Байрам дарси
Ноанъанавий дарслар ичида байрам дарс деярли барча ўқув тадбирларида қўлланилиши мумкин бўлган самарали дарс ҳисобланади. Байрам дарсида қуйидаги ишлар амалга оширилади.
«Ўзбекистон Ватаним менинг» номли кеча ўтказиш бўйича тавсиялар:
1. Ўзбекистоннинг табиати, аҳолиси, хўжалигини акс эттирувчи икки қисмдан иборат маъруза тайёрлаш.
2. Ўзбекистонга бағишланган видеофильм намойиш этиш.
3. Ўзбекистоннинг табиий картасини макетини тайёрлаш.
4. Ўзбекистон гербини ипак билан тикиш.
5. Ўзбекистоннинг иқтисодий картасини ишлаш.
6. Қашқадарё вилояти табиий картасини ипак билан тикиш.
7. Ўзбекистоннинг саноати, қишлоқ хўжалигига бағишлаб альбомлар тайёрлаш.
8. Ўзбекистоннинг маданияти, табиат инъомлари ёритилган, фотоальбомини тайёрлаш.
9. Республика иқтисодиёти муҳим тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш, ўсиш, диаграмма ва картограммаларини тайёрлаш.
10. Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар карта чизмасини ишлаш.
11. Ўрта Осиёлик географ ва сайёҳларнинг расмлари ва таржимаи ҳолини тайёрлаш.
12. «Сиз ўз ўлкангизни биласизми?» номли журнал чиқариш.
13. Кечага атаб деворий газета чиқариш.
14. Иқлимга оид график ва диаграммалар тайёрлаш.
15. Тўгарак аъзоларининг бошқа шаҳарлар билан алоқасини акс эттирувчи карта чизмаси тайёрлаш.
16. «Таассуротлар дафтари» тайёрлаш.
17. Фаоллар залини кечага тайёрлаш.
18. Тўгарак аъзоларини қилган ишлари кўргазмасини ташкил этиш.
19. Кечага меҳмонларни таклифқилиш.
20. Кечага радио, газета, телевидениедан мухбирлар таклиф қилиш.
21 . Кеча навбатчиларига боғичли белги тайёрлаш.
22. Тайёрланган экспонатларни тушунтирувчи экскурсаводлар тайёрлаш.
Савол-жавоблар ўтказиш учун 100 дан ортиқ саволлар ёзиб, кечага оз муддат қолганда янгиликлар тахтасига осиб қўйилади. Шулардан 30 та савол ажратиб олинади.
Саволлар қуйидагича бўлади:
1. Ўзбекистоннинг чекка нуқталаридан қайси бири сиз яшаб турган жойга яқин?
2. Ўзбекистондаги энг баланд ва энг паст жойнинг номини айтинг?
3. Ўзбекистонда сўнгги йилларда қайси саноат тармоқлари янгидан бунёд этилди?
4. Америка қитъасини биринчи ким тасаввур этган?
5. Қайси вилоятда якка толали пахта етиштирилади?
6. Ўзбекистонда энг кўп ва энг кам ёнғин қаерларга тушади?
7. Қоракўл қўйлари қайси вилоятларда етиштирилади?
8. Ўзбекистонда газдан қайси соҳаларда фойдаланилмоқда?
9. Ўзбекистон чет элларга нималар чиқармоқда?
10. Ўзбекистон четдан нималар олиб келмоқда?
Йил давомида ўқувчилар олган топшириқлари бўйича бажарган ишлари юзасидан назорат қилиб борилади. Қилинган ишлар хусусий ва ялпи кўрикдан ўтказиб борилади. Етарли тайёргарлик кўрилгандан сўнг кеча белгиланади. Меҳмонларга таклифномалар берилади. Улар олий, ўрта мактаб ўқитувчилари, матбуот ходимлари, ота-оналардир.
