳар № 6 умумтаълим мактабининг 3 “Б”,
3 “В”, 4 “Б” синф ўқувчилари билан амалга оширилди. Тажриба натижасида ўқувчиларнинг бадиий қадриятларни ўрганишга бўлган қизиқишларини фаоллаштиришда синф раҳбарининг иш фаолияти ўрганилиб, уларда касб танлаш, касбий билим ва тайёргарлик ишлари талаб даражасида амалга оширилади ва маъқулланади.
Тадқиқот ишининг таркибий тузилиши:
2 боб, 6 та бўлим, умумий хулосалар, фойдаланилган адабиётлар рўйҳати ва иловалардан иборат.
I БОБ. Ўқувчиларни бадиий қадриятларимизни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишнинг аҳамияти.
Мустақиллик туфайли амалга оширилган энг буюк тарихий ишлардан бири халқимиз маънавий меросининг тиклана бошлагани бўлди. “Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди”, деб таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов Республикамизда азалий қадриятларни тиклаш бўйича кенг кўламли жиддий тадбирларнинг амалга оширилиши жамиятимиз маънавияти “бино”сининг қад ростлашига муҳим омил бўлмоқда. Натижада, республикамизда маънавият соҳасининг янги тизими вужудга кела бошлади. Жумладан, “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази, “Таълим маркази”, “Ўзбеккино”, “Ўзбекнаво”, “Ўзбекрақс”, “Ўзбектеатр”, “Ўзбекмузей”, Бадиий академия, Ўзбек амалий санъати маркази, Миллий маданий марказлар, Ўрта Осиё маданият ходимлари ассоциацияси каби маданий – маърифий ташкилотлар ва кўплаб жамғармаларнинг тузилиши республика маънавияти асосий соҳаларининг таркиб топиши ва ривожланишига замин бўлди.
Дарҳақиқат, миллий қадриятларни тиклаш борасида амалга оширилаётган тарихий ишларимизнинг қамрови жуда кенг. Уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
- Қадимий тарихимизнинг ҳаққоний, чуқур ва ҳар томонлама ўрганилиши, совет даврида таъқиқланган тарихий мавзулардаги асарларнинг чоп этилиши халқимиз тарихини тиклашда муҳим аҳамият касб этмоқда;
Халқ одатлари, маросимлари ва байрамлари (Наврўз, Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити кабилар)нинг жорий этилиши халқ маънавий ҳаётига янги руҳ ва мазмун бағишламоқда; Диний қадриятларнинг тикланиши, эски масжид ва мадрасаларнинг таъмирланиши, янгиларининг барпо этилиши, диний адабиётларнинг нашр этилишига кенг имкониятлар яратилиши республикамизда виждон эркинлигини таъминламоқда;
- Дунё тараққиётига катта ҳисса қўшган аждодларимиз – буюк мутаффаккирлар, давлат арбоблари маънавий меросидан халқимиз фахр билан фойдалана бошлаши, жумладан, Имом Бухорий, Ат – Термизий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳовиддин Нақшбанд кабиларнинг асарлари халқимизга руҳий – маънавий қувват бермоқда. ЮНЕСКО ташаббуси билан жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган давлат арбоблари ва алломаларнинг таваллуд кунларини ўтказиш одамларда миллий фахр туйғуларини юксалтирмоқда;
- Оламшумул тарихий меъморчилик иншоотларининг кенг кўламда таъмирланиши, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларда ҳамда Қува, Челак туманларида тарихий меъморий ёдгорликларининг тикланиши, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг 2500 йиллигини нишонлаш тантаналари нафақат ватандошларимизда ғурур, шу билан бирга ватанимизга ташриф буюрган ажнабийларда ҳавас ҳиссини уйғотмоқда;
- Ўзбек тилининг давлат тили даражасига кўтарилиши дилни қувонтирмоқда. Ўз навбатида жаҳон тилларини ўрганиш эҳтиёжи бизни оламга “юз тутишимиз”га, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишимизга, умуминсоний қадриятларни янада кенгроқ ўзлаштиришимизга ёрдам бермоқда;
- Халқ ижоди, миллий амалий санъатимизнинг жонланиши, ватандошларимизни ва хорижликларни лол қолдирмоқда. Халқ ижоди бўйича республика ва ҳалқаро анжуманларнинг ўтказилиши, аждодларимиз мероси, миллий – ахлоқий маданият дурдоналари ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аждодларимиз меросини тиклаш бўйича қилинаётган кенг кўламли ишларимизни жаҳон ҳамжамияти тан олмоқда. Чунончи, бу борадаги оламшумул ишларимизни ўрганиш учун дунёнинг кўпгина мамлакатлари, Америка, Норвегия, Голландия, Франция, Германия, Туркия каби мамлакатлардан келган мутахассис олимлар бу борада амалга оширилаётган фаолиятимизга тахсин айтмоқдалар.
Хуллас, Ватанимизда мустақиллик йилларида миллий қадриятларни тиклаш – миллий онгни ўстириш ва ўзликни англашда энг долзарб масаладир. Шу сабабли маданий меросимиз бўлмиш халқ анъаналарини тиклаш Ўзбекистонда давлат сиёсати даражаси кўтарилган муҳим вазифага айланди.
Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг таълим – тарбия соҳасида миллий урф – одатлар, турли – туман анъаналарни, миллий қадриятларни янада ривожлантириш хусусида кескин бурилиш юз берди. Қадрият кенг қамровли, пурмаъно, хикматли сўздир. Ўз қадрини билган кишигина бошқалар қадрига етади. Демак, ўз миллий қадриятларини хурмат қилиб эъзозлаган, ривожлантириш ҳақида ўйлаган инсонгина ўша халқ вакили деган улуғ унвонга сазовор бўлади.
Миллий қадрият халқ ўтмишига, бугуни ва келажагига, фан ва маданият тараққиётига, миллий ахлоқ – одобга юксак ҳурмат белгисидир. Шу боис ҳозирги даврда таълим соҳасидаги долзарб вазифаларни бажаришда миллий қадриятларга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” таълим тизимида ўқувчиларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, улардан фахрланиш, ғурурланиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш биринчи навбатдаги ўта масъулиятли вазифа сифатида белгилаб берилган.
Қадрият инсоннинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қиладиган, шу боис инсоният томонидан қадрланадиган, маданий, маънавий, мафкуравий, сиёсий, иқтисодий омилларнинг мажмуидир.
Ҳар бир ўқув режасида миллий қадриятларни ўрганиш услубиётига доир алоҳида дарс ажратилади. Бу дарс давомида ўқувчиларни бадиий қадриятларимизни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишнинг чора тадбирлари кўриб чиқилади ва тадбиқ этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |