VI.3. СОТИБ ОЛИНГАН ХУСУСИЙ АКЦИЯЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ. Баъзи ҳолларда акционерлик жамиятлари илгари сотган ўз оддий ва имтиёзли акцияларни кейинчалик сотиш ёки бекор қилиш мақсадида акция эгаларидан сотиб оладилар. Бундай муомалаларни ҳисобга олиш учун қуйидаги ҳисобварақлар белгиланган:
8610 - «Сотиб олинган хусусий акциялар-оддий» ҳисобварағи
8620 - «Сотиб олинган хусусий акциялар-имтиёзли» ҳисобварағи
Ўзининг акцияларини сотиб олишни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар устав капиталини ҳисобга олувчи ҳисобварақларга нисбатан контрпассив ҳисобварақ ҳисобланиб, акциядорлар жамиятининг акциядорлик капиталининг камайишини кўрсатади ва балансда кўрсатиладиган устав капитали суммасидан чегириладиган сумма ҳисобланади.
Сотиб олинган ўз акциялари уларнинг қайта сотилиши вақтигача хеч қандай хуқуқга эга эмаслар (овоз бериш , мулк, дивидендлар олиш, субъектни тугатиш вақтида акциядорлар жамияти активининг улуши хуқуқига). Агарда акциялар номинал қийматда ёки ундан юқори баҳода сотилиб кейинчалик эмитент (жамият) томонидан қайта сотиб олинган бўлса, бошланғич эмиссия жараёнига зид равишда номинал қийматидан паст баҳода сотилиши мумкин.
8610 - «Сотиб олинган хусусий акциялар-оддий», 8620 - «Сотиб олинган хусусий акциялар-имтиёзли» ҳисобварақларининг дебет томонида эмитент (жамият) томонидан сотиб олинган ўз акцияларининг қиймати хақикий сотиб олиш баҳосида ҳисобга олинади. Сотиб олинган ўзининг акциялари сотиб олиш баҳосидан юқори баҳода қайтадан сотилса, ушбу муомалалар натижасидаги сотиб олиш ва қайта сотиш баҳолари ўртасидаги фарқ суммаси 9590 - «Молиявий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар» ҳисобварағининг кредит томонидан акс эттирилади.
Агарда сотиб олинган ўзининг акциялари сотиб олиш баҳосидан кам баҳога сотилса, ушбу муомаладаги баҳолар ўртасидаги фарқ зарар сифатида 9690 - «Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар» ҳисобварағининг дебет томонида қайд қилинади.
8600 - «Сотиб олинган хусусий акциялар» ҳисобварақлари бўйича аналитик ҳисоб акциянинг хар бир тури ва акция эгалари бўйича айрим олган ҳолда юритилади.
1-мисол. Акциядорлардан уларга оддий акцияларнинг келишилган баҳода нақд пулда сотиб олиниши:
Д-т 8610 - «Сотиб олинган хусусий акциялар- оддий» ҳисобварағи
К-т 5010 - «Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағи
2-мисол. Илгари сотиб олинган ўзининг оддий акцияларини сотиб олиш баҳосидан арзон баҳода қайта сотилиши акс эттирилди:
Д-т 5010 - «Миллий валютадаги пул маблағлари» ҳисобварағи
К-т 8610 - «Сотиб олинган хусусий акциялар- оддий» ҳисобварағи
фарқ суммасига:
Д-т 9690 - «Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар» ҳисобварағи
К-т 8610 - «Сотиб олинган хусусий акциялар оддий» ҳисобварағи