НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИНГ ЭСКИРИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
Номоддий активларга оид эскириш миқдори уларнинг амортизацияланадиган қиймати, фойдали хизмат муддати (корхона фаолиятидан ошмаган муддат) дан келиб чиқиб ҳисобланган меъёрлар бўйича ҳар ойда ҳисобланади. Фойдали хизмат муддатини аниқлаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича эскириш меъёри 5 йил муддат (корхона фаолиятидан ортиқ бўлмаган муддатда) ҳисобида ўрнатилади. Номоддий активларга эскириш ҳисоблаш 7-сон «Бухгалтерия Ҳисобининг Миллий Стандарти»га асосан тартибга солинади. Амортизацияланадиган қиймат тизимли равишда номоддий активнинг жами фойдали хизмат муддатига тақсимланади. Бу муддат корхона ишлаб турган давр мобайнида дастур маҳсулотлари, монопол ҳуқуқлар, маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқалардан фойдаланиш даврининг давомийлига боғлиқ.
Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида номоддий активнинг фойдали хизмат муддатини қайта кўриб чиқиш зарур. Агар таҳлиллар дастлабки баҳолашлардан катта фарқ қилса, жорий ва келгувси даврлар учун амортизация суммасини ошириш ёки камайтириш зарур. Номоддий активларга ҳисобланган эскириш суммалари ишлаб чиқариш ҳаражатлари, муомала ҳаражатлари, маъмурий ҳаражатлар, капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг дебетига ва 0510-0550 - «Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварақларининг кредитига ёзилади.
Корхонага мулкчилик асосида тегишли бўлган номоддий активларнинг объектлари бўйича жамғарилган амортизация тўғрисидаги маълумотлар қуйидаги ҳисобварақларда умумлаштирилади:
0510-«Патент, лицензия ва нау-хаунинг эскириши»
0520-«Савдо маркалари, товар белгилари ва саноат намуналарининг эскириши»
0530-«Дастур билан таъминлашнинг эскириши»
0550-«Ташкилий ҳаражатларнинг эскириши»
0560-«Франчайзнинг эскириши»
0570- «Муаллифлик хуқуқларининг эскириши»
0590-«Бошқа номоддий активларнинг эскириши»
Номоддий активлар чиқиб кетганда (сотилганда, ҳисобдан ўчирилганда, текинга берилганда) улар бўйича ҳисобланган эскириш суммаси:
Д-т 0510-0590-«Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварақлари
К-т 9220-«Бошқа активларнинг тугатилиши» ҳисобварағи ўтказмаси орқали ҳисобдан чиқарилади.
Номоддий активлар бўйича ҳисобланган эскириш ҳисобварақларда қуйидагича акс эттирилади:
1. Асосий ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган объектлар бўйича эскириш ҳисобланди:
Д-т 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи
К-т 0510-0590-«Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварағи
2. Ёрдамчи ишлаб чиқаришда қўлланилаётган объектлар бўйича эскириш ҳисобланди:
Д-т 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағи
К-т 0510-0590-«Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварағи
3. Бошқарув мақсадларида фойдаланилаётган объектлар бўйича эскириш ҳисобланди:
Д-т 9420-«Маъмурий ҳаражатлар» ҳисобварағи
К-т 0510-0590-«Номоддий активларнинг эскириши» ҳисобварағи
4. Номоддий активлар чиқиб кетганда жамғарилган амортизация суммасини ҳисобдан чиқариш:
Д-т 9220-«Бошқа активларнинг тугатилиши» ҳисобварағи
К-т 0510-0590-«Номоддий активларнинг амортизацияси» ҳисобварағи.
Do'stlaringiz bilan baham: |