КЎРГАНИ КЕЛМОҚЧИ БЎЛГАН ОДАМЛАР
Абдукарим акам ва Шоирахонларга
Кимга ҳам ҳавасдир бу беморхона,
Ҳадикда ўтади ҳар он, ҳар нафас.
Дўстлари йўқлайди, яқин, бегона
Ва лекин ҳамма ҳам имкон тополмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Сал хабар топдими, йўқлашга шошар,
Қай ҳолда экан, деб дилга яқин кас?
Ҳар нени унутиб, талпинар-тошар,
Бироқ йўқлагани журъат тополмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Балки у аёлдир – ўзга бир жинсдан,
Мусаффо юраги қистар басма-бас.
Чиқиб кетолмайди ундан бехосдан,
Аёллик либоси – ҳаё йўл қўймас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Бириси оғам дер, бириси – тоғам,
Бириси шунчаки таниш, ҳамнафас.
Бундай одамларга эгилар тоғ ҳам,
Кўргиси келар-у, фурсат тополмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Шундай бир одам бор – дил кўзи кўрар,
Баъзи бир кўзлари очиқлар кўрмас.
– Тузукмисиз? – дея қўнғироқ қилар,
Кўргиси келар-у, лекин кўролмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Дейдилар: ҳар ненинг ўз давоси бор,
Дунёда чорасиз ҳеч не топилмас.
Қалбида меҳри бор, муддаоси бор,
Дардингни олишга чора тополмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Мен ҳам меҳрингизни соғиндим жуда,
Дилдан ўтганини айтмасам бўлмас.
Икки дил риштасин боғлайди Худо,
Ўзига осондир, ҳеч нарса эмас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар.
Сизга садқа бўлсин, жон бўлсин фидо,
Минг бор таъзим қилсам, қарзим узилмас.
Мен ҳам бормоқчиман Сиз томон, аммо
Қаттиққўл шифокор бунга йўл қўймас –
Кўргани келмоқчи бўлган одамлар...
2019 йил
4 август
Ч Е Г А Р А
Бу дунёда ҳар нарса – мезон,
Сал чуқурроқ ўйлаб қарасанг.
Ён-верингга назар сол, инсон –
Ҳар нарсанинг бор чегараси.
Тонгда чиқиб, оқшомда ботар,
Қуёш тутар қалбин порасин.
Кимдир беғам, кўп ухлаб ётар,
Кундузнинг ҳам бор чегараси.
Тонг отишин интизор кутар
Тунда азоб бериб яраси,
Тунлар ўтар, беморлик ўтар –
Зулматнинг ҳам бор чегараси.
Ҳеч бир онни зое этмагин,
Ибодат қил агар ярасанг.
Лекин динда чуқур кетмагин –
Сиғинмоқнинг бор чегараси.
Чегарачи бўлсанг, бедор бўл,
Ҳудудингни ҳеч зоғ бузмасин.
Ватан учун чин вафодор бўл –
Мамлакатнинг бор чегараси.
Севганинггга ҳар кун гул тутма,
Йўлларингга хумор қарасин.
Шу нарсани ҳеч вақт унутма –
Муҳаббатнинг бор чегараси.
Танти ҳар кун дастурхон ёзар,
Эҳсонидан меҳмон яйрасин.
Ҳасдгўй-чи, чоҳ – чуқур қазар –
Саховатнинг бор чегараси.
Кўп куттирма онаизорни,
Йўлларингга қараб толмасин.
Кафтингда тут ул интизорни –
Сабрнинг ҳам бор чегараси.
Меҳр берсанг, меъёрини бил,
Қалб жомидан тошиб кетмасин.
Муҳаббатдан яйраса-да дил –
Меҳрнинг ҳам бор чегараси.
Имкон бергин хато қилганга,
Гуноҳини билсин, англасин.
Кечирмоқ ҳам сабоқ билганга –
Қаҳрнинг ҳам бор чеграси.
Бу мавзуга қўйдим кўпнуқта,
Эзмаликдан Тангри асрасин.
Қолганини қилинглар пухта –
Мавзунинг ҳам бор чегараси...
2019 йил
4 август
Do'stlaringiz bilan baham: |