Кечани тўгарак раиси кириш сўзи билан очади, Ўзбекистон мадҳияси куйланади. Унга ўқувчилар жўр бўладилар.
Ўзбекистоннинг географик ўрни, табиати ва табиий ресурслари ҳақида тўгарак аъзоси маъруза қилади. Ўзбекистон деганда гўзал ва сахий табиатнинг хилма-хил ресурслари, чўллари, оппоқ қорли тоғлари, далалар, чўллардаги қоракўл қўйлар, қадимий ҳаётни эслатувчи ёдгорликлар, янгидан бунёд этилаётган шаҳар ва қишлоқлар, янги саноат корхоналари кўз олдимизда гавдаланади. Нисбатан жанубда жойлашган ўлкамизнинг қиши бирмунча илиқ, ёзи эса иссиқ бўлади. Атрофдаги қўшни ҳудудлардан илиқ ҳаво массалари эсганда январда ҳам баъзан 20° - 25° даражада илиқ бўлади. Помир, Тяньшан тоғларидан бошланувчи Амударё билан Сирдарё ўлкамиз четидан оқиб ўтиб, унга обиҳаёт бағишлайди. Шундан сўнг ўқувчилар ўз чиқишларини шеърларда ифодалайдилар.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин,
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофга ёйганда гилам,
Асло йўқдир бундайин қўклам.
Далаларда бошланади иш,
Бошланади ижод ва турмуш.
Ҳ.Олимжон
Ўлкамиз шундай гўзал бўлиши билан бирга бепоён ҳамдир. Унинг майдонн 449,7 минг км кв бўлиб, Европадаги Буюк Британия, Дания, Нидерландия, Люксембург ва Швейцария каби давлатлар ҳудудидан катта ёки Ўзбекистон ҳудудига ўн битта Бельгия, ўн тўртта Швейцария каби давлатларни жойлаштириш мумкин.
Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистоннинг гўзал табиати, табиий бойликлари ва қулай географик ўрни туфайли бир неча бор босқинчилар ҳужумига дучор бўлди. Ўлкамизни Эрон шоҳлари, юнон, араб, мўғул қўшинлари жанг майдонига айлантириб, обод шаҳар ва қишлоқларимизни вайрон қилдилар.
Иқлими ҳақида сўз кетганда, Ойбекнинг «Ўзбекистон» шеъридаги қуйидаги мисралар мос келади ва йил фаслларини ҳам ифодалаб беради.
Бир ўлкаки, қишларида шивирлаб баҳор,
Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар.
***
Уфқларнинг зумрад кўзин ўпар пахтазор.
Ўқигин ва сев. Бунинг исми «Ўзбекистон» ёки Амир Умарийнинг «Баҳор» шеърида акс этган.
Қуёш оловини ёқа бошлади,
Қорлар асал, эриб кетдилар.
Сувлар шилдир-шилдир оқа бошлади.
Кумуш булутлар юриб кетдилар.
Уйғуннинг «Куз қўшиғи» шеърида:
Ҳар фаслнинг ўз хислати бор,
Ҳар фаслнинг ўз фазилати.
Кумуш қишдан, зумрад баҳордан,
Қолишмайди кузнинг зийнати.
Кўк ювилган, артилган шиша,
Сувлар тиниқ, япроқлар олтин.
Шакар қовунларнинг майин ҳидлари,
Сабо билан тарқалар секин .........
Ғофур Ғуломнинг «Ўзбекистон» шеърида
Севикли Ватаним Ўзбекистоним,
Буюк Шарқ ичра зеб кўркисан.
Гўзал ободсан, тўқсан, маданий
Қизларнинг қош узра қийғоч буркисан.
Зарафшон дарёси кўпинча лойқа, бўтана бўлиб оқади. Сувингдан баҳра олмай, қанча ер қақраб кетади, деганда Оҳалик, Карнаб чўллари кўзда тутилган бўлса керак. Аслида, Самарқанд, Бухоро шу дарёдан сув ичади. Сувнинг бир томчиси ҳам бекорга кетмайди. Шеърият билан ошно бўлиш ҳар бир фан ўқитувчиси билими ошишига, нутқининг бойишига ҳамда маънавий ўсишига ёрдам беради.
Гўзал Ўзбекистон бир олтин диёр,
Инсон не истаса, бари бунда бор.
Дунёни безашга етар пахтаси,
Бунда ҳар бир одам пахта устаси.
Шундан сўнг қизлар пахта рақсини ижро этадилар. Мирзачўлда биринчи суғориш канали 1872 йилдан қурила бошлаган, 13 км узунликдаги ариқ етти йил қазилган. 1885 йилда рус князлари қуришади. 1891 йилда 27 км узунликдаги Янги канал қурилиб ишга туширилади. Бу маросимдан уч кун ўтиб, Сирдарё туғонини ўпириб, канални ювиб кетади.
Шоир Акмал Пўлат Мирзачўлни ўзлаштиришни ўз шеърида шундай ифодалайди.
Ёмғир ювар баланд тоғлар тошини,
Биз тўхтатдик, Мирзачўл кўз ёшини.
Сувни қилдик ташна лабга муҳайё,
Бахил эмас, энди саҳий Сирдарё.
Қувмоқдамиз, чекинмоқда бу оч чўл,
Йилдан-йилга яшнамоқда, ҳосил мўл.
Ўзбекистоннинг Янги ўзлаштирилган ерлари билан бирга биз юқорида таърифланган Фарғона, Зарафшон, Чирчиқ каби гўзал водийларни ҳақли равишда Ўзбекистон «Швейцарияси» десак бўлади.
Сўнгра иккинчи маърузачи Мирзачўл хўжалик соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапиради. 25 млн аҳолиси бўлган Ўзбекистон ундан кўра ўн беш баробар аҳолиси кўп бўлган Бразилия, Покистон, Туркия, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Сальвадор, Греция, Италия, Испания сингари давлатларнинг биргаликда етиштирадиган пахтасидан кўп пахта етиштирмоқда. Ўзбекистон пахта ҳосилдорлигига кўра дунёда иккинчи, ялпи ҳосил бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллайди. Пахта етиштириш бўйича учинчи ўриндадир.
Мамлакатимиз мустақилликдан сўнг нефт мустақиллигигига эришди. Газ билан республика аҳолисини таъминлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Нефть-газ-кимё комплекслари пайдо бўлмоқда. Четга ҳам газ маҳсулотлари чиқарилмоқда. Рангли металл ишлаб чиқариш жадал ўсмоқда. Саноатда чет эл инвестициялари ишга солиниб, қўшма корхоналар қурилмоқда.
«Ўзбекистон — менинг Ватаним» номли кеча охирида меҳмонлар сўз олишиб, ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирадилар. Кечада фаол иштирок этган ўқувчилар рағбатлантирилади. Бундай кечалар ўқувчилар билимини мустаҳкамлайди. Ватанга, одамларга, меҳнатга муҳаббат руҳини оширади. Ота-оналар билан мактабнинг алоқасини мустахкамлайди.
Умуман тарбиявий соат дарсида:
1. Ўқувчиларнинг - дарс жараёнида олган билимларини кен-
гайтириб мустахкамланади.
2. Ўқувчилар дарсликдаги маълумотлар билан чегараланиб қолмай, уни ранг-баранг маҳаллий ўлка материаллари билан бойитиб борадилар.
Ҳар ўзбекнинг ҳовлисида,
Ариқ оқар шилдираб.
Айвонлари тегарагида
Бола борар пилдираб.
Ҳар ўзбекнинг ҳовлисини
Гилам каби гул безар,
Какликларнинг шўх сасини
Тинглаб чоллар чой сузар.
Do'stlaringiz bilan baham: |